2024 йил 2 октябрда “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун кучга кирди.
– Мазкур қонун янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси ва “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун талабларига мувофиқлаштириш мақсадида ишлаб чиқилди, – деди Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Қобул Турсунов. – Қонунга асосан республика ижро этувчи ҳокимият органлари (вазирлик ва идоралар) номланиши маъмурий ислоҳотлар доирасида ўзгартирилганлиги боис, ушбу соҳада ваколатли давлат органи – Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги белгиланди.
Соҳада очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида қонун билан бўш (вакант) иш ўринлари мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларни иш берувчи томонидан электрон тарзда юбориш шартлари белгиланди. Ходимларни оммавий равишда ишдан бўшатиш мезонлари, меҳнат шартномаси алоҳида асосларга кўра бекор қилинганда моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча кафолатлар бериш шартлари қонунда мустаҳкамланди.
Ходимларни оммавий равишда ишдан бўшатиш мезонлари аниқ белгилаб берилди. Ушбу меъёр Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси билан ўзаро мувофиқлаштирилди. Бу, ўз навбатида, келгусида ишчиларни ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтиришга хизмат қилади.
Аҳоли бандлигини рағбатлантириш ва тадбиркорликка жалб этиш мақсадида қонунда тақдим этиладиган субсидияларнинг молиявий манбалари белгиланиб, ссуда ажратилишини рад этиш асослари киритилди.
Иш қидираётган шахсларни рўйхатга олиш тартиби соддалаштирилди. Эндиликда иш қидираётган шахсларнинг иш стажи, маълумоти (мавжуд бўлган тақдирда), иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар ва бошқа маълумотлар маҳаллий меҳнат органи томонидан масъул давлат органлари ва ташкилотлардан мустақил равишда, шу жумладан, “Рақамли ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олинади.
Шунингдек, маълумоти тўғрисидаги ҳужжатнинг аслини ёки унинг кўчирма нусхасини, иш жойидан охирги ўн икки ой учун иш ҳақи (меҳнат даромади, пул таъминоти) тўғрисидаги маълумотномани тақдим этиш талаби бекор қилинди. Бу орқали ортиқча оворагарчиликка чек қўйилмоқда.
Ишга жойлаштиришга доир йўлланмалар ва ишга жойлашишга кўмаклашиш юзасидан мурожаатномалар асосида иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш тартиби “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун талабларига мувофиқлаштирилди.
Қонун асосида меҳнат шартномаси алоҳида асосларга кўра бекор қилинганда, моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча кафолатлар белгиланди. Унга кўра, агар меҳнат шартномаси бекор қилинган тақдирда, иш қидириш даврида ўртача ойлик иш ҳақининг ишдан бўшатиш нафақаси ҳисобга олинган ҳолда, бироқ кўпи билан икки ойга сақланиб қолиши ходимлар учун кафолатланди.
Қонунда ишдан ва иш ҳақи (меҳнат даромади)дан маҳрум бўлган шахсларга ишсизлик нафақаси миқдорини белгилаш шартларига аниқлик киритилди. Ишсизлик нафақасини тўлашни тугатиш ва тўхтатиб туриш тартиблари такомиллаштирилди.
Шу билан бирга, ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиладиган шахслар билан бундай ишларда иштирок этиш учун меҳнат шартномаси муддатини ўн бир ойгача бўлган муддатга тузиш асослари, ишсиз шахсларга стипендия тўлаш шартлари белгиланди. Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларидан фойдаланиш йўналишлари такомиллаштирилди.
Қонун ишга жойлаштириш бўйича аҳолига кўрсатилаётган хизматлар самарадорлигини оширади. Ишга жойлаштириш бўйича мурожаат қилаётган фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигига чек қўйилади. Бу аҳолининг давлат органларига нисбатан ишончи мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Норгул Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 07.10.2024
- Кўришлар: 931
- Чоп этиш