Айни пайт Тошкент шаҳрида Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги доирасида “Эркин фуқаролик жамияти ва нодавлат нотижорат ташкилотларини ривожлантириш” мавзусида халқаро конференция давом этяпти.
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази томонидан ташкил этилган мазкур нуфузли анжуманда ўндан зиёд хорижий, юзга яқин маҳаллий эксперт, давлат идоралари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, илмий доиралар вакиллари, сиёсий партиялар фаоллари иштирок этмоқда.
Тадбир аввалида Ўзбекистон демократик тараққиёт йўлида олиб бораётган ислоҳотлар, фуқаролик жамиятини барпо этиш мақсадида қилинган туб ўзгаришлар, мамлакатимизнинг очиқлик ва шаффофликни таъминлаш борасидаги ютуқлари жаҳон ҳамжамияти эътиборига ҳавола этилди.
Хорижлик иштирокчилар республикамиз сўнгги йилларда эришган ютуқларни юксак баҳолаб, Ўзбекистон очиқ маълумотлар жаҳон индексида 30-ўринга кўтарилгани, Марказий Осиёда пешқадам мавқени эгаллаганини алоҳида эътироф этдилар.
Жумладан, “Tillotoma Foundation” бош операцион директори Камакши Уосон, Қозоғистон Фуқаролик альянси президенти Бану Нургазиева, Покистон Олий суди адвокати Наим Аллоҳ Раха, “Vision & Global Trends” таҳлилий маркази раҳбари Тиберио Грациани фуқаролик жамияти институтлари фаолияти, айни йўналишдаги ислоҳотлар хусусида сўз юритди.
Қайд этиш керак, 2017-2024 йиллар Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларининг 2 250 га яқин лойиҳаси учун маблағ ажратилган.
Конференцияда бир неча кундан сўнг бўлиб ўтадиган Парламент ва маҳаллий Кенгашлар сайловига алоҳида эътибор қаратилди. Қонунчилик палатасига сайлов илк бор аралаш тизим асосида ўтказилиши, депутатликка номзодлар орасида аёллар улуши 40 фоизга етгани демократик ислоҳотларнинг муҳим босқичи экани қайд этилди.
“E-SAYLOV” электрон ахборот тизими жорий этилиши мазкур муҳим сиёсий жараён шаффофлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши, фуқаролар сайловда фаол иштирок этиши ва жараённи назорат қилиши учун кенг имконият яратиб, тадбир халқаро стандартга мувофиқ ўтишини таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Анжуман якунида иштирокчилар Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш бўйича қатор таклиф, тавсиялар илгари суриши кутиляпти.
Беҳруз Худойбердиев, ЎзА
- Қўшилди: 25.10.2024
- Кўришлар: 948
- Чоп этиш