Гендер тенглиги жамият тараққиётида қандай жиддий ўзгаришларга сабаб бўлади?

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Жумладан,  жорий йилнинг 13-14 май кунлари Самарқанд шаҳрида «Хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтириш масалаларига минтақавий ёндашув» мавзусида ташкил этилган Осиё хотин-қизлари форуми ҳам айни мақсадларнинг давоми бўлди.

Форум доирасида минтақа хотин-қизларининг фан, таълим ва инновацион фаолиятдаги иштироки ҳамда рақамли технологиялардан фойдаланиши, ҳозирги глобал иқтисодиётда аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш орқали камбағалликни кисқартириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Аввало эътибор қаратадиган бўлсак,  Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституциясида ҳам хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари алоҳида ўрин эгаллайди. Хусусан, Конституциянинг 42 ва 58-моддаларида аёлларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилишини олдини олиш, улар учун муносиб турмуш ва иш шароитларини яратиш ҳамда хотин-қизларга жамиятнинг барча жабҳаларида эркаклар билан тенг ҳуқуқ ва имкониятлар таъминланиши назарда тутилган.

Яна бир жиҳат, 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси қабул қилинди. 2023 йилнинг ўзида гендер тенгликни таъминлаш ҳамда аёлларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётдаги ролини оширишга оид 13 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат – 3 та қонун, 4 та Президент фармони ва қарори, 6 та Ҳукумат қарори қабул қилинган.

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга ошириш жараёнида орттирилган тажриба ва жамоатчилик муҳокамаси натижалари асосида ишлаб чиқилган «Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасида эса хотин-қизлар фаоллигини ошириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, гендер тенглигини таъминлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар белгиланган. Унга кўра гендер тенгликни таъминлаш сиёсатини давом эттириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини кучайтириш орқали бошқарув лавозимларидаги хотин-қизлар улушини 30 фоизга ошириш кўзланган.

Дарҳақиқат,  сўнгги 5 йилда Ўзбекистонда тадбиркор аёллар сони ҳам икки баравар ортди, 205 мингдан зиёд хотин-қиз ўз бизнесини йўлга қўйди.

Мамлакатимизда хотин-қизларни замонавий билимларга ўргатиб, қизиқишлари асосида имкониятлар яратиш ишлари ҳам жадаллашди. Хусусан, АКТ соҳасида ҳам қизларнинг сони ортмоқда. Буни «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида таълим олган ёшларнинг 47 фоизи, яъни қарийб ярмини қизлар ташкил этганидан ҳам кўришимиз мумкин.

Бу имкониятлар ўз навбатида хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини мустаҳкамлашни таъминлайди. Бу уларнинг тўлиқ таълим олиши, замонавий билим ва касб-ҳунарларга қизиқишини орттириб малакали мутахассислар бўлиб шаклланиши учун зарур шарт-шароитларни яратади.

Шу йил 4 март куни Жаҳон банки эълон қилган «Аёллар, бизнес ва қонун 2024» индексида 5 та энг илғор ўзгаришларни амалга оширган давлатлар қаторида Ўзбекистон ҳам қайд этилди. «Аёллар, бизнес ва қонун» деб номланган ушбу йиллик ҳисоботда дунёнинг 190 та давлатидаги ҳолат 10 та кўрсаткич бўйича баҳолаб борилади. Янги индексда мамлакатимизда меҳнат муносабатлари ва оиладаги зўравонликка қарши кураш соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар муваффақиятли деб топилган.

Ислоҳотлар мамлакатнинг иккита асосий кўрсаткичи – «меҳнатга ҳақ тўлаш» ва «никоҳ» доирасида давлатнинг рейтингдаги мавқеини яхшилашга ижобий таъсир кўрсатди. Бу мамлакат рейтингининг 11,9 пунктга кўтарилишига олиб келди ва Ўзбекистон «Аёллар, бизнес ва ҳуқуқ» индексида 100 баллдан 82,5 баллни эгаллади. Ўзбекистон Сингапур, Туркия ва Бирлашган Араб Амирликлари билан бир хил балл тўплаб, Марказий Осиёда энг яхши натижага эришди. 

Яна бир жиҳат – Ўзбекистонда аёлларга эркаклар билан тенг қийматдаги меҳнат учун тенг ҳақ тўлашни кафолатловчи қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилиниб,  айрим соҳаларда аёллар меҳнатидан фойдаланишга қўйилган чекловлар бекор қилиниши ҳам инсон қадри тамойилининг яна бир ифодаси бўлди.

2023 йил апрель ойида Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга оиладаги зўравонликка, хусусан, оилавий муносабатлардаги жисмоний, руҳий ва иқтисодий зўравонликка қарши курашиш бўйича ўзгартиришлар киритилди. Шунингдек, ушбу турдаги жиноятлар учун жиноий жавобгарлик белгиланди. Бу каби мақсадли ишларнинг кўлами кенгайиб бормоқда. 

Шу ўринда савол туғилиши мумкин: гендер тенглиги жамият тараққиётида қандай жиддий ўзгаришларга сабаб бўлади? Дарҳақиқат,  бу мамлакат ҳаётининг барча соҳаларида жиддий ўзгаришларга сабаб бўлади. Биринчидан, гендер тенглиги мамлакатнинг иқтисодий ўсиш ва тараққий этишига ёрдам беради. Хотин-қизларга меҳнат ва тадбиркорлик соҳасида тенг имкониятларни таъминлаш миллий иқтисодиётнинг ривожланишига олиб келади. Шунингдек, хотин-қизларнинг иқтисодиётдаги фаоллигини ошириш камбағалликни қисқартиришнинг самарали ечимларидан бири ҳисобланади.

Иккинчидан, эркаклар ва аёлларнинг соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлардан тенг фойдаланиш имкониятини таъминлаш миллатнинг умумий саломатлигини яхшилашга ва турли касалликлар оқибатида юзага келувчи ўлим ҳолатларининг камайишига имкон беради.

Учинчидан, аёллар ва эркаклар учун тенг имкониятларнинг яратилиши зўравонликнинг камайишига ҳам олиб келади. Бундан нафақат хотин-қизлар, балки болалар учун ҳам хавфсиз муҳит яратилади.

Инобат Ҳакимова,

 «Тараққиёт стратегияси» маркази бош мутахассиси.

  ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech