Гендер тенгликни таъминлаш бўйича Янги Ўзбекистон миллий тажрибаси дунёга тақдим этилади

ТОШКЕНТ, 30 октябрь. /"Дунё" АА/. Қачонки аёл маърифати юксалса, миллат ҳам уйғонади. Янги Ўзбекистон бугун тенглик ва маърифат орқали Янги Ренессансга қадам қўймоқда.

Дунё нигоҳини қаратган минбар — Самарқанд

Айни пайтда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси илк бор тарихда Париждан ташқарида – Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётгани жаҳон миқёсида маданият, таълим, фан ва тараққиёт бўйича қабул қилинадиган стратегик қарорларнинг энг нуфузли майдони — Самарқанд бўлиб турибди.

Бу воқеа рамзий эмас – геосиёсий баёнот. Деярли 40 йил ичида илк бор ЮНЕСКО Бош конференцияси Париждан ташқарида ўтмоқда ва бу шараф Самарқандга насиб этди. Бу Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамият томонидан юксак даражада эътироф этилиши, мамлакатимизнинг ишончли, стратегик ҳамкор сифатида кўрилаётганининг ёрқин далилидир.

Тарих гувоҳлик берадики, қадимдан илм олишни истаган инсонлар дунёнинг энг бебаҳо кутубхоналари, энг машҳур мадрасалар, буюк алломалар юрти бўлган Самарқандга талпинган. Бу муҳташам кент, ундан таралган маърифат қалбларга нур ва ҳарорат берган. Ушбу қадим кент инсон ўз умри давомида албатта бориб кўриши керак бўлган 50 та шаҳардан бири сифатида эътироф этилди.

Ўзининг маҳобатли ўтмиши, саодатли бугуни ва нурли келажаги билан ер юзига сайқал бериб турган Самарқанд ҳамиша асрлар ардоғида, дунё сиёсатдонлари нигоҳида бўлиб келган. 

Бугун Самарқанд яна буюк ўтмиши, саодатли бугуни, порлоқ келажаги ҳақида сўзлайди. У дунё миқёсидаги фикр алмашинув, стратегия ва янги ташаббуслар марказига айланади: давлатлар, халқаро ташкилотлар, вазирлар, экспертлар, етакчи аёллар, ёшлар ва жамоат арбоблари шу ерда глобал кун тартибини белгиламоқда.

Бу кун тартиби таълим, илм-фан, маданий меросни ҳимоя қилиш, рақамли дунёда адолат, барқарор ривожланиш, тинчлик ва кўп томонлама ҳамкорликдан иборат. Айнан шу майдонда биз, Ўзбекистон, жаҳон жамоатчилиги олдида ўз позициямиз билан чиқяпмиз: аёллар ҳуқуқи, қизлар салоҳияти, она ва бола хавфсизлиги, оиланинг барқарорлиги — бу эндиликда фақат "ижтимоий масала" эмас, бу давлатларо хавфсизлик, ижтимоий барқарорлик, миллий устувор йўналиш ва иқтисодий ўсишнинг асосий шарти ҳамдир.

Гендер тенглиги — стратегик мақсад

Бугунги дунёда гендер тенглиги барқарор тараққиётнинг муҳим шарти сифатида қаралмоқда. Хотин-қизларнинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, улар учун муносиб иш ўринлари, қарор қабул қилиш жараёнларида тенг ва таъсирли иштирок этиши — ёруғ келажак пойдеворидир.

Ўзбекистон бу масалани очиқ ва принципиал равишда кун тартибига қўймоқда. Мамлакатимизда сўнгги йилларда хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни зўравонлик ва тазйиқдан асраш, ижтимоий-сиёсий ҳаётга, давлат бошқарувига фаол жалб қилиш, таълим ва меҳнат орқали иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлаш бўйича тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу шунчаки маънавий даъват эмас, бу қатъий давлат сиёсати.

Давлатимиз Раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан хотин-қизлар масаласи ижтимоий мавзудан халқаро сиёсат даражасига кўтарилди. Хотин-қизлар ҳуқуқи, унинг иқтисодий роли, оила институтини сақлаш ва мустаҳкамлаш, бола тарбияси, масъулиятли она-ота бўлиш маданиятини жорий этиш масаласи бугун миллий барқарорлик сифатида қаралмоқда.

Бугун Ўзбекистон гендер тенгликни таъминлашнинг мутлақо янги босқичига чиқди. Хотин-қизлар таълими, илм-фан, инновация ва рақамли иқтисодиёт соҳаларида илғор натижаларга эришмоқда.

Сўнгги йилларда бу йўналишда тизимли ҳуқуқий ва амалий ислоҳотлар амалга оширилди. 2019 йилда "Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида" ҳамда "Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонунлар қабул қилинди.

Ўзбекистон БМТнинг аёлларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги Конвенцияси, Пекин декларацияси ва Барқарор ривожланиш мақсадларига содиқ эканини амалда исботлаб келмоқда.

2021 йилда 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси қабул қилинди. Натижада давлат бошқаруви ва маҳаллий кенгашларда аёллар сони сезиларли ошди — парламентда хотин-қизлар улуши 2018 йилдаги 12,6 фоиздан 2025 йилда 38 фоизга етди.

Олий таълимдаги қизлар сони 2017 йилдаги 38 фоиздан 53 фоизга кўтарилди, STEM соҳаларидаги иштирок улуши ҳам ортди. Эҳтиёжманд оилалар қизлари учун ажратилган давлат грантлари 2020 йилдаги 1000 тадан 2025 йилга келиб 4000 тага етди. 5 йиллик меҳнат стажига эга, олий маълумоти бўлмаган аёллар учун махсус квоталар жорий этилди ва бу имкониятдан 2000 дан ортиқ хотин-қиз фойдаланди.

Магистратурада ўқиётган хотин-қизларнинг контракт тўловлари давлат томонидан қопланмоқда — 2022–2025 йилларда бу мақсадда 333,8 млрд сўм йўналтирилди. 415 мингга яқин талаба қиз 7 йиллик фоизсиз таълим кредити билан қўллаб-қувватланди. Илм-фан соҳасида фаоллик ортаётир — сўнгги етти йилда 5200 дан ортиқ аёл PhD/DSc илмий даражасига эга бўлди.

Юксак натижалар халқаро миқёсда ҳам эътироф этилмоқда: 2024 йилда Ўзбекистон гендер тенглиги ва бошқарув индексида 103-ўриндан 52-ўринга кўтарилди. Жаҳон банкининг "Аёллар, бизнес ва қонун" ҳисоботига кўра, Ўзбекистон гендер тенглиги йўналишида энг катта ютуқ қайд этган бешта давлатдан бири бўлди.

"Аёл. Тарих. Тамаддун"

Жорий йил 4 ноябрь куни ЮНЕСКОнинг 43-сессияси доирасида "Гендер тенглигини кўп томонлама ҳамкорлик орқали ривожлантириш" мавзусида махсус тадбир ўтказилади.

Бу нуфузли учрашувда халқаро ташкилотлар вакиллари, давлат арбоблари, турли мамлакатлардан келган етакчи аёллар, ёшлар, мутахассислар иштирок этади. Ушбу мулоқотнинг марказида эса муштарак асосий ғоя туради: маърифатли, билимли, масъулиятли аёл - келажакнинг муҳим драйвери.

Биз эндиликда аёлни фақат "оила таянчи" сифатида эмас, балки "инсон капитали", "ижтимоий барқарорлик кафолатчиси", "сиёсий ҳамкор", "адолатли раҳбар" сифатида кўрсатмоқдамиз. Бу каби масалалар бугун халқаро ҳамжамият учун ҳам долзарб.

Шарқдан маърифат бошланганини инкор этиб бўлмайди. Бу замин азалдан илм, фан ва маданият бешиги бўлиб келган. Бизнинг Ватанимиз — туркий давлатлар тарихида ҳам аёлларга катта ҳурмат билан муносабатда бўлинган, уларнинг жамиятдаги ўрни эъзозланган. Айниқса, илм-маърифатни рағбатлантирган, мадраса қурдирган, вақф ишларини йўлга қўйган маърифатпарвар аёллар ҳақидаги тарихий маълумотлар бунинг яққол исботидир.

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан тайёрланиб, нашр этилган мазкур китоб-альбомда ҳам ана шундай буюк аёллар ҳақида сўз боради. Уларнинг орасида давлат бошқарувида фаол иштирок этган зукко ва билимдон маликалар, халқнинг маънавий тараққиёти йўлида хизмат қилган вақфия аёллар, Ватан ҳимоясида жасорат кўрсатган буюк аёллар мавжуд. Уларнинг амалга оширган ишлари, жамиятга қўшган ҳиссаси бугунги авлод учун ҳақиқий ибрат мактаби саналади. Шунинг учун ҳам мазкур китоб-альбомнинг ЮНЕСКОнинг Самарқанддаги нуфузли тадбирлари доирасида тақдим этилиши рамзий аҳамият касб этади. Бу билан биз жаҳонга шундай даъватни етказамиз: "Бизнинг аёлларимизнинг тарихи буюк, биз шу тарихнинг ворисимиз ва бу меросни фахру ифтихор билан давом эттирамиз."

Шарқ аёллари, хусусан, бизнинг юртимиз заминида вояга етган заковатли аёллар - инсоният маънавий тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган. Бу заминда Имом Бухорий, Ибн Сино, Беруний, Мирзо Улуғбек, Термизий каби буюк зотларни дунёга келтириб, тарбия қилган оналарни бугун тилга олиб, эҳтиром кўрсатишимизнинг айни фурсатидир. Улар камол топган муҳитда аёллар, оналар маърифат нурини таратган, илм ва ҳаётнинг ҳақиқий маъносини уққан. Шу жиҳатдан, мазкур китоб - бу фикрларнинг илмий ва амалий жамланмасидир.

Ўзликка қайтиб: илм, маърифат ва хотин-қизлар фаоллигининг янги босқичи

Сир эмас, халқимиз яқин ўтмишда оғир синовларни бошидан кечирди. Мустамлакачилик, қатағонларнинг даҳшатга қоришиқ тўлқинли йиллари жамиятнинг зиёли қатламини йўқотишга олиб келди. Қимматли қўлёзмаларимиз, асарларимиз четга олиб кетилди, маънавий меросимиз хазинаси бўшаб қолди. Бироқ бугун биз янги давр остонасидамиз — ўз тарихимизни қайта тиклаяпмиз, маънавий илдизларимизни қайта кашф этмоқдамиз. Бироқ бугун биз янги давр остонасидамиз — ўз тарихимизни қайта тиклаяпмиз, маънавий илдизларимизни қайта кашф этмоқдамиз. Биз бошлаган бу маънавий тикланиш – халқимиз қайта уйғонишининг, илм ва маърифатнинг юксалиш давридир. Бу шиор, ёки баланд-парвоз, ярқироқ сўзлар эмас — бу, буюк аждодлари бўлган халқнинг қайта уйғониши, илм, маърифат, маданият ва инсон қадрининг яна юзага чиқиши, улуғланишидир. Ва бу маънавий юксалишнинг марказида — аёллар, қизлар ва яна миллатнинг маърифатли оналари турибди.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, Самарқандда ўтаётган ЮНЕСКО Бош конференцияси биз учун шараф ҳам, масъулият ҳамдир. Дунё ҳамжамияти гувоҳ бўлиб турибди: Ўзбекистонда гендер тенглиги меъёр эмас, ҳаёт ҳақиқати. Бугун хотин-қизлар Янги Ўзбекистонда тараққиётнинг етакчи кучи сифатида намоён бўлмоқда.

Бир сўз билан айтганда, бугунги ислоҳотлар — халқимиз қадр-қимматини, унинг азалдан маърифий ва илмий салоҳиятини жаҳонга тантанали равишда намоён этаётган, миллий ўзлигимиз ва маънавий қудратимизни янги босқичга олиб чиқаётган тарихий жараёндир.

Зулайҳо Махкамова,

Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари –

 Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech