Жорий йилнинг 6-март куни Остона шаҳрида "Марказий Осиё + Япония: ҳозирги тенденсиялар ва истиқболлар" мавзусидаги экспертлар мулоқоти бўлиб ўтди.
Тадбир Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қозоғистон стратегик тадқиқотлар институти (ҚСТИ), Япониянинг Қозоғистондаги элчихонаси ва Мақсут Нарикбаев университети ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда Марказий Осиё давлатлари ҳамда кунчиқар мамлакат етакчи таҳлил марказлари ва илмий доиралари вакиллари иштирок этдилар.
Э.Арипов ўз нутқида Япония ишончли ва вақт синовидан ўтган ҳамкоримиз ҳамда Токионинг Марказий Осиёнинг барқарор ва изчил тараққиётини таъминлашдаги ҳиссаси беқиёс эканлигини алоҳида таъкидлади.

Унинг айтишича, "Марказий Осиё мамлакатлари мустақилликка эришганидан буён Япониянинг минтақа давлатларига кўрсатган расмий ёрдами ҳажми беш миллиард АҚШ долларидан ошди. Бу маблағлар ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга ошириш, иқтисодий ва маъмурий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, минтақанинг жаҳон хўжалик алоқаларига интеграциялашувига йўналтирилган эди."
Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги томонидан соғлиқни сақлаш, таълим, энергетика, транспорт ва телекоммуникация соҳаларида бир қатор муҳим лойиҳалар амалга оширилгани таъкидланди. СМТИ директори мисол тариқасида Ўзбекистонда ташкил этилган Ўзбекистон-Япония ёшлар инновация маркази ҳамда Инсон ресурсларини ривожлантириш марказини қайд этиб ўтди.
Эксперт, шунингдек, савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг жадал ривожланаётганини таъкидлаб, 2000-йилдан буён Япониянинг минтақа билан товар айланмаси 6 баробарга кўпайиб, 400 миллион доллардан 2024-йилда 2,4 миллиард долларга етганини эътироф этди.
Элдор Ариповнинг фикрича мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг бундай юқори натижаларга эришишда мулоқотнинг институционаллашуви муҳим аҳамият касб этган. Япония 2004-йилда ташқи ишлар вазирлари даражасида "Марказий Осиё - Япония" мулоқотини йўлга қўйган илк давлат бўлди. Бу платформа турли соҳалардаги ҳамкорликни муҳокама қилишда ўз самарасини кўрсатди. "Аслида, Япония "Марказий Осиё плюс" форматларини яратишга асос солди ва бошқа ҳамкорларни ҳам ўз тажрибасидан фойдаланишга ундади," - дея қўшимча қилди эксперт.
СМТИ вакили ҳамкорлик натижаларидан мамнун эканини билдириб, уни янада ривожлантириш зарурлигини алоҳида таъкидлади. Унинг фикрича, Марказий Осиёдаги ижобий ўзгаришлар кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш учун бутунлай янги истиқболларни очиб бермоқда.
Э.Арипов Ўзбекистон Президентининг сўзларидан иқтибос келтириб, "Бугун Марказий Осиё бутунлай янги – жипслашган ва кучли, мулоқот ва кенг кўламдаги шериклик учун очиқ минтақадир", дея таъкидлади.
Умумий минтақавий ривожланишнинг устувор йўналишларини инобатга олган ҳолда, СМТИ директори минтақа давлатлари ва Япония кучларини бирлаштириш зарур бўлган ҳамкорликнинг бир қатор истиқболли йўналишларини кўриб чиқишни таклиф этди.
Биринчидан, Элдор Ариповга кўра, саноат ҳамкорлигига оид қўшма лойиҳаларни ривожлантириш алоҳида долзарблик касб этмоқда. Марказий Осиёда чегараолди савдо-саноат ҳудудлари, икки томонлама инвестиция жамғармалари муваффақиятли фаолият юритиб келмоқда ва йирик саноат ташаббуслар амалга оширилмоқда. Мутахассис ўтган йил август ойида Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари томонидан тасдиқланган 2025-2027 йилларга мўлжалланган саноат ҳамкорлигини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар режасига алоҳида эътибор қаратди. Ушбу ҳужжат хорижий ҳамкорлар, жумладан Япония билан ҳамкорлик қилиш учун янги имкониятлар яратади.
Эксперт Японияни илмий-технологик соҳада пешқадамлигини ҳамда минтақада инновацияларни жорий этишда истиқболли ҳамкор эканлигини қайд этди. У Япониянинг юқори технологик тараққиёт тажрибасини ўзлаштириш механизмини яратиш муҳимлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Иккинчидан, СМТИ директорининг таъкидлашича, сўнгги ўн йилда Марказий Осиё аҳолиси 20 фоизга кўпайиб, 80 миллион кишига етганлиги инсон капиталини ривожлантириш муҳимлигини янада долзарблаштирмоқда. Унинг айтишича, минтақанинг ёш аҳолиси (ўртача 30 ёшгача) таълим бозори учун кенг истиқболлар очади, бу эса япониялик ҳамкорлар учун янги имкониятлар тақдим этиши мумкин.
Э.Арипов бугун Марказий Осиёда 50 дан ортиқ хорижий олий ўқув юртлари филиаллари муваффақиятли фаолият юритаётганини ҳамда минтақа давлатлари ягона таълим маконини фаол шакллантираётганини таъкидлаб ўтди.
Эксперт таълим соҳасида Япония билан ҳамкорликни кенгайтиришни таклиф этди. Бунда асосий эътибор юқори малакали мутахассислар тайёрлашга қаратилиши кераклиги таъкидланди.
Учинчидан, Э.Арипов таъкидлаганидек, иқлим ўзгаришига бардошлилик ва мослашувни ошириш устувор вазифа бўлиб қолмоқда. Унинг айтишича, минтақа иқлим ўзгаришларига нисбатан таъсирчандир: сўнгги 30 йил ичида бу ердаги ҳарорат 1,5 даражага кўтарилган бўлиб, бу жаҳон миқёсидаги умумий кўрсаткичдан икки баробар юқоридир.
2050 йилга келиб, минтақадаги сув танқислиги 30 фоизга етиши мумкин. Бунда сув ресурсларининг 90 фоиздан ортиғи суғориладиган деҳқончиликка тўғри келади ва айни шу соҳада сувнинг 50 фоиздан кўпроғи исроф бўлмоқда.
СМТИ директорининг фикрича, Япония қишлоқ хўжалиги соҳаси, инновацион деҳқончилик технологиялари ва сув ресурсларини бошқариш бўйича инновацион ечимларни улашиш орқали минтақанинг экологик муаммоларга бардошлилигини оширишда муҳим роль ўйнаши мумкин.
Тўртинчидан, Элдор Ариповнинг фикрича, Марказий Осиё учун мувозанатли ва изчил "яшил" иқтисодга ўтиш устувор аҳамият касб этмоқда. Унинг таъкидлашича, минтақа қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасида сезиларли салоҳиятга эга. Масалан, фақат Ўзбекистоннинг ўзида 500 гигаватт қуёш, 100 гигаватт шамол ва 10 гигаватт гидроэнергетика қувватини ишлаб чиқариш имконияти мавжуд.
Марказий Осиё мамлакатлари тоза энергия манбаларини жорий этишда ягона ёндашувларни шакллантириш мақсадида "Яшил кун тартиби" минтақавий дастурини тасдиқлагани таъкидланди. Япониянинг ушбу соҳадаги ютуқларини инобатга олган ҳолда, мутахассис Япон энергия ва ресурсларни тежаш технологияларини жалб этиш орқали ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболли эканлигини билдирди.
Э.Ариповнинг фикрича, ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш Марказий Осиёнинг барқарорлигини оширади, минтақанинг ички салоҳиятини ишга тушириш имконини беради ва кунчиқар юрт билан ҳамкорлик учун кенг имкониятлар яратади.
ЎзА
- Қўшилди: 07.03.2025
- Кўришлар: 201
- Чоп этиш