Давлат томонидан таъминланадиган протез мосламалари тури кенгайтирилади

Ўзбекистонда давлат томонидан таъминланадиган протез мосламалари ва реабилитация воситаларининг турлари 18 тадан 30 тага кенгайтирилади.

“Муҳтож шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.

2024 йил 1 майгача давлат томонидан кафолатланган тарзда таъминланадиган протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситаларининг турлари 18 тадан 30 тага кенгайтирилади.

 

2024 йил 1 майдан протез мосламалари ва реабилитация воситалари хариди учун давлат томонидан муҳтож шахсларга қоплаб бериладиган маблағлар миқдорини бозор конюнктурасидан келиб чиқиб ўртача 3 бараваргача, айрим воситаларнинг турлари эса 10 бараваргача оширилади.

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг протез мосламалари ва реабилитация воситаларига муҳтожлиги алоҳида тиббий хулоса расмийлаштирмасдан ногиронлик тўғрисидаги маълумотнома асосида белгиланади.

Ногиронлик гуруҳига эга бўлмаган пенсия ёшидаги шахсларнинг протез мосламалари ва реабилитация воситаларига муҳтожлиги тўғрисидаги тиббий хулоса “Тиббий-ижтимоий экспертиза” электрон ахборот тизимида расмийлаштирилади.

2024 йил 1 майгача Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилоятида, 2024 йил 1 октябргача республиканинг бошқа барча ҳудудларида муҳтож шахсларни протез мосламалари ва реабилитация воситалари билан ваучер асосида таъминлаш тартиби жорий этилади.

Kun.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech