Муносабат
Жорий йилги сайловда номзод кўрсатиш жараёнида инклюзивликка алоҳида эътибор қаратилгани муҳим янгиликлардан бири бўлди. Зеро, ногиронлиги бор фуқаролар ҳам ҳеч кимдан кам бўлмаган ҳолда барча ҳуқуқларидан фойдаланиши, вакиллик органларига сайланиши мумкин. Бу, ўз навбатида, шу тоифадаги юртдошларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатлари янада кенгроқ ҳимоя қилинишига хизмат қилади.
Шундан келиб чиқиб, сайловда парламент қуйи палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлигига ногиронлиги бор фуқаролардан номзодлар кўрсатилди ҳамда вакиллик органларига сайланди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи ташкилий мажлисида Президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлар экан, ушбу масалага алоҳида тўхталиб, қуйи палатага сайланган Жасур Жумаевни табриклади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси вакиллари давлат раҳбарининг нутқида илгари сурилган таклифлар ҳамда вазифалар юзасидан ўз муносабатини баён қилмоқда.
Жасур Жумаев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси:
– Янги шаклланган Қонунчилик палатаси таркиби жамиятимиздаги сиёсий жараёнлар янги босқичга ўтганини яққол намоён этди. Сайлов натижаларига кўра, парламент таркиби деярли 60 фоизга янгиланди. Бу, аввало, халқимиз томонидан ислоҳотларга бўлган ишонч ва парламентнинг замонавий талабларга мувофиқ янгиланишига бўлган эҳтиёж натижасидир.
Президентимиз нутқида биз учун жуда муҳим бўлган йўналишлар белгилаб берилгани билан бирга, ҳар бир депутатга катта масъулият юклайдиган вазифалар ҳақида ҳам айтиб ўтилди. Янги сайланган депутатлар таркибида турли соҳа вакиллари бор. Албатта, бунда сиёсий партиялар кўрсатган номзодлар билан бирга, халқимиз ҳам муносиб номзодларни танлади.
Илм-фан соҳасига қаратилаётган катта эътибор ва илмий тадқиқот ишларини ривожлантириш борасидаги давлат сиёсатининг самараси янги таркибда ўз аксини кўрсатди. Сайланган депутатларнинг ҳар учинчиси илмий даражали эканини ҳам ижобий баҳолаш мумкин. Бу, ўз навбатида, давлат сиёсатини илмий асосда шакллантиришга ҳамда қонунларнинг илмий жиҳатдан тўғри ва самарали бўлишини таъминлашга ёрдам беради.
Эътиборли жиҳати шундаки, мамлакатимизда олиб борилаётган гендер сиёсатининг ижобий таъсири парламентда ҳам ўз аксини кўрсатди. Шунингдек, инклюзивлашиш борасидаги давлат сиёсатининг ҳам ижобий таъсири сезилмасдан қолмади. Янги таркибда ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайлангани бу фикримнинг исботидир.
Янги шаклланган Қонунчилик палатаси мамлакатдаги барча қатламлар манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтиришга, халқимиз фаровонлиги ва мамлакат тараққиётига хизмат қилади.
ЎзА мухбири Муҳтарама Комилова ёзиб олди.
- Қўшилди: 20.11.2024
- Кўришлар: 267
- Чоп этиш