Музликлар сайёрамиз иқлимини шакллантириш, миллиардлаб одамни тоза сув билан таъминлашда муҳим ўрин тутади. Афсуски, глобал исиш туфайли ер юзасидаги музликлар жуда тез эримоқда. Шу боис, иқлим ўзгариши оқибатида муз, чучук сув камайиши, дарёлар қуриши, серҳосил ер майдонлари даштга айланиши инсоният сўнгги даврда дуч келаётган ўта кескин масалага айланди.
Эндиликда мазкур муаммога ечим топиш зарурлиги ҳақида бот-бот жар солинмоқда. Шундай чақириқлардан бири яқинда БМТ минбаридан яна бир бор янгради.
Маълумки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тожикистон ташаббуси билан 2025 йилни “Халқаро музликларни сақлаш йили” сифатида эълон қилди.
Айни ташаббусга ташкилот янгиликлари сайтида 21 январь куни расман старт берилди. Шу тариқа, БМТ халқаро ҳамжамиятнинг иқлим тизими ва гидрологик туркумдаги музликлар ҳаётий аҳамияти, шунингдек Ер криосферасидаги ўзгаришнинг иқтисодий, ижтимоий ва экологик оқибатидан хабардорлиги ошишидан умид қилмоқда.
Музликлар – чучук сувнинг асосий манбаи
Музлик – қуруқликда ҳосил бўладиган ва ўз оғирлиги остида ҳаракатланиши мумкин бўлган улкан муз ва қор тўплами бўлиб, барча қитъаларда – тоғли ҳудудлар, Гренландия ва Антарктика чеккаларида жойлашган. Жами 275 мингдан ортиқ музлик тахминан 700 минг квадрат/километр жойни эгаллаб, дунёдаги чучук сувнинг қарийб 70 фоизини ташкил қилади.
Ер куррасидаги 2 миллиарддан ортиқ одамнинг ҳаёт кечириши муз ва қор эриши билан боғланган. Бу жараён уларни ичимлик ва деҳқончилик учун зарур сув билан таъминлайди. Шу боис музликларни сақлаш экология ва иқтисодий барқарорлик учун жуда муҳим аҳамиятга эга.
Музликлар – иқлим ўзгариши кўрсаткичининг асоси
Илим ўзгаришининг сезгир кўрсаткичи сифатида, музликлар, ҳарорат ошиши туфайли бутун дунё бўйлаб чекинмоқда. Мазкур жараён XIX аср ўрталари – Кичик музлик даврининг охирида бошланган. Гарчи, турли вақт ва минтақаларда музлик ҳажмининг қисқа муддатли ўсиши кузатилган бўлса-да, атмосферада иссиқхона гази аралашмаси ортиб бориши, тез глобал исиш туфайли чекиниш тезлашган. Юқори глобал ҳарорат қор тўпланадиган фаслларни қисқартириб юборган.
Тоза сув борган сари камаймоқда
Иқлим ва криосфера ўзгариши сув айланиши, жумладан музлик ва қор эриши ҳамда ер ости суви захираси тўлдирилишига салбий таъсир қилиб, денгиз сатҳини кўтаради. Музликлар қисқариши ва қор қоплами юпқалашиши натижасида чучук сув камаяди. Шу тариқа қурғоқчил ҳудудларда сув ресурслари учун рақобат, низолар кучаяди.
Абадий музликлар эриши билан боғлиқ янги таҳдидлар
Иқлим ўзгариши табиий хавф кетма-кетлигига таъсир қилади. Тоғ ён-бағирлари барқарорлиги тошқин хавфи юқори тоғли ҳамда субарктик минтақаларда музликлар чекиниши ва абадий музлик эриши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бундан ташқари, муз эриши кўлларни тошириб, кўчки ёки тупроқ эрозиясини кучайтиради.
Тожикистон ташаббуси ҳақида
Бугунги кунда Тожикистондаги музликлар Марказий Осиё минтақасидаги ичимлик сувининг асосий манбаи ҳисобланади. Афсуски, бу ҳуддудда ҳам сўнгги пайт эриш тезлашган. Маълумотга кўра, тоғлардаги мавжуд 14 000 музликдан мингга яқини бутунлай эриб кетган. Бундай ташвишли вазият мамлакат расмийларини “Халқаро музликларни сақлаш йили” ташаббуси билан чиқишга ундади.
Жорий йил Душанбеда айни муаммога бағишланган халқаро конференция ўтказилади.
Зудлик билан ҳаракат қилиш вақти келди
Музликлар мисли кўрилмаган тезликда чекиниб, дунё ландшафтини ўзгартирмоқда. Атроф-муҳит барқарорлигидаги муҳим ролига қарамай, мамлакатлар ўз сиёсатини шакллантиришда доим ҳам тегишли муаммолар, юзага келиши мумкин бўлган оқибатларни ҳисобга олмаяпти.
БМТ музликларни иссиқхона гази чиқиндисини камайтириш, мослашиш ва олдини олиш стратегияларини қабул қилиш орқали ҳимоя қилиш ва сақлаш мумкинлигини таъкидламоқда. Мавжуд тажриба ва билим, метеорологик маълумот ва илмий таҳлиллардан фойдаланиш зарур сиёсат ишлаб чиқиш учун ҳар томонлама, инклюзив асос яратади.
Бундай шароитда музликларни муҳофаза қилиш бўйича асосий чора-тадбирлар қўриқланадиган ҳудудлар ташкил этиш, тизимли мониторинг олиб бориш, ердан фойдаланишнинг экологик тоза амалиётини жорий этиш, сув ресурслари комплекс бошқарувини амалга ошириш, криосфера хавф-хатарларига қарши курашиш учун огоҳлантириш тизимларини ишлаб чиқиш тақозо этилади.
С.Раҳимов,
ЎзА
- Қўшилди: 28.01.2025
- Кўришлар: 252
- Чоп этиш