Ижтимоий тармоқларда чамаси 3-4 ойлик чақалоқ йиғлаётгани, онаси унга смартфонни тутганда у тинчланиб, мультфильм кўраётгани ҳақидаги лавҳа “тренд”га чиқди. Бу нимаси? Замонавий “алла”ми? Эртага, чақалоқ бир-икки ёшга тўлганида нима бўлади? Смартфонни кузатиш унинг руҳиятида наркотик таъсиридек бўлиб қолмайдими?
Яна бир рақам. Расмий статистик маълумотларга кўра, 2024 йилда интернетда наркотиклар тарғиботи 1,12, терроризм 2,2, порнография эса 5,3 баробарга ошган. Бу шунчаки рақам эмас, фарзандларга таҳдид деб ёзган ФБ фойдаланувчиларидан бири бу ҳақида ўз саҳифасида.
Онлайн платформалар Ўзбекистонда эркин, лекин хавфсизлигичи? Бунинг учун ким нима қиляпти? Саволларимизга мутахассислар жавоб беради.
Комронбек Қурбонов, Фарғона вилояти ИИБ ТҚХ Киберхавфсизлик бўлими катта мутахассиси, катта лейтенант:
– Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, Ўзбекистон Республикасида барча ".uz" домени орқали фаолият олиб бораётган веб-саҳифалар ноқонуний фаолиятларни тарғиб қилмасликлари ва қонунбузилишига ҳамда аҳолига салбий таъсир кўрсатувчи материалларни жойлаштирмаслик юзасидан мунтазам равишда назорат қилиб борилади. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасида бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосан порнографик маҳсулотларни тарғиб қилувчи, терроризм ва экстремизм ғояларини илгари сурувчи, гиёҳвандлик воситаларининг савдосини амалга ошириш ҳолатлари веб-сайтлар аниқланганидан сўнг ўзбек интернет сегменти учун блокланган. Аммо муаммони биргина маъмурий йўл билан ҳал бўлмайди. Бунда оила, ота-она иштироки муҳим ўрин тутади. Яъни ота-оналар фарзандларининг ижтимоий тармоқ ва бошқа интернет ресурсларидан фойдаланишларини назорат қилишлари ва фарзандлари томонидан номақбул контентдаги маҳсулотларга дуч келмасликлари учун iOs ва Android операцион тизимига асосланган қурилмаларда, яъни ота-оналар назорат қилишлари учун махсус очилган "Родительский контроль" функциясидан фойдаланишлари лозим. Афсуски, болалар учун миллий қадриятларга асосланган видеоконтентлар жуда кам. Унгача "Google Chrome" веб-браузерининг хавфсиз интернет концепциясига асосан "Google Family Link" мобил иловасидан фойдаланиш ҳамда "YouTube" видеохостингида эса айнан ёш болаларга қизиқарли ва унумли ҳисобланувчи контент билан бойитилган "YouTube Kids" номли мобил иловалардан фойдаланиш тавсия этилади.
Ушбу мобил иловалар ота-оналарга фарзандлари қанча вақт давомида интернет ресурсидан фойдаланиши мумкинлиги, маълум дастурий таъминотлар (мобил иловалар)дан фойдаланишни тақиқлаш, веб-сайтларга киришга тақиқ қўйиш, эшитиш ва кўриш қобилиятига салбий таъсир этувчи омилларни бартараф этиш, маҳсулотларни онлайн тарзда харид қилиш каби имкониятларни тақдим этади.
Дилафруз Қосимова, Фарғона вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғининг ўринбосари:
– Биз аввало таълим муассасаларида тарбиявий ишларга масъул бўлган ходимларнинг гиёҳвандлик ва наркожиноятлар профилактикаси борасидаги билим ва кўникмаларини ошириш юзасидан қўшма режаси ҳамда уюшмаган ёшларда гиёҳвандликка қарши иммунитетни шакллантириш бўйича 2025 йилда амалга ошириладиган комплекс чора-тадбирлар режасини тузиб олдик. Уни амалга ошириш мақсадида бошқарма томонидан 10 нафар тренер рўйхати шакллантирилган улар томонидан туман (шаҳар) бўлимлари масъулларига каскад усулида ўқувлар ташкил этилди.
Вилоятда таълим муассасаларида ҳафтанинг пайшанба кунлари “Гиёҳвандликка қарши курашиш” куни деб белгилаб олинди.
Бошқарма тизимидаги таълим муассасаларида ҳар ҳафтада бир маротаба гиёҳвандликка қарши иммунитетни оширишга қаратилган тадбирлар ташкил этилмоқда. Ўқувчи- ёшларга янада таъсирли бўлиши учун тадбирлар давомида “Оқ ажал”, “Героин йўли”, “Ажал сўқмоғи”, “Чаён боласи”, “Қора илон” фильмлари намойиш этиб келинмоқда.
Вилоятдаги умумтаълим мактабларида 160 нафар мунтазам дарс қолдирувчи ўқувчи рўйхати шакллантирилган. Ушбу ўқувчиларнинг дарс машғулотларига келмаслиги сабаблари, оилавий шароити маҳалла еттилиги томонидан ўрганилиб, уларни дарс машғулотларига қайтариш чоралари кўрилмоқда. Масъулиятсизликка йўл қўйган ота-оналарга МЖТК нинг 47-моддаси асосида чора кўрилади. Психотроп ёки тамаки маҳсулотларини чекишга, ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этишга мойил бўлган ўқувчилар билан ишлашда психологлар, инспектор-психологларнинг ролини ошириш мақсадида якка тартибда профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бундай тадбирлар Фарғона, Бағдод, Қўштепа, Ўзбекистон туманлари ва Қувасой шаҳарларида оммавий равишда ўтказилди.
Аммо болаларни гиёҳванд моддаларга яқинлаштирмаслик, ижтимоий тармоқларда терроризмни тарғиб қилувчи сайтларга боғланиб қолмаслиги ҳамда порнография саҳифаларига кирмаслигига эришиш таълим ташкилотлари ва оила, ота-оналарнинг мустаҳкам ҳамкорлигига боғлиқдир.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА
- Қўшилди: 18.04.2025
- Кўришлар: 199
- Чоп этиш