Қарор ва шарҳ
Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизимни яратиш мақсади «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида алоҳида қайд этилган. Эътиборлиси, бу бўйича ишлар бошлаб юборилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 27 февралда «Муҳтож шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Қарор билан ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни қўллаб-қувватлаш тизими сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилмоқда. Хусусан, протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш механизмлари соддалаштирилмоқда.
Ҳужжатда белгиланган аксарият вазифалар ижроси, режалар яқин истиқболга мўлжаллангани билан аҳамиятли. Жумладан, 2024 йил 1 майга қадар давлат томонидан кафолатланган тарзда таъминланадиган протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари турлари 18 тадан 30 тага кенгайтирилади. Ажратилаётган маблағ эса бир ярим баробарга оширилиб, 100 миллиард сўмга етказилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, протез мосламалари ва реабилитация воситалари хариди учун давлат томонидан муҳтож шахсларга қоплаб бериладиган маблағлар миқдорини бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб ўртача уч бараваргача, айрим воситаларнинг турларини эса ўн бараваргача ошириш белгиланди.
– Протез мосламалари ва реабилитация воситаларига эҳтиёжи борлар ҳақида маълумотлар мавжуд, – дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бошқарма бошлиғи Мирзобек Ниёзов. – Ўтган 2023 йил давомида шу тоифадаги 47 минг нафар фуқаронинг эҳтиёжлари таъминланган. Кўплаб шахсларнинг маълум вақт давомида кутиш жараёни давом этган. Бу қарор билан ногиронлиги белгиланган пайтнинг ўзидан ўша шахсга протез мосламалари ва реабилитация воситаларини қайд этиш, уни бир-икки кунда уйигача етиб бориш тизими йўлга қўйилади. Олдин муҳтож шахсларнинг танлаш имконияти камроқ, замонавий турдаги воситаларни олиш имконияти чекланган эди. Зарур воситаларнинг турлари кенгайтирилаётгани мана шундай масалаларни ҳал қилишда муҳим аҳамиятга эга.
Бугун аҳолини турли қоғозбозликлар билан овора қилмасликка алоҳида эътибор қаратилмоқда. Гап имконияти чекланганлар ҳақида борганда уларга янада қулайликлар яратиш барчасидан муҳимлигини таъкидлаш ўринли.
Қарорга кўра, 2024 йил 1 майдан бошлаб ногиронлиги бўлган шахсларнинг протез мосламалари ва реабилитация воситаларига муҳтожлиги алоҳида тиббий хулоса расмийлаштирмасдан ногиронлик тўғрисидаги маълумотнома асосида белгиланади. Ногиронлик гуруҳига эга бўлмаган пенсия ёшидаги шахсларнинг протез мосламалари ва реабилитация воситаларига муҳтожлиги тўғрисидаги тиббий хулоса «Тиббий-ижтимоий экспертиза» электрон ахборот тизимида расмийлаштирилади.
Ҳужжатда протез мосламалари ва реабилитация воситаларини етказиб берувчи тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга ҳам эътибор қаратилмоқда. Хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг бундай воситаларини, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги жараёнлар учун ундириладиган баъзи йиғимлар миқдори 50 фоизга камайтирилади. 2027 йил 1 январга қадар протез мосламалари ва уларнинг бутловчи, эҳтиёт қисмларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади.
Бу қарор мамлакатимизда инсонлар ҳаёти, турмуш тарзини ўзгартириш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни қўллаб-қувватлаш борасидаги дадил қадамлардан бири бўлди.
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбири
- Қўшилди: 19.03.2024
- Кўришлар: 2172
- Чоп этиш