Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамда АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказининг янги ҳисоботига кўра, ўтган йили дунё бўйича 10,3 миллион беморда қизамиқ касаллиги аниқланган. Хавотирли жиҳати, бу кўрсаткич 2022 йилга нисбатан 20 фоиз юқори.
Экспертларнинг хулоса қилишича, хасталаниш ҳолатлари сони кескин ортиши болалар қизамиққа қарши вакциналар билан етарли даражада қамраб олинмаётгани оқибатидир, дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабарида.
Масалан, мазкур патология профилактикаси учун икки дозали вакциналар қўлланилади. Бироқ 2023 йилда дунё бўйича 22 миллион нафардан ортиқ ўғил-қиз биринчи босқичда эмланмаган. 83 фоиз бола вакцинанинг биринчи дозасинигина қабул қилган бўлса, фақат 74 фоиз ўғил-қиз тавсия этилган иккинчи дозани олган.
Оқибатда ўтган йили Африка, Шарқий Ўрта ер денгизи, Европа, Жануби-Шарқий Осиё ва Ғарбий Тинч океани минтақалари мамлакатларида қизамиққа чалиниш ҳолатлари сезиларли даражада кўпайган.
Шу туфайли 2023 йили ушбу хасталик қарийб 107,5 минг инсоннинг ҳаётига зомин бўлди. Уларнинг аксарияти беш ёшгача бўлган болалардир.
Шундан келиб чиқиб, ЖССТ тегишли ҳукуматларни болалар ўртасида ушбу касалликка қарши эмлаш қамровини оширишга чақирди.
ЎзА
- Қўшилди: 19.11.2024
- Кўришлар: 733
- Чоп этиш