Бино ва иншоотлар қурилишида замонавий телекоммуникация инфратузилмаси мажбурий этиб белгиланиши кутилмоқда. Гап шундаки, бугунги кунга қадар янги қурилган кўп қаватли уйларнинг айримларида тегишли инфратузилма кўзда тутилмагани сабабли қайта қурилиш ишларини олиб боришга тўғри келяпти. Шундай оворагарчиликларнинг олдини олиш мақсадида янги қурилишларда замонавий телекоммуникация инфратузилмаси мажбурий этиб белгиланмоқда.
Ушбу тартиб “Телекоммуникациялар тўғрисида”ги қонун лойиҳасида назарда тутилмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида иккинчи ўқишда кўриб чиқилган мазкур қонун лойиҳаси билан аҳолига ва телекоммуникация соҳасида фаолият юритувчи субъектларга бир қатор қулайликлар яратилмоқда. Хусусан, лойиҳага кўра, энди банк, тўлов тизими, тўлов ташкилоти, электрон тижорат платформаси иловалари орқали хизматларни кўрсатишда телекоммуникациялар соҳасида фаолият юритиш учун лицензия талаб этилмайди.
Кўп қаватли уйларда яшовчиларнинг аризаси бўлганда хизмат кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига бинода мавжуд инфратузилмадан беғараз фойдаланиш имконияти яратилади. Операторларга телекоммуникация инфратузилмаси объектларидан биргаликда фойдаланишга рухсат берилади.
Қайд этилганидек, қонун лойиҳасининг кўплаб нормалари Конституцияга мослаштирилмоқда. Хусусан, лойиҳанинг 7-моддаси қонунчиликка мувофиқ телекоммуникациялар соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари этиб белгиланган бўлса, асосий йўналишларнинг биринчи қисми Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш эканлиги белгилаб қўйилди.
Шу билан бирга, қонун лойиҳаси билан қонунчилик техникасидан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамаси ваколатларини ифодаловчи янги модда киритилмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши телекоммуникация инфратузилмасидан самарали фойдаланиш имкониятини яратиш орқали хизматлар қамрови ва сифатини оширишга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси қизғин баҳс-мунозара ва савол- жавоблардан сўнг қабул қилинди.
М. Комилова, ЎзА
- Қўшилди: 28.02.2024
- Кўришлар: 2337
- Чоп этиш