Ишда тараф бўлмаган шахслар судга апелляция ёки кассация тартибида қачон шикоят бериши мумкин?

Судларга келиб тушган ҳар бир ишнинг судьялар томонидан ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлашга эътибор қаратилмоқда. Жиноят ишларини апелляция, кассация тартибида кўриш амалиётида бу қандай таъминланмоқда?

Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидов шу саволга жавоб берди:  

– Маълумки, “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Унда қонуний кучга кирмаган суд қарорларини шикоят (протест) асосида апелляция тартибида, қонуний кучга кирган суд қарорларини кассация тартибида, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган суд қарорларини тафтиш тартибида қайта кўришга оид меъёрлар белгиланди. Шунингдек, қонуний кучга кирган суд қарорларини кассация тартибида кўриш бўйича ваколатларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларга ўтказишга ҳамда юқори судлар томонидан суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун қуйи инстанция судларига юбориш амалиётини тугатишга доир процессуал нормалар Жиноят-процессуал кодексига киритилди.  

Қонун ижросини самарали таъминлаш мақсадида Олий суд пленумининг “Жиноят ишларини апелляция, кассация тартибида кўриш амалиётининг айрим масалалари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.  

Қонун талабига кўра, ишда тараф бўлмаган шахслар ҳам суд ҳукмининг ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор қисми устидан апелляция ёки кассация тартибида шикоят келтириши мумкин.  

Шу сабабли, пленум қарорида ҳукм устидан (ҳукмнинг фақат ўзига дахлдор қисми юзасидан) шикоят бериш ҳуқуқига эгалиги белгиланди.  

Ўзининг ҳақиқий ҳолатига кўра, суд ҳимоясига муҳтож бўлган шахслар – гаров берувчи, мулки хатланган шахс ва бошқалар шулар жумласига киради.  

Мазкур қоида талабидан келиб чиқиб, биринчи инстанция суди шикоятни қабул қилиш пайтида апелляция, кассация шикояти берган шахснинг бундай ҳуқуққа эга эканини текшириши шарт.  

Суднинг айблов ҳукмини ёхуд ажримини кассация тартибида қайта кўришга, шунингдек, суднинг оқлов ҳукмини ёки ишни тугатиш тўғрисидаги ажримини кассация тартибида қайта кўришга фақат улар қонуний кучга кирганидан кейин бир йил ичида йўл қўйилади.  

Маълумки, қонунда биринчи инстанция судининг ҳукми бекор қилиниши ва ўзгартирилиши учун умумий асослар белгиланган. Жумладан, апелляция, кассация инстанцияси судлари, агар чиқарилган ҳукм қонуннинг барча талабларига амал қилинган ҳолда ва қонун асосида чиқарилган бўлса, қонуний, деб эътироф этилиб, уни ўзгаришсиз қолдиради.  

Ҳукм ўзгаришсиз қолдирилганда апелляция, кассация инстанцияси судлари тегишли асос мавжуд бўлганда, ҳукмнинг ижросини кечиктиришга, амнистия актини қўллашга ҳақли.  

Шунингдек, апелляция, кассация инстанцияси судлари томонидан қуйи инстанция суди ҳукми, ажримининг тавсиф ёки қарор қисмига ўзгартириш киритилганда ҳам, башарти бу айблов ҳажми, қилмишнинг квалификацияси, тайинланган жазо тури ва миқдори ўзгаришига олиб келмаса, суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилади.  

Юқорида номи қайд этилган қонун ҳамда пленум қарорида назарда тутилган шу каби муҳим жиҳатлар ва бошқа масалалар амалиётда инсон ҳуқуқларини тўлақонли таъминлашга хизмат қилади.  

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech