Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган брифингда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева соҳада амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот берди.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, Қонунчилик палатаси депутатлигига сиёсий партиялардан кўрсатилган номзодлар орасида аёллар сони 391 нафарни ёки 44,7 фоизни ташкил этмоқда. Бу сайлов тарихидаги энг юқори кўрсаткичдир. Ўзбекистон тарихида илк маротаба миллий парламентда хотин-қизлар сони БМТ томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етиб, мамлакатимиз парламенти хотин-қизлар сони бўйича дунёдаги 190 та парламент орасида 52-ўринга кўтарилган.
“Бугун ҳар бир аёл оддий кузатувчи эмас, балки мамлакатда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчиси ҳам бўлиши керак” деган ғояга мувофиқ, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан “Сиёсий жараёнларга бефарқ эмасман” шиори остидаги тарғибот кампанияси олиб борилмоқда.
Шунингдек, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Инновацион ривожланиш агентлиги, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Ихтирочи аёллар маркази ва Турин политехника университети томонидан жорий йилнинг 7-11 октябрь кунлари Ихтирочи хотин-қизларнинг инновацион тадбиркорлик ҳафталиги ўтказилиши режалаштирилган.
Ихтирочи хотин-қизларнинг инновацион тадбиркорлик ҳафталигида ўз тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлаётган 200 нафардан ортиқ хотин-қиз ўз бизнес ғоялари билан иштирок этиши кутилмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА
- Қўшилди: 04.10.2024
- Кўришлар: 955
- Чоп этиш