Янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямизнинг XXI боб, 120-моддасида халқ депутатлари Кенгашига унинг депутатлари орасидан қонунга мувофиқ сайланадиган раис бошчилик қилиши, вилоят, туман, шаҳар ҳокими лавозимини эгаллаб турган шахс бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгашининг раиси лавозимини эгаллаши мумкин эмаслиги мустаҳкамлаб қўйилган.
Конституциямизнинг ушбу моддасига кўра, халқ депутатлари Кенгашларининг ваколатлари муддати беш йил бўлиб, айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ айни бир вилоят, туман, шаҳар халқ депутатлари Кенгашининг раиси этиб сайланиши мумкин эмас.
Айни кунларда жойларда янгиланган халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг илк сессиялари ўтказилиб, ҳокимлар ўз лавозимларига тасдиқланмоқда. Шу билан бирга, маҳаллий Кенгашларга раислар сайланмоқда. Бу жараёнда юқоридаги конституциявий нормаларга амал қилинаётгани эътиборга молик.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Одил Тожиев қуйидагиларни қайд этди:
— Демократик тараққиёт сари яна бир катта қадам ташланмоқда. Мамлакатимиз тарихида илк маротаба вилоят Кенгашларига ҳокимлар раислик қилиши амалда бекор қилиниб, вилоят Кенгаши депутатлари орасидан сайланган депутат вилоят Кенгашига раислик қилишни бошлади. Бу халқимиз билан маслаҳатлашиб, 2023 йилда референдум асосида қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституциямизнинг яна бир муҳим нормасининг амалда қўлланилганини кўрсатади.
Вилоят Кенгашига раислик қилиш инсондан, энг аввало, катта ҳаётий тажриба талаб қилади. Бу лавозимдаги шахс халқ дардини ўз дарди деб биладиган, ҳаёт синовларида тобланган, тегишли ҳудуддаги масала ва муаммоларни яхши биладиган, одамлар орасида катта обрўга эга, шу билан бирга, кун тартибига долзарб масалаларни қўя оладиган шахс бўлиши лозим.
Халқ депутатлари Самарқанд, Жиззах, Навоий ва Хоразм вилоятлари Кенгашлари сессияларида вилоят Кенгаши раислари сайланди. Ижтимоий тармоқларни кузатар эканмиз, ўша вилоятдаги жамоатчилик, ҳамкасбларимиз илк сайланган Кенгаш раислари ҳақида ижобий фикрлар билдираётгани кишини қувонтиради. Айрим раисларнинг фаолиятини яқиндан кузатганим учун ҳам тўғри танлов бўлаётганини айтишни жоиз деб биламан, — дейди О.Тожиев.
Дарҳақиқат, маҳаллий Кенгашлар ва ҳокимларнинг ваколатлари алоҳида-алоҳида қилиб белгилаб қўйилган. Бу эса ушбу органлар масъулияти ва жавобгарлигини оширади, вазифалар такрорланишининг олдини олади. Ҳокимларнинг маҳаллий Кенгашларга раислик қилиш амалиётидан воз кечилгани маҳаллий вакиллик органлари халқ номидан муҳим сиёсий қарорларни мустақил қабул қилишига, ҳокимликлар фаолияти устидан таъсирчан кенгаш ва депутатлик назорати ўрнатилишига хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА
- Қўшилди: 07.11.2024
- Кўришлар: 920
- Чоп этиш