Шу йил 9 апрелда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари кенгаши томонидан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари М.Бачелет билан COVID-19 инқирозининг бутун дунёда инсон ҳуқуқларига амал қилинишига нисбатан таъсирига бағишланган илк виртуал норасмий мулоқот ташкил этилди. Мулоқотда мамлакатимизнинг Доимий вакили ҳам иштирок этди.
БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши раиси, Австриянинг Женевадаги Доимий вакили Э.Тихи-Фисльбергер ўзининг кириш сўзида COVID-19 пандемияси туфайли жаҳон ҳамжамияти илгари кузатилмаган таҳдидларга дуч келганини ва бу таҳдидлар сайёрамизнинг исталган ҳудудида жамият ва иқтисодиёт негизларининг ишдан чиқишига олиб келиши мумкинлигини қайд этди.
Ҳозирги вазиятда мамлакатлар, бир томондан, инсон соғлигини асраш, ҳаётини ва яшаш учун зарур манбаларни сақлаб қолиш, иккинчи томондан, шахсий ҳаёт дахлсизлиги, ҳаракатланиш эркинлиги ва тинч йиғилишлар ўтказиш ҳуқуқини таъминлаш ўртасида ўта қийин муроса йўлини излаб топишларига тўғри келмоқда.
Олий комиссар М.Бачелет ўз мурожаатида COVID-19 пандемиясидан энг кўп зарар кўрган аҳолига ёрдам кўрсатишга қаратилган саъй-ҳаракатлардан ҳеч ким четда қолмаслиги зарурлигини таъкидлади. Унинг фикрича, жамиятни тиклаш стратегиясининг пухталик билан ишлаб чиқилиши жуда муҳимдир.
Олий комиссар бу глобал эпидемияга қарши самарали курашиш борасида қўшма ва глобал ёндашув талаб этилишига эътиборни қаратди. "Пандемия жамиятдаги тенгсизликнинг вайронкор таъсирини кучайтирмоқда, вируснинг кенг тарқалиши оқибатида юзага келаётган глобал кўламдаги хавф-хатар эса умумжаҳон миқёсидаги ва осон тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятини яратиш заруратининг энг ишончли далилидир", деди у.
М.Бачелет тенгсизликнинг янада ўсиши билан боғлиқ салбий оқибатларни камайтириш мақсадида мамлакатлар томонидан ижтимоий-иқтисодий чора-тадбирлар мажмуи қабул қилинишига доир ғояни қўллаб-қувватлади.
Шу билан бирга, Олий комиссар инқироз даврида фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқларга амал қилиниши муҳимлигини ҳам таъкидлади. Хусусан, унинг айтишича, айрим мамлакатлар томонидан чекланмаган муддатли фавқулодда вазият тартиби («муддатсиз чеклов чоралари») жорий этилиши, шунингдек сўз эркинлиги соҳасида кузатилаётган жиддий сиқувга олиш ва оммавий ахборот воситалари фаолиятига аралашиш ҳолатлари ўта ташвишлидир.
М.Бачелет мурожаати якунида БМТ Бош котиби А.Гутерришнинг қуйидаги сўзларини иқтибос келтирди: «биз барчамиз янада инклюзив ва барқарор иқтисодиётни қайтадан барпо этишимиз ҳамда ларзаларга бундан ҳам бардошли жамиятни шакллантиришимиз зарур».
Мунозараларда бир қатор мамлакатлар ва турли ноҳукумат ташкилотлар вакиллари ўз шарҳ ва саволлари билан иштирок этди.
Шундай қилиб, барча чиқишларнинг асосий мазмунини умумлаштирган ҳолда, қуйидагича мухтасар ифодалаш мумкин:
- ҳуқуқ устуворлигини, гендер тенглик ва инсонпарварлик принципларига амал қилинишини таъминлаш зарур;
- рақамли кузатув технологияларидан фойдаланилиши халқаро ҳуқуққа мувофиқ бўлиши лозим, пандемия рақамли назоратни кучайтириш учун бир баҳона бўлиб қолмаслиги керак;
- COVID-19 билан боғлиқ чекловлар ҳуқуқларнинг камситилишига олиб келишига йўл қўйиш мумкин эмас, пандемия муносабати билан кўриладиган чоралар мутаносиб, муддати чекланган, шаффоф ва мунтазам қайта кўриб чиқиладиган бўлиши даркор;
- карантин чоралари ёки фавқулодда вазият тартиби амал қиладиган даврда инсон ҳуқуқларини таъминлаш масалаларида парламентлар, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг роли сақланиши муҳим ҳисобланади.
Ғулом Мирзо тайёрлади
- Қўшилди: 14.04.2020
- Кўришлар: 4318
- Чоп этиш