Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси ишчи гуруҳи томонидан Фарғона вилоятида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг жамиятга мослашувини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолати ўрганилди.
Ишчи гуруҳ Фарғона вилоятидаги Ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази ва “Нурли маскан” кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун мўлжалланган ихтисослаштирилган мактаб-интернат фаолияти билан танишди.
Яратилган шароитлар сўнгги йилларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг амалий натижаси экани таъкидланди.
Шунингдек, ишчи гуруҳ аъзолари вилоятдаги бир қатор олий таълим муассасаларига ташриф буюриб, ногиронлиги бўлган талабалар учун яратилган шарт-шароитларни ўрганди. Хусусан, биноларнинг жисмоний имконияти чекланган шахсларга мослиги, махсус жиҳозланган аудиториялар, кутубхоналар, лифтлар, пандуслар ва бошқа зарур инфратузилма мавжудлиги таҳлил қилинди.
Ногиронлиги бўлган талабалар билан мулоқот ўтказилиб, уларнинг фикр ва таклифлари тингланди. Олий таълим муассасаларида аниқланган камчиликлар бўйича масъулларга тегишли тавсиялар берилди.
Ўрганиш ишлари давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
- Қўшилди: 20.02.2025
- Кўришлар: 369
- Чоп этиш