Сенат кенгашининг “Болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш бўйича қўшимча чора-тадбирларни белгилаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.
Унда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда вояга етмаган шахсларга нисбатан содир этилаётган ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш бўйича Сенат ҳузурида ишчи гуруҳ тузиш белгиланган.
Шу мақсадда Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан мутасадди вазирлик, идоралар вакиллари, экспертлар, Ёшлар парламенти аъзоларидан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилди.
Ишчи гуруҳнинг асосий вазифаси Интернет тармоғи, даркнет, ижтимоий тармоқлар ва бошқа турли платформаларда вояга етмаган шахсларга нисбатан содир этилаётган ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик чораларини такомиллаштиришдан иборат.
Ишчи гуруҳ йиғилишида интернетда вояга етмаган шахсларга нисбатан содир этилаётган ҳуқуқбузарликларни таҳлил қилиш, сунъий интеллект ёрдамида вояга етмаган шахсларнинг суратларини сохталаштириш орқали уларни таҳқирлаш каби ҳолатларни аниқлаш ва ҳуқуқий баҳо бериш зарурлигига эътибор қаратилди. Кибермаконда болалар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича тизимли чора-тадбирларни йўлга қўйиш юзасидан илғор хорижий тажрибани ўрганиш масаласи муҳокама этилди.
Ишчи гуруҳ аъзоларининг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари эшитилиб, шу асосда асосий вазифалар белгиланди.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 01.08.2025
- Кўришлар: 228
- Чоп этиш