Дунё бўйлаб тахминан 160 миллион бола таълим олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлиб, оғир шароитда кам маош эвазига қишлоқ хўжалигида, конда ёки саноат майдонида узоқ вақт ишлашга мажбур. Улардан 89,3 миллиони 5-11, 35,6 миллиони 12-14 ёшда.
Саҳрои Кабир, Жанубий Африка, Хитой, Ҳиндистон ва Америка ишчи болалар энг кўп минтақалар ҳисобланади. Бу ҳақда Туркия Инсон ҳуқуқи ва тенглик институти (ТИҲТИ) раҳбари, профессор Муҳаррам Қилич Анадолу мухбири билан суҳбатда гапирди.
Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) таърифича, бола меҳнати унинг салоҳияти, қадр-қимматидан маҳрум қиладиган, жисмоний ва ақлий ривожланишга зарар етказадиган жараёндир.
– ХМТ ҳисоботига кўра, дунё бўйлаб меҳнат қилаётган болалар сони 2020-2024 йиллари 8,4 миллионга кўпайиб, 160 миллионга етган, – дейди эксперт. – 5-11 ёшли болаларнинг қарийб 28 фоизи ишлайди, 12-14 ёш ўғил-қизларнинг 35 фоизи таълим жараёнидан четда, мактабга бориш имконидан маҳрум. Бу ижтимоий-маънавий жиҳатдан хавфли, зарарли ҳолат.
Профессор қўшимча қилишича, мажбурий меҳнат боланинг ҳаётга ишончини сўндиради. Тажриба олиш ҳуқуқини, кўникмага эга бўлиш имконини чеклайди.
ЎзА
- Қўшилди: 20.11.2024
- Кўришлар: 846
- Чоп этиш