CNN ўзбек алломалари ҳақида мақолалар эълон қилди

Диёримиздан етишиб чиққан буюк алломаларнинг илмий изланиш ва кашфиётлари, маърифий-илмий мероси жаҳон олимлари томонидан ҳамиша юксак эътироф этилган.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази матбуот хизматига кўра, дунёнинг етакчи ахборот платформаларидан бири – CNN Ўзбекистоннинг буюк алломалари ҳақида туркум мақолалар чоп этди. Унда Аҳмад ал-Фарғоний, Муҳаммад ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний ва Ибн Сино каби алломаларнинг ўзбек миллатига мансуб бўлгани алоҳида эътироф этилган.

Алгебра фани асосчиси сифатида қайд этилган Ал-Хоразмий ҳақида фикр билдирилар экан, унинг “Ал-китоб ал-мухтасар фи ҳисоб ал-жабр ва ал-муқобала” асари математиканинг ривожига қўшган ҳиссаси алоҳида қайд этилади. “Ҳар сафар смартфон ёки компьютердан фойдаланганимизда Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмийнинг илмий меросига дуч келамиз“, дейилади мақолада.

Нашрнинг таъкидлашича, IX асрнинг атоқли ўзбек олими Ал-Фарғоний исломнинг илм-фан тараққий топган Олтин даврига катта ҳисса қўшган. У астрономия, математика ва география фанларида етук мутахассис бўлиб, ҳам фан тарихида, ҳам ислом цивилизациясида ўз ўрнини мустаҳкамлаган.

Абу Райҳон Берунийга таъриф берилар экан, CNN уни дунёни ўлчаган одам сифатида эътироф этади. Эришган ютуқлари билан кўплаб замонавий фанларга асос солган буюк олим ўлароқ тан олади. Унинг Ернинг айланиши ҳақидаги гипотезасидан тортиб Ер диаметрини ўлчашгача бўлган асарлари антик давр мероси ва келажакдаги янгиликлар, жумладан, кейинчалик Уйғониш давридаги Европада пайдо бўладиган инновациялар ўртасида кўприк бўлгани таъкидланади.

Абу Али ибн Сино, тиббиётнинг отаси сифатида танилган, “Тиб қонунлари“ асари билан машҳур бўлиб, у кўп асрлар давомида Европада ва Шарқда тиббиётнинг асосий қўлланмаси бўлиб хизмат қилган. Шунингдек, у фалсафа соҳасида ҳам асарлар ёзган.

Бу алломаларнинг илмий мероси ҳозирги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган бўлиб, уларнинг асарлари жаҳон илм-фани тараққиёти йўлида хизмат қилмоқда.

Шунингдек, ушбу ой якунида CNN машҳур астроном ва математик Мирзо Улуғбек ҳақида ҳам мақола эълон қилиши кутилмоқда.

Н.Усмонова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech