Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси ўтказилди. Унда жамият ҳаётида муҳим бўлган бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Хусусан, халқ вакиллари ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқди.
Мазкур қонун лойиҳаси билан бир қатор қонунларга ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи, ёлғиз кекса ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, хотин-қизлар ва болаларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Хусусан, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг тегишли моддалари қўшимча нормалар билан тўлдирилмоқда. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасида ваколатли орган этиб белгилаб қўйилмоқда.
Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга шаҳар йўловчилар транспортидан (таксидан ташқари) бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилмоқда.
Шунингдек, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга қилинган ҳомийлик маблағларини солиқ базасини аниқлашда чегириб ташланмайдиган харажатлар жумласига қўшиш назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан хотин-қизлар ва болаларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, оғир аҳволга тушиб қолган ва оғир аҳволга тушиб қолиш хавфи юқори бўлган шахслар, шунингдек, оилалар манфаатларини кўзлаб фуқаролик ва маъмурий судларга аризалар, шикоятлар, даъволар киритилганда давлат божини тўлашдан озод қилиш белгиланмоқда.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.
***
Мажлисда бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси асосида ишлаб чиқилган —“Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, қонун лойиҳаси ҳозирги глобаллашув шароитида Ўзбекистон суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини муҳофаза қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгилаш заруратидан келиб чиқади.
Қонун лойиҳаси билан, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикасида бўлиши номақбул деб топиш асослари ва тартиби белгиланмоқда.
Мазкур шахслар томонидан Ўзбекистоннинг давлат суверенитетига, ҳудудий яхлитлигига ва хавфсизлигига зид бўлган; давлатлараро, ижтимоий, миллий, ирқий ҳамда диний адоватни келтириб чиқарувчи; Ўзбекистон халқининг шаъни, қадр-қимматини ёки тарихини таҳқирловчи мазмундаги оммавий чиқишлар қилиш ёхуд ҳаракатлар содир этиш уларни Ўзбекистон Республикасида бўлиши номақбул деб топиш учун асос бўлиши белгиланмоқда.
Шунингдек, мазкур тоифадаги чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларга беш йил давомида Ўзбекистонга кириш, банкларда ҳисобварақ очиш, кўчмас мулк сотиб олиш, давлат мулкини хусусийлаштиришда иштирок этиш, молиявий ва шартномавий муносабатларга киришишни тақиқлаш таклиф этилмоқда.
Қонун лойиҳасида мамлакатда бўлиши номақбул деб топилган шахсларни депортация қилиш асослари ва тартиби ҳам назарда тутилган.
Қизғин муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси учинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
***
Мажлисда кўриб чиқилган ер участкаларидан самарали фойдаланиш ҳамда соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси ҳам қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.
Таъкидланганидек, жорий йилнинг ўтган даврида прокуратура ва ички ишлар органлари ҳамда бошқа идоралар билан биргаликда ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаш, ноқонуний фойдаланиш ҳолатларига қарши курашиш бўйича ўтказилган тезкор тадбирлар давомида 5 минг 968 та ҳолат аниқланган. Бу каби салбий ҳолатларни бартараф этиш ва уларнинг олдини олиш мақсадида мазкур қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Ушбу қонун лойиҳаси билан ер тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузганлик билан боғлиқ қилмишлар учун жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда. Хусусан, Жиноят, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Жиноят-процессуал кодексларида ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш билан боғлиқ жиноятлар прокуратура органларининг терговига тааллуқли эканлиги белгиланмоқда.
Бундан ташқари, Иқтисодий ва Фуқаролик процессуал кодекслари cудларда ўзбошимчалик билан эгалланган давлат эгалигидаги ер участкаларини қайтариш ҳамда ноқонуний қурилмаларни бузиб ташлашга оид ишларни кўриб чиқишнинг алоҳида тартибини белгиловчи нормалар билан тўлдирилмоқда. Шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фуқаролик ва иқтисодий судларга ер тўғрисидаги қонун бузилиши билан боғлиқ ариза киритганда давлат божидан озод этилиши белгиланмоқда.
Депутатларнинг қайд этилишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ер ресурсларидан оқилона ва мақсадли фойдаланилишини таъминлашга, ерларни ноқонуний эгаллаб олишнинг олдини олишга, ер қонунчилигига риоя қилишга хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
***
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилган навбатдаги ҳужжат — “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига бола ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш бўйича ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўлди.
Қонун лойиҳаси билан ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан болани қонунга хилоф равишда диний таълим олиш жараёнига жалб қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш, бунда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасини қўшимча бандлар билан тўлдириш таклиф этилмоқда.
Яъни, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан бола қонунга хилоф равишда диний таълим олиш жараёнига жалб қилинса, БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача жаримага тортилади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, БҲМнинг 15 бараваридан 25 бараваригача жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси тайинлаш белгиланмоқда.
Шунингдек, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан болани қонунга хилоф равишда диний таълим олиш жараёнига жалб қилишга, яъни болани рўйхатдан ўтказилмаган ёки лицензияга эга бўлмаган ташкилотлар ёхуд махсус диний маълумоти бўлмаган ва диний ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикаси бўйича марказий бошқарув органининг рухсатисиз диний таълим бераётган шахслар ихтиёрига диний таълим олиши учун топширишга йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилмоқда.
Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши болаларнинг таълим олиш соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг комил инсон бўлиб етишишига, диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари қурбонига айланишининг олдини олишга хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
***
Мажлисда депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган — “Аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокамалар марказида бўлди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда психология йўналишида маслаҳат бериш, онлайн ва офлайн форматда семинарлар ўтказиш орқали хусусий тартибда психологик ёрдам кўрсатиш фаолияти кенг тарқаляпти. Бироқ, мамлакатимиз қонунчилик тизимида ушбу ижтимоий муносабатларнинг ҳуқуқий асослари белгиланмаган.
Хусусий тартибда психологик ёрдам кўрсатиш билан шуғулланувчи жисмоний шахсларга, психолог ёрдам кўрсатиш сифати ва мазмунига ҳамда психологнинг хулқ-атворига нисбатан талаблар назарда тутилмаган. Психологик фаолият билан шуғулланиш соҳасини бошқариш ва назорат қилиш тартиби мавжуд эмас. Мазкур қонун лойиҳаси эса айнан аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилганлиги билан аҳамиятли.
Қонун лойиҳаси билан мамлакатимизда аҳолига психологик ёрдам кўрсатишни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш, жумладан, психологик ёрдам кўрсатиш борасидаги асосий тушунчаларнинг мазмунини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш, аҳолига психологик ёрдам кўрсатишнинг асосий принциплари, вазифалари, турлари, шакллари ҳамда стандартлари белгиланмоқда.
Бунда, психологик ёрдам кўрсатиш стандартлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши ҳамда психологик ёрдам кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахс раҳбари психология соҳасида олий маълумотга эга бўлиши кераклиги назарда тутилмоқда.
Шу билан бирга, психологик ёрдам кўрсатиш соҳаси иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш, бепул психологик ёрдам кўрсатиладиган шахслар тоифаларини аниқлаштириш, аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги профессионал уюшмалари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини яратиш кўзда тутиляпти.
Бундан ташқари, таълим ташкилотларида психологик ёрдам кўрсатиш, ушбу соҳадаги тадқиқот ва илмий тажрибалар ўтказиш масалалари ҳамда психологик ёрдам кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан психологик ёрдам кўрсатганлик учун маъмурий жавобгарлик чоралари белгиланмоқда.
Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс психологик ёрдам кўрсатиш тартибини бузганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи қўшимча нормалар билан тўлдирилмоқда. Эндиликда, психологик ёрдамни бундай ҳуқуққа эга бўлмаган шахс томонидан кўрсатиш ёхуд психологик ёрдам кўрсатиш бўйича қонунларда белгиланган чекловларга риоя этмаслик фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш билан боғлиқ ишлар жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўриб чиқилиши таклиф этилмоқда.
Таклиф этилаётган қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш соҳасининг ҳуқуқий асосларини яратилиши, фуқароларнинг психологик ёрдам олишга бўлган эҳтиёжини қондириш, хусусий амалиёт олиб бораётган психологларнинг қонуний фаолият олиб бориши таъминлашга хизмат қилади.
Муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
***
“Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 11-моддасига қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Мазкур қонун лойиҳаси билан етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан турар жой билан таъминлашда мазкур кўчмас мулкларни уларнинг номига расмийлаштириш бўйича нотариал ҳаракатларни амалга ошириш жараёнида давлат божини тўлашдан озод қилиш белгиланмоқда.
Амалдаги қонунга кўра, уй-жойлар Тошкент, Нукус шаҳарларида ва вилоят марказларида жойлашган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари, агар бошқа аҳоли пунктларида жойлашган бўлса базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида давлат божи тўланиши белгиланган.
Шу муносабат билан, қонун лойиҳасининг нотариал ҳаракатлар амалга оширилганда давлат божини тўлашдан озод этиш тўғрисидаги 11-моддаси “етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар – уларга давлат томонидан иккиламчи бозордан олиб берилган уй-жойлар уларнинг номига расмийлаштириб берилганлиги учун”, деган қўшимча банд билан тўлдирилмоқда.
Мунозаралар давомида халқ вакиллари мазкур қонун лойиҳасининг аҳамиятига тўхталиб, унда назарда тутилаётган айрим нормалар бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Ушбу ҳужжат етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга қаратилгани, унинг ҳаётга татбиқ этилиши эса минг-минглаб болаларни орзу-умидларини рўёбга чиқаришга туртки бўлишини алоҳида қайд этдилар.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
ЎзА
- Қўшилди: 26.06.2024
- Кўришлар: 1476
- Чоп этиш