Юртимизда ўтказилаётган Бутунжаҳон ёшлар фестивали доирасида Самарқандда Ислом ҳамкорлик ташкилоти ёшлар форуми бўлиб ўтди.
Ташкилотга аъзо давлатлар вакиллари иштирок этаётган форум Қуръон тиловати билан бошланди.
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин Эшонқулов, Тошкент халқаро Ислом академияси ректори Уйғун Ғофуров ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти бош котиби ўринбосари Тариқ Али Бахит форум ишига омад тилади.
– Дунёнинг 92 давлатидан 700 дан ортиқ ёш қатнашаётган фестивалнинг аҳамияти жуда катта, – дейди Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби ўринбосари Тариқ Али Бахит. – Ўзбекистон Президенти томонидан ёшлар сиёсати бўйича хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Аввало тинчликни сақлаш, инсон саломатлигини муҳофаза қилиш, шунингдек, иқтисод, сиёсат ва бошқа соҳалар ривожланишида ёшларнинг ўрни беқиёс. Бугунги тадбир ҳам шу йўналишларда тажриба алмашиш, бу борада бутун дунё ёшлари фаоллигини оширишга қаратилгани билан аҳамиятли.
Форумда ёшлар таълим-тарбиясида ислом динининг аҳамияти, ундаги умуминсоний ғоялар, шу билан бирга динни нотўғри талқин этиш ҳолатлари ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Тадбир иштирокчилари халқаро туризм маркази ҳудудида кўчат ўтқазиб, “Ислом дунёси ёшлари боғи” яратишга қарор қилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари
- Қўшилди: 28.06.2024
- Кўришлар: 1405
- Чоп этиш