7 апрель – Саломатлик куни
Саломатлик куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан 1950 йилдан буён айнан 7 апрелда нишонлаб келинади.
Жаҳон саломатлик куни сайёрамизнинг ҳар бир аҳолиси эътиборини соғлиқни сақлаш мавзусига жалб этиш, одамлар фаровонлигини ҳимоя қилиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни амалга оширишга қаратилган глобал акциядир.
Ушбу сана ҳар йили сайёрамиз олдида турган глобал муаммоларга бағишланиб, турли шиорлар остида ўтказилади. Бу йил Она ва янги туғилган чақалоқлар саломатлиги масаласига устуворлик берилиб, “Ёрқин келажак сари соғлом илк қадам” мавзуси танланди. Шу муносабат билан ташкил этилаётган тарғибот тадбирлари орқали оналар ва чақалоқлар ўлимига барҳам бериш ҳамда аёллар саломатлиги ва фаровонлигини ошириш жараёнига ҳисса қўшиш кўзда тутилган.
ЖССТ ва ҳамкорлар томонидан ҳомиладорлик ва туғиш, шунингдек туғруқдан кейинги даврда саломатликни мустаҳкамлаш бўйича фойдали маълумотлар тарқатмоқда.
Маълумки, ҳар бир аёл ва чақалоқ омон қолиши ва ривожланишини таъминлаш жуда муҳим вазифа. Афсуски, ҳозирги кунда ҳар йили 300 000 га яқин аёл ҳомиладорлик ва туғиш билан боғлиқ сабаб туфайли жон таслим қилмоқда. Икки миллиондан ортиқ чақалоқ ҳаётининг биринчи ойидаёқ вафот этяпти ва тахминан 2 миллион ҳомиладорлик жонсиз туғилиш билан ниҳояланяпти. Хуллас, ўртача ҳар 7 сонияда олдини олиш мумкин бўлган ўлим содир бўлмоқда.
Мавжуд тенденцияларга асослансак, мамлакатларнинг бешдан тўрт қисми 2030 йилга қадар оналар омон қолиши ўртача кўрсаткичидан ортда қолади. Ҳар уч мамлакатдан бири янги туғилган чақалоқлар ўлимини камайтириш мақсадига эриша олмаяпти.
Бутун дунёда аёллар туғруқ олди ва вақтида, жараёндан кейин юқори сифатли парвариш, жисмоний ва ҳиссий ёрдамга муҳтож.
Она ва чақалоқ дуч келадиган кўплаб муаммоларни ҳал қилиш соғлиқни сақлаш тизими эволюциясини тақозо қилади.
Бу масалалар нафақат ҳомиладорлик ёки туғишнинг бевосита асорати, балки руҳий ва юқумли бўлмаган касалликлар ҳамда оилани режалаштиришни ҳам назарда тутади.
Шу боис бугунги кунда аёллар ва янги туғилган чақалоқлар саломатлигини яхшилаш чора-тадбирларига самарали сармоя киритиш жуда долзарб. Ота-оналар ва шошилинч тиббий ёрдам ходимларини қўллаб-қувватлаш учун жамоавий ҳаракатни рағбатлантириш лозим.
Жаҳон саломатлик куни дунёнинг барча мамлакатлари учун асосий муаммоларни ҳал қилиш учун яхши имконият. ЖССТ экспертлари глобал миқёсда 2 ярим миллион шифокор, 9 миллион ҳамшира ва ўрта тиббиёт ходими, бошқа мутахассисликлар бўйича 6 миллион ишчи етишмаслигига эътибор қаратмоқда.
Муаммо айниқса энг қашшоқ мамлакатларда ўткир тус олган. Иқтисодиёти ривожланган давлатларда ҳам соғлиқни сақлаш ходимлари асосан шаҳарларда тўпланган. Яъни, қишлоқлар, чекка ҳудудларда тиббий хизмат сифати паст.
Саломатлик куни тадбирлари давомида нафақат тиббий саводхонлик, балки тиббиёт ходимлари сонини кўпайтириш, соҳага ёшларни кенг жалб қилиш ва қизиқтиришга қаратилган тарғибот ишлари ҳам олиб борилади.
Гўзал Сатторова, ЎзА
- Қўшилди: 07.04.2025
- Кўришлар: 447
- Чоп этиш