Энг долзарб экологик масалалардан бири чиқинди муаммосидир. Инсонларнинг яшаш эҳтиёжи натижасида ҳосил бўлувчи органик ва ноорганик чиқиндилар, шунингдек уларнинг ҳудудида ва ободонлаштириш объектларидаги табиий жараёнлар натижасида ҳосил бўлувчи чиқиндилар (озиқ-овқат ва ўсимлик чиқиндилари, тўқимачилик маҳсулотлари, қадоқланадиган материаллар, шиша, резина, қоғоз, пластмасса, ёғоч чиқиндилар, ўзининг фойдаланиш хусусиятларини йўқотган уй-рўзғор буюмлари) маиший чиқиндилар деб аталади.
Соҳа вакиллари чиқиндиларнинг қуёш нури таъсирида чириб, оқибатда ундан биогазлар ажралиб чиқиши, иссиқ кунлари улар ўз-ўзидан ёниб, атрофга заҳарли ҳид ва тутун тарқатиши хусусида бир неча бор огоҳлантирган. Айниқса, кундалик эҳтиёжимизда деярли ҳар куни ишлатиладиган полиэтилен пакетларнинг зарари ўйлаганимиздан ҳам кўпроқ. Кўп ҳолларда дўконлардан олинган пакет маҳсулот соладиган идишдан чиқинди қопчагача бўлган йўлни босиб ўтади.
Нима учун пластик пакетлар хавфли? Чунки улар 100 йилдан 400 йилгача бузилади. Уларни ёқиб бўлмайди, сабаби улардан заҳарли моддалар ажралиб чиқади, ҳаво орқали тарқалиб, сувни булғайди. Ҳар йили пластик пакетлар сабабли юз минглаб балиқлар, паррандалар ва сут эмизувчилар қирилади.
Маълумки, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 4 январдаги “Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан чиқинди соҳасини янада такомиллаштириш, атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш мақсадида қатор ишлар амалга оширилиши белгилаб қўйилган.
Хусусан, Ўзбекистонда қаттиқ маиший чиқиндиларни саралаш тизимини босқичма-босқич ташкил этиш лойиҳаси ишга туширилиши режалаштирилган. 2024 йил 1 июлга қадар тегишли ҳудудларда хизмат кўрсатувчи санитар тозалаш корхоналари томонидан чиқиндиларни тоифаларга ажратган ҳолда тўплаш учун фуқаролар қайта ишланадиган қаттиқ маиший чиқиндилар учун — шаффоф, рангсиз, қайта ишланмайдиган қаттиқ маиший чиқиндилар учун — қора ранг, озиқ-овқат чиқиндилари учун — жигарранг махсус чиқинди пакетлари билан бепул таъминланади.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчи тадбиркорлардан махсус чиқинди пакетларини харид қилиш бўйича тижорат таклифларини қабул қилади.
Харид қилинадиган пакетлар учун қандай талаблар қўйилади?
Қайд этилишича, энг аввало пакетлар микроорганизмлар иштирокида биопарчаланиш хусусиятига эга бўлиши ёки таркибида крахмал бўлган органик чирувчи маҳсулотлардан ишлаб чиқарилган бўлиши керак. Пакетлардан чиқиндиларни саралаб йиғишда фойдаланилади. Пакетларнинг ҳар бири ихчам шаклда йиғилган, тахланган, бир-бирига кетма-кет уланган, ўралган рулон ҳолатида ишлаб чиқарилган бўлиши, ранги шаффоф, рангсиз, қора ҳамда жигарранг бўлиши лозим.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, бугун ҳар бир супермаркетдаги кассалар атрофида матоли халталарни сотувда учратиш мумкин. Ҳақиқий табиат жонкуярлари бу каби халталарнинг фойдали томонларини англаб етади. Тўғри, елим пакетлар билан матоли халталарнинг нархида фарқ бор.
Аммо полиэтилен пакетлар учун тўланаётган, арзимас туюлган пуллар йиғила-йиғила жуда катта миқдордаги маблағга айланиб, елим халта ишлаб чиқарувчилар ва уни пуллаётган дўкондорларнинг чўнтагини қаппайтиришга хизмат қилади. Қолаверса, ҳар куни уйга елим халта кириб келади, матодан тикилган халтани эса бир неча ой давомида ишлатиш мумкин.
Муҳайё Тошқораева,ЎзА
- Қўшилди: 11.03.2024
- Кўришлар: 2423
- Чоп этиш