Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенцияси Томонлари конференциясининг 29-сессияси (COP29) доирасида БМТнинг Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош котиби Зураб Пололикашвили Ўзбекистон Миллий павильонига ташриф буюрди.
Юқори мартабали меҳмон Ўзбекистон павильони эксклюзивлигини таъкидлаб, мамлакатимизнинг ноёб маданий мероси ҳамда экология ва иқлим масалаларига барқарор ёндашувларини ифодалаганини қайд этди. Унинг миллий қадриятлар ва экологик ёндашувларни узвий уйғунлаштирган ўзига хос дизайнини эътироф этди.
Шунингдек, Зураб Пололикашвили UNWTO Самарқандда бўлиб ўтган БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеясининг 25-сессиясида эълон қилинган барча лойиҳа ва ташаббусларни ишлаб чиқишда давом этишини айтиб ўтди.
– Биз фаол ҳамкорлик қиламиз ва Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган барча ташаббусларни қўллаб-қувватлашда давом этамиз, – дейди Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош котиби.
Мулоқот чоғида Бош котиб Ўзбекистон ўзининг бой мероси ва улкан экологик лойиҳалари туфайли сайёҳлар ва ҳамкорлар эътиборини жалб этиб, халқаро майдондаги обрў-эътиборини мустаҳкамлаб боришига ишонч билдирди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) БМТнинг халқаро сайёҳликни ривожлантириш масалалари бўйича халқаро ташкилотдир. Мазкур ташкилот дастлаб 1925 йилда Халқаро сайёҳлар ассоциацияси сифатида ташкил топган. Шундан сўнг 1974 йилда унинг номи Бутунжаҳон туризм ташкилоти деб ўзгартирилган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА
- Қўшилди: 22.11.2024
- Кўришлар: 215
- Чоп этиш