Юртимизда фуқаролик жамияти ҳафталиги бошланди. Бу нафақат давлат ва жамият ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, балки мамлакатимиздаги фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини кенг жамоатчиликка танитиш учун муҳим аҳамият касб этади. Шу боис ҳафталик жараёнларини самарали ва таъсирли ўтиши юртимиз тараққиёти учун ўзига хос қадам бўлади.
Юртимиздаги фуқаролик жамияти институтларининг ривожи, бугунги ҳолати ва келажакдаги вазифалари бўйича “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков ўз фикрларини билдирди.
– Қайд этиш керакки, Ўзбекистонда сўнгги йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қаратилган қонунчилик базаси ҳам янада такомиллаштирилди. Бунга қўшимча равишда давлат томонидан ажратилаётган молиявий ёрдамлар ва имкониятлар соҳада янги юксалишларга йўл очмоқда. Қулай шарт-шароитлар натижасида фуқаролик жамияти институтлари турли соҳаларда фаол иштирок этмоқда.
Айниқса, таълим, соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби муҳим соҳаларда юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш ва улар орқали жамиятдаги долзарб масалаларга ечим топиш жараёнлари йўлга қўйилган.
Бунда фуқаролик жамияти институтларининг давлат органлари билан биргаликдаги ҳамкорлиги муҳим ўрин тутмоқда. Давлат органлари ва ҳукумат ислоҳотларни фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда амалга оширмасдан самарага эришиб бўлмаслигини англамоқда.
Буни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Жамият ислоҳотлар ташаббускори” тамойили ва “Инсон қадри” ғоялари яққол тасдиқлайди. Бу тамойиллар жамиятимиз фаол аъзоларига ташаббускорлик қилиш учун катта рағбат бўлиб хизмат қилмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда ақл марказларининг давлат сиёсатидаги муҳим қарорларни ишлаб чиқишда иштирок этаётгани ва уларнинг фикрлари сиёсий ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишга хизмат қилаётгани катта аҳамият касб этмоқда. Уларнинг қарорлар ва стратегияларни ишлаб чиқишдаги таъсири ҳамда фикрлари сиёсатни такомиллаштиришнинг ҳар бир босқичида инобатга олиниши — бугунги куннинг муҳим воқеликларидан биридир.
Ушбу жараёнларда жамоатчилик иштироки ҳам фаоллашмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбари яқинда Парламентга қилган мурожаатида Қонунчилик палатасининг қўмиталари қошида жамоатчилик кенгашларини, шунингдек, фуқаролар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун Жамоавий ташаббуслар бўйича парламент комиссиясини ташкил этиш таклифини билдирди.
Ушбу ташаббуслар давлат ва жамият бошқарувида ФЖИларнинг самарадорлигини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган бўлиб, уларнинг фаол иштирокини янада рағбатлантиради.
Жамоатчилик назорати – демократик жамиятнинг муҳим элементларидан бири эканлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Бугунги кунда давлат органларининг ҳисобдорлигини ошириш мақсадида жойларда масъул шахсларнинг ҳисоботлари тизимли равишда эшитилмоқда. Бундай ҳисоботлар оммавий ахборот воситаларида эълон қилинаётгани жамоатчилик назоратини кучайтириб, давлат идораларининг шаффофлиги ва масъулиятини оширмоқда.
Фуқаролик жамияти институтлари ушбу жараёнда жамоатчиликнинг ҳаққоний саволларини шакллантириш, уларга жавоб беришни таъминлашда фаол иштирок этиши зарур. Бу уларнинг жамият ҳаётидаги ўрнини янада мустаҳкамлайди.
Фуқаролик жамияти институтлари нафақат мамлакат ичидаги, балки халқаро майдондаги муносабатларни ҳам ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга. Улар Ўзбекистоннинг ижобий имиджини мустаҳкамлаш, халқаро ҳамкорликни кенгайтиришда фаол иштирок этмоқда.
Миллатлар ўртасида маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш, ўзаро тушунишни кучайтиришда ҳам фуқаролик жамияти институтлари етакчи куч вазифасини бажармоқда. Бу жараёнда нодавлат нотижорат ташкилотлари, академик муассасалар, ОАВ ва маданий гуруҳлар асосий иштирокчи сифатида намоён бўлмоқда. Бунда маданий фестиваллар, талабалар алмашинув дастурлари ва санъат кўргазмалари муҳим ўрин тутади. Бундай тадбирлар халқлар ўртасида узоқ муддатли дўстона муносабатларни шакллантириш учун мустаҳкам замин бўлади.
Шу билан бир қаторда, рақамли технологияларнинг жадал ривожланиши фуқаролик жамияти институтлари учун янги имкониятларни очмоқда. Интернет платформалари ва ижтимоий тармоқлар орқали жамиятнинг турли қатламлари билан мулоқот қилиш, ташаббусларни илгари суриш ва жамоатчилик фикрини ўрганиш имконияти кенгаймоқда. Онлайн платформалар орқали ташкилотлар ўз фаолиятини самарали намойиш этиб, аҳоли билан бевосита алоқада бўлишга эришмоқда. Бу жараёнда рақамли технологиялар давлат ислоҳотларини янада самаралироқ амалга оширишга хизмат қилмоқда.
Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, Давлат ва фуқаролик жамияти ўртасидаги шерикликни ривожлантириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ва аҳолининг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш Ўзбекистоннинг демократик тараққиётининг асосий тамойилларидан биридир. Ҳар бир фуқаро ўз ташаббуслари орқали юрт равнақига ҳисса қўшиши зарур.
ЎзА мухбири Абдулазиз РУСТАМОВ ёзиб олди.
- Қўшилди: 05.12.2024
- Кўришлар: 625
- Чоп этиш