Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни ижросини мониторинг қилиш бўйича Болалар омбудсмани раҳбарлигидага идоралараро ишчи гуруҳининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди.

 Ишчи гуруҳ таркибида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис маркази ва Болалар ташкилоти вакиллари фаолият кўрсатмоқда.

Йиғилишда республикамизда болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишнинг реал ҳолати ҳамда бу борада масъул давлат органлари томонидан амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.

Хусусан, 7 ёшдан 16 ёшгача бўлган 16 минг нафар ўқувчи болалар ўртасида ўтказилган сўровда ҳар 10 нафар боладан 8 таси бевосита ўз уйидан интернетга уланишини билдирган.

Шунингдек, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан Қонун талаблари бузилган ахборотларни бартараф этиш талаби билан 606 та хабарнома юборилган ҳамда мазкур йўналиш бўйича 5250 та ахборот ресурснинг идентификация маълумотлари тақиқланган ахборот мавжуд бўлган бутунжаҳон Интернет тармоғининг ахборот ресурслари реестрига киритилганлиги билдирилди.

Йиғилиш якунида ушбу соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал қилиш ҳамда қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар илгари сурилди.

Ишчи гуруҳ ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

 

Болалар омбудсмани расмий телеграм-канали

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech