Бизнес-омбудсман: Тадбиркорлар фаолиятида 124 минг 123 та текширув ўтказилган

АОКАда Бизнес-омбудсман девони томонидан брифинг ташкил этилди. Унда 2023 йил давомида тадбиркорлар фаолиятида ўтказилган текширувлар таҳлили ҳақида маълумот берилди.

Қайд этилганидек, бугунги кунда назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар Бизнес-омбудсман томонидан мувофиқлаштириб келинмоқда. 

2023 йилда назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлар фаолиятида жами 124 минг 123 та текширув ўтказилган бўлиб, шундан 2 минг 399 таси келишилган ҳолда, қолган 121 минг 724 таси хабардор этилган ҳолда ўтказилган. 

Ўтказилган текширувларнинг 78 фоизи юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатига асосан, 22 фоизи хавфни таҳлил этиш натижаларига асосан ўтказилган. Бизнес-омбудсманга назорат қилувчи органлар томонидан текширувларни келишиш учун “Ягона давлат назорати” ахборот тизимига киритилган жами 4 минг 703 та буюртмадан 2 минг 399 таси келишилган. Қолган 2 минг 304 таси текширув ўтказиш учун қонуний асослар мавжуд бўлмагани сабабли рад этилган. 

Тадбиркорлар фаолиятида 2023 йилда амалга оширилган текширувлар сони 2022 йил даврига нисбатан 42 минг 914 тага камайгани кузатилди. 

Текширувлар қонунийлиги юзасидан ўтказилган мониторинг доирасида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича 1 минг 303 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий жазо ҳамда 70 нафар ходимга интизомий жазо чоралари қўлланилган. 

2023 йилда тадбиркорлик субъектлари томонидан энг кўп такрорланган ҳуқуқбузарликлар юзасидан “Ягона давлат назорати” ахборот тизими орқали таҳлил қилинганда 62 минг 530 та ҳолатда солиқ қонунчилигига риоя қилмаслик, 14 минг 300 та ҳолатда ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилмаслик, 1 минг 299 та ҳолатда экология талабларига риоя қилмаслик ҳамда 1 минг 254 та ҳолатда санитария-эпидемиология талабларига риоя қилмаслик ҳолатлари аниқланган. 

Гулноза Бобоева, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech