АОКАда Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили ахборот хизмати раҳбари Рушана Алиакбарова иштирокида ўтказилган брифингда жорий олти ойлик фаолият юзасидан маълумот берилди:
2024 йилнинг биринчи ярим йиллигида Болалар омбудсмани котибиятига бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши юзасидан жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан болалар ҳамда уларнинг қонуний вакиллари томонидан жами 471 та мурожаатлар келиб тушган.
Мурожаатларнинг 227 таси ёки 48,2 фоизи Болалар омбудсмани котибияти қабулида, шундан Болалар омбудсмани шахсий қабулида 87 та мурожаат қабул қилинган.
Шунингдек, 83 таси ёки 17,6% почта, 37 таси ёки 7,9% Президентнинг Виртуал қабулхонаси, 74 таси ёки 15,7 % электрон почта ҳамда 50 таси ёки 10,6 % Котибият телефони орқали қабул қилинган.
Шахсан болалардан келиб тушган мурожаатлар 26 та ёки 5,5 % бўлиб, вояга етмаган қиз болаларнинг улуши 17 тани ташкил этган. 25 та мурожаат (5,3%) жамоавий юборилган.
465 та мурожаат Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан, 3 таси чет эл фуқароси томонидан, 3 таси Россия Федерациясининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили томонидан йўлланган.
Ўз навбатида, келиб тушган мурожаатларнинг 422 таси Болалар омбудсмани томонидан назоратга олинган. 15 таси тегишлилиги бўйича юборилди.
Назоратга олинган мурожаатларнинг:
– 101 таси ёки 21,4 фоизи ижобий ҳал этилди;
– 198 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди;
– 123 таси кўриб чиқиш жараёнида.
Мурожаатлар мазмунига келадиган бўлсак:
• 84 та болани зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга оид (шундан вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик қилишга оид 20 та, педагог ходимнинг зўравонлигига оид 22 та, ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахснинг зўравонлигига оид 18 та, яқин қариндошларнинг зўравонлигига оид 8 та, тенгдошларнинг зўравонлигига оид 5 та, бошқа шахсларнинг зўравонлигига оид 8 та, ҳимоя ордери тақдим этилишига оид 3 та);
• 26 та боланинг эркинлиги ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқини таъминлашга оид (шундан боланинг одам савдоси қурбони бўлишига оид 2 та, никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилиши (эрта никоҳ)га оид 4 та; боланинг шаъни, қадр-қимматини ҳамда шахсий ҳаёт дахлсизлигини ҳимоя қилишга оид 17 та);
• 17 та боланинг индивидуалликка ва уни сақлаб қолишга бўлган ҳуқуқини таъминлашга оид;
• 2 та болани ҳуқуқбузарлик ёки ғайриижтимоий ҳаракатлар содир этишга жалб этиш;
• 3 та судда бола фикрининг инобатга олинмаслигига оид;
• 4 та боланинг ҳимояга бўлган ҳуқуқини таъминлашга оид;
• 12 та боланинг ғайриқонуний кўчирилишдан ҳимояланиш ҳуқуқини таъминлаш (шундан чет элда назоратсиз қолдирилган ёки қонуний вакиллар ҳамроҳлигисиз турган болани Ўзбекистонга қайтариш 8 таси);
• 4 та боланинг хусусий мулкка бўлган ҳуқуқини таъминлаш юзасидан;
• 3 та боланинг мерос ҳуқуқини таъминлашга оид;
• 23 та болани турар жойга бўлган ҳуқуқини таъминлаш юзасидан;
• 4 та боланинг дам олиш ва бўш вақтга бўлган ҳуқуқини таъминлаш бўйича;
• 1 та боланинг қулай ва экологик хавфсиз атроф-муҳитга эга бўлиш ҳуқуқини таъминлашга оид;
• 17 та боланинг соғлиғини сақлаш ҳуқуқини таъминлаш;
• 36 та боланинг билим олиш ҳуқуқини таъминлаш;
• 15 та педагог ходимнинг ўз касбий фаолиятига совуққонлик билан қараши;
• 122 та боланинг оилавий муҳитга бўлган ҳуқуқини таъминлаш (шундан боланинг ота-онаси ва бошқа қариндошлари билан кўришиш ҳуқуқига оид 1 та, алоҳида яшаган ота(она)нинг бола тарбиясида иштирок этишига оид 18 та, ота-она алоҳида яшаганда боланинг яшаш жойини белгилашга оид 36 та, ота-онадан бошқа шахсларнинг болани ўз қарамоғига олишига оид 10 та ва бошқалар);
• 25 та болаларни тарбиялаётган оилага ижтимоий ёрдам кўрсатиш (шундан кам таъминланган оилаларга болалар нафақасини тайинлашга оид 12 та, ногиронлиги бўлган болани даволаш харажатларини қоплашга оид 4 та);
• 28 та алимент олиш ҳуқуқини таъминлаш;
• 42 та ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов ҳаракатларини қонун талаби даражасида амалга оширилмаслиги (шундан ички ишлар органи фаолиятига оид 25 та, прокуратура органи фаолиятига оид 8 та);
• 3 та суд фаолиятида процессуал қонунчиликка риоя қилмаслик;
• 23 та суд ҳужжатлари ижроси самарадорлиги;
• 39 та суд мажлисида Болалар омбудсмани котибияти ходимининг кузатувчи сифатида иштирок этиши;
• 56 та давлат органи ва бошқа ташкилотлар фаолиятида бола ҳуқуқларининг бузилиши масалаларига тегишли бўлган.
Ҳудудлар кесимида мурожаатлар таҳлилига кўра,
Энг кўп мурожаатлар Тошкент шаҳар (170), Тошкент (76) ва Қашқадарё (55) вилоятларидан келиб тушган бўлса, энг кам мурожаатлар Қорақалпоғистон Республикаси (6), Наманган (9) ва Андижон (10) вилоятларидан келиб тушган.
Болалар омбудсмани томонидан бола ҳуқуқларини бузилишига оид мурожаатлар юзасидан давлат органларига 402 та сўров киритилди, шундан:
– Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига - 105 та;
– Ички ишлар вазирлиги ва унинг ҳудудий органига - 71 та;
– Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига - 64 та;
– Бош прокуратура ва унинг ҳудудий органига - 63 та;
– Мажбурий ижро бюросига - 31 та;
– Олий суд ва қуйи судларга - 28 та;
– Соғлиқни сақлаш вазирлигига - 13 та;
– Ташқи ишлар вазирлигига - 8 та;
Бошқа идораларга 14 та.
Таъкидлаш жоизки, Болалар омбудсмани сўрови ва кейинги кузатуви доирасида мутасадди идоралар томонидан:
болаларга нисбатан содир этилган зўравонлик ҳолатлари юзасидан 8 та маъмурий ҳамда 13 жиноят иши қўзғатилди. Жумладан:
Жиноят кодексининг 110, 119, 112, 118, 135 ва 127-моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилиб, айбдор шахслар жиноий жавобгарликка тортилди;
Шунингдек, Жиноят кодексининг 129, 128, 138 ҳамда 277 моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари амалга оширилмоқда;
зўравонликни бартараф этиш юзасидан 3 нафар болага ҳимоя ордери расмийлаштирилди;
болага нисбатан қўпол муомалада бўлганлиги учун 2 нафар ички ишлар органлари ходимларига интизомий жазо чора қўлланилди;
таълим муассасаларида 3 нафар педагог ходим ўз касбий фаолиятига совуққонлик билан қараганлиги, болага жисмоний зўравонлик қилганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилди, шундан 2 нафари билан меҳнат шартномаси бекор қилинди;
болага нисбатан қилган қўпол хатти-ҳаракатлари учун 10 нафар педагог ходимга нисбатан интизомий жазо қўлланилди;
таълим муассасасида буллинг оқибатларини бартараф этиш мақсадида 1 нафар ўқувчи онлайн тарзда таълимга ўтказилди, 1 нафар бола бошқа мактабга, 1 нафар ўқувчи бошқа синфга кўчирилди;
1 та ҳолат юзасидан боланинг ҳуқуқбузарлиги учун онага нисбатан маъмурий жазо тайинланди;
4 нафар бола тиббий кўрикдан ўтказилиб, шундан 2 таси дори-дармон билан таъминланди;
5 нафар болага васий тайинланиши таъминланди;
27 та ҳолат юзасидан ҳудудлардаги “Инсон” ижтимоий маркази томонидан боланинг ижтимоий психологик вазияти баҳоланди;
3 нафар болага хорижга чиқиш биометрик паспорти, 3 нафар болага туғилганлик тўғрисида гувоҳнома расмийлаштирилди;
Фарзандидан алоҳида яшайдиган 1 нафар она, 4 нафар ота болалари билан кўришиш ҳуқуқи таъминланди;
3 нафар бола таълим муассасасига қабул қилинди;
2 та кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа тайинланди, 1 нафар болага таълим олиш учун шартнома пуллари тўлаб берилди;
3 нафар қаровсиз қолиб кетган болалар онасининг қарамоғига топширилди;
1 нафар боланинг мерос ҳуқуқига оид улуши бўлган уй-жойга тақиқ солинди;
Хорижда ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган 6 нафар бола Ўзбекистон Республикасига қайтарилди.
Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган хабарлар юзасидан Болалар омбудсмани ва тегишли органлар билан ҳамкорликда 54 та ҳолат бўйича ўрганиш олиб борилиб, ҳуқуқий чоралар кўрилди.
Расмий хабарлар
- Қўшилди: 07.08.2024
- Кўришлар: 1382
- Чоп этиш