Бюджет маблағларини ортиқча сарф-харажат қилиш ҳолатлари кўпайган

2024 йил 3 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Унда депутатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2023 йилдаги ҳамда 2024 йилнинг биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқдилар.  

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Иқтисодиёт ва молия вазири Ж.Қўчқоров бў бўйича маълумот берди.  

Дунёда давом этаётган глобал сиёсий ҳамда иқтисодий тебранишларга қарамасдан мамлакатда кенг қамровли ислоҳотларнинг изчил давом эттирилиши, тадбиркорлар учун қулай муҳит ва имкониятлар яратилаётгани, фискал ва монетар сиёсатнинг ўзаро мувозанатли олиб борилиши Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ўсиш суръатларини таъминлаш имкониятини бермоқда.  

Ўтган даврда тадбиркорлар фаоллигининг ошиши ҳамда инвестициявий фаолликнинг кучайиши иқтисодиётнинг асосий тармоқларида ижобий ўсиш суръатлари барқарорлигини таъминлашга ижобий таъсир кўрсатди.  

Хусусан, 2023 йил якунларига кўра, ялпи ички маҳсулотнинг ҳажми 2022 йилга нисбатан 6 фоизга, иқтисодий ўсишнинг асосий драйверлари бўлган хизмат кўрсатиш 6,8, қурилиш 6,4 ҳамда саноат 6, тадбиркорлик субъектларининг сони 10,6 фоизга ўсган. Шунингдек, инфляция даражаси белгиланган прогноз кўрсаткичлари даражасида қайд этилиб, ташқи савдо айланмаси 62,6 миллиард долларга тенг бўлди.  

Мажлисда қайд этилганидек, 2023 йил якунлари ижросида Давлат бюджети даромадлари ўтган йилга нисбатан 115,0 фоизга, Давлат бюджети харажатлари 118,8 фоизга бажарилган. Давлат бюджети маблағларининг 48,8 фоизи ижтимоий харажатларни молиялаштиришга сарфланиб, ушбу харажатларнинг 89,1 фоизи ижтимоий соҳани ривожлантириш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, шунингдек уй-жой билан таъминлаш дастурларини молиялаштиришга йўналтирилган.  

Жумладан, 2023 йилда таълим-тарбия соҳасида ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, таълим стандартлари ва дастурларини такомиллаштириш, умумтаълим мактаблари, профессионал таълим муассасалари ва олий ўқув юртларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш масалаларига катта эътибор қаратилди. Ижтимоий соҳа харажатларининг 44,6 фоизи ёки 61,2 триллион сўми йўналтирилди. Давлат-хусусий шерикчилиги асосида ташкил этилган мактабгача таълим ташкилотларига 2,7 триллион сўм субсидиялар учун маблағ ажратилган. Бунинг натижасида, ўтган йил якунида нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари сони 27,2 мингни ташкил этиб, унда қамраб олинган болаларнинг сони 2 169,5 минг нафарга етди.  

Шу билан бирга кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси, моддий ёрдам ва компенсация тўловлари учун 2023 йил давомида Давлат бюджетидан 19,2 триллион сўм маблағ ажратилган. Ижтимоий нафақа олувчи оилалар ўртача сони 2 203,7 мингга, ижтимоий нафақа олувчи оилалар сони жами оилаларга нисбатан 22,6 фоизни ташкил этган.  

Мажлисда бюджет маблағларини ортиқча сарф-харажат қилиш ҳолатлари кўпайгани қайд этилиб, айрим хато ва камчиликларга эътибор қаратилди. Ҳисобот даврида харажатлар учун бюджетдан етарлича маблағлар ажратилишига қарамасдан айрим вазирлик ва идоралар харажатлар режасини паст даражада ижро этганлиги депутатларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлди.  

Жумладан, Олий таълим, фан ва инновациялар, Соғлиқни сақлаш, Спорт, Қишлоқ хўжалиги ҳамда Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирликларида харажатлар режаси тўлиқ ижро этилмаган.  

Қизғин муҳокамалар давомида депутатлар Ҳукуматни Давлат бюджетининг ижросида натижадорликка эришишга алоҳида эътибор қаратиш, масъул вазирликлар ва идоралар раҳбарлари зиммасига бюджетдан йўналтирилган маблағларнинг мақсадли сарфланишига шахсий масъулият ва жавобгарлик юклатиш ҳамда таъсирчан чоралар кўриш бўйича таклифларни илгари сурди.  

Мажлисда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2023 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот юзасидан қарори қабул қилинди.  

***

Депутатлар шу куннинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2024 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни ҳам кўриб чиқди.  

Мажлисда таъкидланганидек, дунёда давом этаётган сиёсий ва иқтисодий ноаниқликлар кузатилаётган шароитда мамлакатимизда 2024 “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да ҳам юқори иқтисодий ўсиш суръатлари таъминланиб, ялпи ички маҳсулот ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,2 фоизни, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш 6,5 фоизни, асосий капиталга ўзлаштирилган инвестициялар ҳажмининг ўсиши эса 74,5 фоизга ташкил этган. Давлат бюджети даромадлари тушуми режага нисбатан 111,3 фоизга ошириб бажарилган.  

Мамлакатимизда аҳолининг даромадлари ва турмуш даражасини ошириб бориш сиёсатига амал қилинган ҳолда Давлат бюджети ижтимоий харажатларининг 89,5 фоизи ижтимоий соҳани ривожлантириш ва аҳолини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш харажатларига йўналтирилгани, аҳолини уй-жой билан таъминлаш ҳамда аҳоли бандлиги даражасини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётганини депутатлар юртимизда ижтимоий давлат принципларига амал қилинаётганлигининг намунаси сифатида баҳолади.  

Депутатлар эришилган ижобий натижалар билан бир қаторда айрим хато ва камчиликларга ҳам эътибор қаратди. Ҳисобот даврида вазирлик ва идоралар томонидан харажатлар режага нисбатан паст даражада ижро этилгани депутатларнинг эътирозларига сабаб бўлди.  

Хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан эшитиш мосламалари, болаларни ва туғиш ёшидаги аёлларни профилактик махсус препаратлар билан бепул таъминлаш ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини янада яхшилаш бўйича ажратилган маблағларнинг сарфланиши юзасидан етарлича ишлар амалга оширилмаган.  

Шунингдек, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан давлат-хусусий шериклик асосида қурилган талабалар турар жойлари учун ажратилган маблағлар 8,4 фоизга ижро этилган. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан чўл, тоғли ва тоғолди ҳудудларда чўлланиш ва қум кўчиши, тупроқнинг сув ва шамол эрозиясининг олдини олиш ҳамда экологик муҳитни яхшилаш мақсадида ҳимоя ўрмонларини (иҳота) барпо этиш харажатлари 1,2 фоизга, ҳайвонот ва ўсимлик дунёси, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ва чиқиндиларни утилизация қилиш жойларининг давлат кадастрларини юритиш харажатлари 15 фоизга бажарилган.  

Транспорт вазирлиги томонидан объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ва жиҳозлаш учун капитал қўйилмаларга ажратилган маблағлар 16 фоизга ижро этилган холос.  

Қизғин муҳокамаларда депутатлар вазирликлар ва идоралар томонидан кейинги чоракларда давлат бюджети маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш, бюджет харажатлари натижадорлигини ошириш, давлат ва ривожлантириш дастурлари ижросини таъминлаш борасида тизимли чоралар кўрилиши юзасидан таклиф ва тавсиялар берди.  

Мажлис якунида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2024 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.  

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech