2020 йил 27 февраль куни Тошкент давлат юридик университетида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳузуридаги Илмий мувофиқлаштириш кенгашининг (ИМК) «Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва инсон ҳуқуқларини ўқитишнинг минтақавий марказини ташкил этиш» мавзусида йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Тошкент давлат юридик университети ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан ташкил этилди.
Йиғилишнинг мақсади — инсон ҳуқуқлари бўйича таълимнинг халқаро ҳуқуқий асосларини ўрганиш; инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича минтақавий марказнинг ташкилий ва ҳуқуқий имкониятларини муҳокама қилиш; инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасидаги тадқиқотларни рағбатлантириш.
Тадбирда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили Ришард Коменда иштирок этди. Жаноб Р.Коменда «Инсон ҳуқуқлари бўйича таълимнинг халқаро ҳуқуқий асослари» мавзусида маъруза қилди. Шунингдек, тадбирда БМТ Тараққиёт дастурининг халқаро экспертлари давлат хизматчилари учун инсон ҳуқуқлари бўйича масофавий таълим курсининг тақдимоти билан иштирок этишди.
Кириш сўзи билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг директори, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиги Акмал Саидов, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг ўринбосари, Тошкент давлат юридик университети ректори Рахим Ҳакимов сўзга чиқишди.
Учрашувда қайд этилганидек, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро нормалар ва принциплар тўғрисидаги маълумотларни тарқатиш масаласи амалда БМТ да унга асос солинган вақтдан кўриб чиқила бошланган. Шундай қилиб, 1948 йилда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларациясида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига тўлиқ риоя этилиши учун инсон ҳуқуқлари соҳасида маърифат ва таълим беришнинг муҳимлиги таъкидланган.
Халқаро экспертларнинг фикрига кўра, 2011 йилда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси инсоннинг янги ҳуқуқини — инсон ҳуқуқлари бўйича таълим олиш ҳуқуқини амалиётга киритди ва уни амалга ошириш бўйича давлатларнинг мажбуриятларини белгилади. Декларацияга мувофиқ, «инсон ҳуқуқлари бўйича таълим — бу ҳаёт давомида давом этадиган ва қуйидагилар ривожланишига ҳисса қўшадиган жараён: а) билим ва кўникмалар ҳамда уларни кундалик ҳаётда қўллаш учун тажрибаларга эга бўлиш; б) қарашлар: инсон ҳуқуқларини қўллаб-қувватлашга қаратилган муносабат, қадриятлар ва эътиқодларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш; в) хулқ-атвор намуналари: инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш чораларини кўриш».
Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ Умумжаҳон дастурига Ўзбекистон қўшган ҳиссани қайд этган ҳолда, халқаро экспертлар 2019 йил июль ойида Ўзбекистон Парламенти томонидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва тарбия тўғрисидаги декларациясини ва унга «Йўл харитаси»ни амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракат дастури қабул қилинганини юқори баҳоладилар.
Маърузачилар таъкидлашларича, ушбу Миллий дастурни қабул қилиб, Ўзбекистон халқаро ҳуқуқ принциплари ва нормаларига содиқлигини тасдиқлади ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ Умумжаҳон дастурининг (2020-2024) тўртинчи босқичини амалга оширишни бошлади.
Давлат хизматчилари учун инсон ҳуқуқлари бўйича масофавий курсни муҳокама қилар экан, ушбу курс инсон ҳуқуқлари бўйича таълим сифатини ошириш учун фойдали ва зарурий манба эканлиги таъкидланди.
ИМК йиғилишида шу нарса қайд этиб ўтилдики, илмий ва ўқув муассасаларининг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ва инсон ҳуқуқлари таълими соҳасидаги давлат тизими амалиётчи ходимлари билан ўзаро ҳамкорлик даражасини ошириш зарур.
Йиғилиш иштирокчилари инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича минтақавий марказни ташкил этишнинг мақсад ва вазифаларини муҳокама қилдилар. Минтақавий марказ амалиётчилар, олимлар ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мутахассислар учун мулоқот майдонига айланиши керак.
Илмий ҳамжамиятнинг фикрига кўра, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасида белгиланган вазифалар шу нарсадан далолат берадики, бугунги кунда қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти фаолиятида инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг назарий ва амалий жиҳатларини ривожлантиришга қаратилган юқори сифатли ва пухта илмий тадқиқотлар ўтказиш зарурати мавжуд.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази
- Қўшилди: 27.02.2020
- Кўришлар: 13876
- Чоп этиш