Ижтимоий ҳимояга доир қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ижтимоий ҳимояга доир қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Мазкур фармонга мувофиқ, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга уй-жой коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича бериладиган имтиёзлар ўрнига 2024 йил 1 апрелга қадар тўланган компенсация пули фуқаролар ихтиёрида қолдирилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига қуйидаги  ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади:

ходимлари умумий сонининг камида 50 фоизи ногиронлиги бўлган шахслардан иборат ва ногиронлиги бўлган шахслар меҳнатига ҳақ тўлаш фонди умумий меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг камида 50 фоизини ташкил этадиган юридик шахслар ва ногиронлиги бўлган якка тартибдаги тадбиркорлардан товарларни (хизматларни) харид қилиш тизимини такомиллаштириш;

ижтимоий ҳимоя соҳасини рақамлаштириш имкониятини берувчи ахборот тизимларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш муддатларини қайта кўриб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун уй-жойлар харид қилиш;

янги туғилган болаларни отаси ёки онасининг доимий яшаш жойига давлат божи ундирмасдан доимий рўйхатга қўйиш;

Паралимпиячиларнинг матонат мактаби фаолиятини самарали йўлга қўйиш ва паралимпия спорт турларини янада ривожлантириш бўйича республика кенгаши таркибига киритилган вазирлик, идора, ҳокимликлар ва жамоат ташкилотлари учун тегишли намуна бўйича ишлаб чиқилган келгуси йил давомида амалга ошириладиган чора-тадбирлар режасини тузишни такомиллаштириш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги муассасаларнинг ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш;

2022-2025 йилларда ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказлари ва "Мурувват" интернат уйларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш.

Мазкур фармон билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисобланади.

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech