5 июнь – Жаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни
Ҳар йили 5 июнь Жаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни сифатида нишонланади.
Ушбу санада барча экологлар, атроф-муҳит муҳофазаси ташкилотлари жаҳон ҳамжамияти эътиборини экологик муаммоларга жалб қилади, шунингдек соҳага сиёсий қизиқишни, айни йўналишдаги тегишли қадамларни рағбатлантиришни тарғиб этадилар.
1972 йил 5 июнь куни инсон муҳити муаммоси бўйича Стокгольм конференцияси бошланган.
Бош Aссамблея ўз резолюциясида БМТ тизимидаги давлатлар ва ташкилотларни ҳар йил шу куни атроф-муҳитни асраш ва яхшилашга содиқлигини тасдиқловчи тадбирлар ўтказишга чақиради.
2024 йил Жаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни “Бизнинг диёр. Бизнинг келажак”, “Вақтни орқага қайтара олмаймиз, лекин ўрмонларни ўстиришимиз, сув манбаларини, соғлом тупроқни тиклашимиз мумкин. Биз ер билан тинчлик ўрнатишга қодир авлодмиз”, шиорлари остида ўтказилди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Aтроф-муҳит бўйича дастури (ЮНЕП) бошчилигида 1973 йилдан бери мунтазам ўтказиб келинаётган бу кун эндиликда бутун дунё бўйлаб миллионлаб одамлар сайёрамизни муҳофаза қилишда иштирок этадиган энг йирик глобал экологик платформага айланган.
Жорий йил Саудия Aрабистони тадбирларга мезбонлик қилди. 2024 йил БМТ Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенцияси қабул қилинганига 30 йил тўлади. Ташкилот маълумотига кўра, ер юзи экология тизими хавф остида, ўрмон, қуруқликдан тортиб, қишлоқ хўжалиги ерлари ва кўллар – инсоният билан боғлиқ табиий бўшлиқлар қайтариб бўлмайдиган ҳолатга яқин.
Конвенциясига кўра, сайёрамизда ернинг 40 фоизи деградацияга учраган ва бу жами аҳолининг ярмига бевосита таъсир кўрсатмоқда. 2000 йилдан бери қурғоқчилик давомийлиги 29 фоиз ошди. Aгар шошилинч чоралар кўрилмаса, 2050 йилга келиб қурғоқчилик дунё аҳолисининг 75 фоиздан кўпроқ қисмига таъсир кўрсатиши мумкин.
Ерни қайта тиклаш БМТнинг экология тизимини тиклаш ўн йиллиги (2021-2030) шартларидан биридир. Мазкур ўн йилликнинг мақсади ҳар бир қитъа ва океанда экотизим деградациясининг олдини олиш, ушбу жараённи тўхтатиш ва қайтаришдир.
БМТ шу асрда глобал исишни 1,5°C дан паст даражада ушлаб туриш ва 2030 йилга келиб, йиллик иссиқхона гази чиқиндисини икки баробар камайтириш зарурлигини таъкидламоқда. Ҳаракат қилинмаса, ҳавонинг хавфсиз даражадан юқори ифлосланиши ўн йил ичида 50 фоиз ошади ва 2040 йил сув экотизимига кирувчи елим чиқинди миқдори уч баробар ортади.
Жаҳон атроф-муҳит куни муносабати билан БМТ Бош котиби Aнтониу Гутерриш экотизим бузилишига қарши курашни кучайтиришга чақирди.
– Ифлосланиш, иқлим бетартиблиги ва биологик хилма-хиллик йўқолиши соғлом ерни чўлга, гуллаб-яшнаган экотизимни ўлик ҳудудга айлантирмоқда, – деди у ижтимоий тармоқдаги саҳифасида. – Мамлакатлар бузилган экотизимни тиклаш бўйича мажбуриятини бажариши керак. Ҳаракатсизлик жуда қимматга тушади.
ЮНЕСКО ҳам атроф-муҳит ифлосланишининг ҳалокатли оқибатига эътибор қаратди:
– Табиат азоб чекмоқда. Океан елим идиш билан тўлган. Қурғоқчилик, ўрмон ёнғини ва тошқин бутун ер юзидаги ҳаётга таҳдид соляпти. Бугун қилган ишимиз эртага дунёмизни қутқариши мумкин. Табиат билан муроса қилиш вақти келди.
Бир сўз билан айтганда, Жаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни барчани сайёрамиз олдидаги масъулият нақадар кучли эканини эслатиб туради. Ҳар бир инсон турмуш тарзи ҳақида ўйлаши, экология мувозанатини сақлашга ҳисса қўшишини талаб этади.
Г.Сатторова, ЎзА
- Қўшилди: 06.06.2024
- Кўришлар: 1568
- Чоп этиш