I ва II гуруҳ ногиронлари, олдинги “акция” вақтида йиғим тўлаган шахслар тўловдан озод қилинади, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига киритилган шахсларга 50 фоиз чегирма берилади

АОКАда ўтказилган брифингда Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Дилмурод Ражабоев “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Қонун мазмун-моҳияти ва аҳамияти юзасидан маълумот берди:

Ҳозирги кунда ҳуқуқий ҳужжатлари йўқ ёки тўлиқ бўлмаган, ер участкасидан узоқ йиллар давомида фойдаланиб келаётган ёки ерга бўлган ҳуқуқларни расмийлаштириш масаласи ер эгасига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра охирига етмаган ер участкалари мавжуд.

Қолаверса, амалдаги қонунчиликда ушбу ерларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш учун ҳуқуқий асос ҳам, ваколатли орган ҳам белгиланмаган.

Шу сабабли, жорий йилнинг 5 августида Президентимиз томонидан “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Қонун имзоланди.

Қонун 35 моддадан иборат бўлиб, 2028 йил 1 январга қадар амал қилади.

Мазкур Қонун 3 ойдан кейин кучга киради.

Қонунга асосан қуйидаги кўчмас мулкларга нисабатан ҳуқуқлар эътироф этилиши белгиланмоқда:

1) 2018 йил 1 май кунига қадар фуқаролар якка тартибдаги уй-жой қурган ҳолда ўзбошимчалик билан эгаллаган ер участкаси ҳамда унда қурилган бино ва иншоотларга;

2) 2018 йил 1 май кунига қадар фуқаролар ва ташкилотлар томонидан ҳужжатда кўрсатилган майдондан ортиқча эгалланган ер участкаси ҳамда унда қурилган бино ва иншоотларга;

3) “бир марталик акция” доирасида ҳуқуқларни эътироф этиш охирига етмаган ер участкаси ҳамда унда қурилган бино ва иншоотларга;

4) 2021 йил 8 июнга (ҳокимларнинг ваколати бекор қилингунига) қадар туман (шаҳар) ҳокимлари қарори билан ажратилган, лекин вилоят ҳокими ёки халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланмаган ер участкаларига;

5) боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари (“БУШ”) ҳудудидаги турар жойлар ҳамда улар эгаллаган ер участкасига;

6) кичик саноат зоналари ҳудудига 2020 йил 9 мартга қадар жойлаштирилган тадбиркорларнинг ер участкасига;

7) давлат ордери билан хусусийлаштирилган бинолар ва уйлар эгаллаган

ер участкасига;

8) ҳоким қарори билан мулк ҳуқуқи эътироф этилган бинолар ва уйлар эгаллаган ер участкасига.

Бунда, ижара муддати якка тартибдаги уй-жойлар эгаллаган ер участкалари учун тўқсон тўққиз йил, бошқа ер участкалари учун қирқ тўққиз йил этиб белгиланмоқда.

 

Ҳуқуқларни эътироф этишнинг асосий шартлари сифатида қуйидагилар белгиланмоқда:

1) ер участкаси бошқа шахсга ажратилмаганлиги ёки аукционга чиқарилмаганлиги;

2) ер участкасидан фойдаланишда низо мавжуд эмаслиги;

3) ер ва мол-мулк солиғи бўйича қарздорлик мавжуд эмаслиги;

4) муҳофаза зонасида, суғориладиган ерда жойлашмаганлиги;

5) бош режа талабларига зид эмаслиги (мавжуд бўлса)

6) ҳар бир категорияга хос бошқа шартлар (инвестиция мажбурияти бажарилганлиги, ширкат аъзоси ҳисобланиши ва бошқалар).

Якка тартибдаги уй-жойлар эгаллаган ерларга ижара ҳуқуқи қуйидаги ҳажмгача эътироф этилади:

1) 1998 йил 1 июлга қадар эгалланган бўлса0,24 гектаргача;

2) 1998 йил 1 июлдан 2018 йил 1 май кунига қадар эгалланган бўлса – Тошкент, Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида 0,06 гектар, қолган ҳудудларда

0,12 гектардан ошмаган ҳажмда.

Ушбу ҳажмдан ортиқча ерлар, агар низо бўлмаса, деҳқон хўжалиги ёки томорқа хўжалиги юритиш учун расмийлаштириб берилади.

Шунингдек, ер участкалари бошқа маъмурий-ҳудудий бирлик таркибидан Тошкент, Нукус шаҳарлари ёки вилоят марказлари ҳудуди таркибига ўтказилган ҳолларда, ер участкаларига бўлган ижара ҳуқуқи улар аввал жойлашган маъмурий-ҳудудий бирликдаги ижара ҳуқуқини эътироф этиш шартларига мувофиқ амалга оширилади

Қонун билан ҳуқуқларни эътироф этиш қуйидаги босқичларда амалга оширилади:

Ҳуқуқларни эътироф этиш бўйича ҳудудлар бўйича босқичма-босқич амалга оширилади, бунинг учун Кадастр агентлиги ҳар йили вилоят ҳокимлари таклифлари асосида режа-жадвал тасдиқлайди, унга асосан:

1) Кадастр агентлиги Автоматлаштирилган ахборот тизимини яратиб, унга барча ерлар бўйича 6 хил турдаги бирламчи маълумотларни киритади (15-модда);

2) 10 дан ортиқ ваколатли орган (ҳокимлик, қурилиш, экология, солиқ, “Ўзбеккосмос” агентлиги ва бошқалар) ҳар бир ер участкаси бўйича ўз ваколатидаги маълумотларни тизимга киритади (16-модда, 2 ой);

3) Автоматлаштирилган ахборот тизимида тўлиқ шакллантирилган электрон йиғмажилд маълумотлари тегишли фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари биноларининг эълонлар учун бурчакларида, Кадастр агентлигининг расмий веб-сайтида ҳамда бошқа ахборот манбаларида жамоатчиликка эълон қилинади;

4) манфаатдор жисмоний ва юридик шахслар ушбу маълумотлар бўйича ваколатли ташкилотларга шикоят қилиши мумкин (17-модда 1 ой).

5) тўпланган барча ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва қонунийлиги тизим орқали Адлия вазирлигининг тегишли ҳудудий бўлинмалари томонидан ўрганиб чиқилади (18-модда, 2 ой);

6) ижобий хулоса қабул қилинган фуқароларга Кадастр агентлиги томонидан хабарнома юборилади (фуқаро ариза бериши талаб этилмайди) (19-модда);

7) хабарнома асосида бир марталик тўловни амалга оширганларга Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар

ва Тошкент шаҳар Кенгашлари қарори билан ҳуқуқлар эътироф этилади

(ерга – ижара ҳуқуқи, бино-иншоотга – мулк ҳуқуқи).

Иш давомида юзага келадиган жорий масалаларни ҳал қилиш учун халқ депутатлари туман Кенгаши қарори билан барча ваколатли органларнинг туман бўлинмаларидан иборат Ишчи гуруҳлар тузилади (13-модда).

Ҳуқуқларни эътироф этганлик учун қуйидаги миқдорларда бир марталик тўлов ундирилиши қайд этилмоқда:

1) Тошкент шаҳрида – БҲМнинг 5 баравари (1,7 млн сўм);

2) Нукус шаҳри ва вилоят марказларида – БҲМнинг 3 баравари (1,02 млн сўм);

3) вилоятлар бўйсунувидаги бошқа шаҳарларда – БҲМнинг 2 баравари

(680 минг сўм);

4) бошқа аҳоли пунктларида – БҲМнинг 1 баравари (340 минг сўм);

5) Қолган ҳолларда эса (ҳужжатда кўрсатилганидан ортиқча эгалланган ерлар, тижорат мақсадлари учун ажратилган ерларда), бир марталик тўлов тегишли ҳудуддаги ўртача аукцион баҳоси миқдорида тўланади (ўртача аукцион баҳоси туманлар ва маҳаллалар кесимида Давактив агентлиги томонидан ҳар олти ойда эълон қилинади).

Бунда, I ва II гуруҳ ногиронлари, олдинги “акция” вақтида йиғим тўлаган шахслар тўловдан озод қилинади, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига киритилган шахсларга 50 фоиз чегирма берилади.

Қонуннинг қабул қилиниши натижасида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларига нисбатан ижара ҳуқуқи ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга нисбатан мулк ҳуқуқини расмийлаштириш учун ҳуқуқий асослар яратилишига хизмат қилади.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech