Бу саволга Тошкент давлат юридик университети жиноят ҳуқуқи, криминология ва коррупцияга қарши курашиш кафедраси доценти Маъруфжон Қурбонов жавоб беради:
– Бугунги кунда ижтимоий муносабатларнинг аксарият қисми виртуал муҳитга кўчган. Интернет тармоғидан фойдаланувчилар виртуал маконда содир этиладиган хатти-ҳаракатлар, хусусан, бошқа шахсларни ҳақорат қилиш, туҳмат қилиш, уларга нисбатан қадр-қиммат камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш учун жавобгарлик мавжудлигини ҳис қилмаётгани учраб турибди.
Бунинг сабабларидан бири сифатида интернет тармоғи ёки турли ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари бошқа ном, никнейм ёки тахаллусдан фойдаланаётганини келтириш мумкин. Улар яширин амалга оширилаётган ҳуқуқбузарликлар жавобсиз қолишига ишонади.
Аслида ҳам шундайми? Йўқ, албатта!
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 202-2-моддасида ёлғон ахборот тарқатганлик учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилган. Унга кўра, шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шунингдек, мазкур турдаги қилмишни содир этиб, бунинг учун жавобгарликка тортилган шахс бир йил ичида мазкур қонунга хилоф ҳаракатни яна қайта содир этса, бу шахсга нисбатан энди жиноий жавобгарлик келиб чиқади.
Жумладан, Жиноят кодексининг 244-6-моддасида ёлғон ахборот тарқатганлик учун жиноий жавобгарлик ҳам белгиланган. Унга кўра, шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бўлса, айбдорга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.
Н.Абдураимова, Ё.Мелибоев (видео), ЎзА
- Қўшилди: 09.10.2024
- Кўришлар: 1038
- Чоп этиш