Баъзида ижтимоий тармоқларда болаларга нисбатан турли кўринишдаги зўравонлик ва тазйиқ ҳолатлари рўй бергани акс этган тасвирларга кўзимиз тушиб, дилимиз хира тортади. Бу каби вазиятларни бартараф этиш энг долзарб масалалардан биридир.
Эндиликда болаларни зўравонлик шаклларидан ҳимоя қилиш мақсадида уларга ҳам ҳимоя ордери берилиши кўзда тутилмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилишида болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.
Лойиҳада болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш фаолиятини бевосита амалга оширувчи давлат органлари ва ташкилотлар, уларнинг ваколатлари аниқ белгилаб бериляпти. Бунда болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш фаолиятини бевосита амалга оширувчи давлат органлари ва ташкилотлар Болалар масалалари бўйича миллий комиссия томонидан мувофиқлаштирилиши, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги комиссиянинг ишчи органи, қолаверса, қонун ижросини таъминлаш бўйича ваколатли орган этиб белгиланиши таклиф этилмоқда.
Шунингдек, болаларга нисбатан зўравонлик шаклларига таъриф берилиб, уларни содир этишни тақиқлаш, қонунга биноан таъқиб қилишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш кўзда тутилмоқда.
Қонун лойиҳаси билан илк бор янги институт — болаларга ҳимоя ордери бериш таклиф этиляпти. Ордер ваколатли орган томонидан зўравонликдан жабрланувчининг қонуний вакилига ёки болани ўз қарамоғига олган бошқа шахсга ҳамда зўравонликдан жабрланувчининг ўзига берилади.
Фракция аъзолари таъкидлаганидек, қонун лойиҳаси болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига муросасиз муносабатда бўлиш, зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлашга хизмат қилади.
М.Комилова, ЎзА
- Қўшилди: 31.05.2024
- Кўришлар: 1477
- Чоп этиш