Ғарб олимлари бутун дунёни яқинлашиб келаётган глобал таҳдиддан огоҳлантирмоқда. Зеро, 2024 йил меъёрий ўртача ҳарорат 1.5 даража кўтарилиши бутун дунё учун жиддий сергаклик қўнғироғидир.
– Жамиятда “Чизиқ кесиб ўтилди ва ҳеч нима содир бўлмади”, қабилидаги одатий кайфият ҳукмрон бўлиши мумкин, – дейди Буюк Британиядаги Эксетер университети социологи, иқлим хавфини ўрганувчи олим Гейл Уайтмен.
Унинг қўшимча қилишича, инсоният хавфсизлик ҳудуди ҳисобланган чегарага яқинлашмоқда. Эксперт бу масала Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бўлажак иқлим саммитида кўтарилишига умид билдирди.
Бир вақтлар Япониянинг Нагоя университети олимлари Арктиканинг қор ва муздан холи ҳудудларидаги чанг Шимолий қутб иқлимини ўзгартирадиган муҳим омиллигини аниқлаган эди.
Янги тадқиқот кўрсатдики, Арктика исиши билан қор ва муз эриётган ҳудуд кенгайиб, чанг чиқиндиси кўпаяди. Аввалроқ олимлар Арктикада ўрмон ҳосил бўлиши минтақа музи эришини тезлаштириши мумкинлигини аниқлаган эди.
Глобал ҳароратни мустақил кузатиб борувчи бир неча халқаро ташкилот биргаликда эълон қилган маълумот ўтган йил Ердаги ҳарорат 1850-1900 йиллардаги ўртача кўрсаткичдан 1.55 °C юқорилигига ишора қилмоқда.
Кутилмаганда 2024 йилдаги рақам иссиқлик рекорди ўрнатилган 2023 йилга нисбатан ҳам сезиларли ўсишни кўрсатди. Иқлимшунослар икки йил давомида ҳарорат кескин кўтарилиши ёки Ернинг иқлим тизимидаги ўзгариш эҳтимолини текширмоқда.
200 га яқин давлат 2015 йил Париж иқлим келишувини имзолаган ва глобал исишни саноатгача бўлган даражадан 1.5°C гача туширишга рози бўлган. Афсуски, фото альбом ёнилғи ва бошқа манбалардан чиқадиган углерод чиқиндиси шамол ва қуёш энергияси каби тоза энергия манбалари тез ривожланишига қарамай, ўтган йил рекорд даражада кўтарилишда давом этди.
– Алоҳида йиллар 1.5 даража чегарасидан ошиб кетиши узоқ муддатли мақсадга эришишни қийинлаштиради, – дейилган БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш тайёрлаган баёнотда. – Демак, вазият биз бу йўлда янада жиддий курашишимиз кераклигини англатади. Раҳбарлар ҳозирдан ҳаракатни кучайтиришлари лозим.
Муҳаррама Пирматова тайёрлади. ЎзА
- Қўшилди: 21.01.2025
- Кўришлар: 112
- Чоп этиш