Кейинги йилларда маърифатпарвар боболаримиз ғояларини ўрганиш ва ривожлантириш бўйича давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан илғор ташаббуслар илгари сурилмоқда. “Жадид” номли газета фаолиятининг йўлга қўйилиши, Бухородаги тарихий масканда жадидлар мероси давлат музейини ташкил этишга оид амалий ишлар бунинг ёрқин далилидир.
Президентимиз томонидан Марказий Осиё ҳудудида жадидларнинг миллий давлатчилик ва минтақавий ўзига хослик, фуқаролик жамиятининг ривожланишига қўшган улкан ҳиссасини концептуал ва тизимли асосда атрофлича ўрганиш долзарб масала бўлиб қолаётгани алоҳида қайд этилган эди.
Аслида жадидлар мавзуси бир мақола, бир суҳбат ёки бир китобга сиғмайдиган, қамрови кенг, мураккаб, оғир ва изтиробли мавзу. Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари, тарих фанлари доктори Дилноза Жамолова билан суҳбатимиз айни шу мавзуда бўлди.
–Тараққийпарвар жадид боболаримиз фаолияти, уларнинг ибратли ишларига бугун катта эътибор қаратилмоқда. Бунинг сабабларини нималарда кўрасиз?
– Туркистонда XIX аср охири – XX аср бошида вужудга келган жадидчилик ҳаракати – миллий уйғониш, миллий озодлик ҳаракати эди. Россия империяси томонидан Туркистонни эгаллаш учун босқинчилик ҳужумининг бошланиши, Қўқон хонлиги ҳудудида Туркистон генерал-губернаторлигининг ташкил этилиши ҳамда уларнинг минтақадаги зўравонлик ва зулм сиёсати миллат ойдинларини бефарқ қолдирмади. Улар ўз атрофида босқинчиларга қарши курашиш учун бутун халқни жипслаштиришга ҳаракат қилди. Бунинг учун дастлаб, янги усул мактабларига асос солиб, диний фанлар билан биргаликда дунёвий фанларни ўқитишни йўлга қўйдилар.
Истеъдодли ёшларни хорижга ўқитиш, уларни қишлоқ хўжалиги, иқтисод, молия, тиббиёт ва бошқа замонавий соҳалар бўйича етук мутахассислар қилиб тайёрлашни мақсад қилдилар. Ўқув қўлланмалар, дарсликлар яратдилар. Миллий театр ва миллий матбуотга асос солдилар. Улар ўз даврларида миллатга ва жамиятга катта наф келтирдилар. Ўта чуқур билим ва салоҳиятга эга бўлган Ватан озодлиги учун жон куйдирган фидойиларимиз 1919 – 1938 йилларда қатағон қилинмаганида Учинчи Ренессансга асос солган бўлардилар. Шу нуқтаи назардан, жадид боболаримизга катта эътибор қаратиляпти, уларнинг илмий меросини тадқиқ қилиш кун тартибидаги муҳим вазифага айланмоқда.
–Тараққийпарвар боболаримиз фаолияти ҳақида гап кетганда, бу Шерали Турдиев, Бегали Қосимов, Наим Каримов, Бойбўта Дўстқораев ва бошқа кўплаб олимлар бутун умрини сарфлаган мавзу саналади. Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 30 майдаги “Жадидлар мероси давлат музейини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори юзасидан фикрингизни билмоқчи эдик.
–Туркистон жадидлари бўйича нафақат адабиётшунослар, балки тарихчи, педагог, файласуф, санъатшунос олимлар ҳам тадқиқотлар олиб бордилар. Жумладан, Қаҳрамон Ражабов, Дилором Алимова, Улуғбек Долимов, Сирожиддин Аҳмад ва бошқалар жадидчиликнинг вужудга келиши, ҳаракатнинг мақсад ва вазифалари, жадид мактаблари фаолияти, тараққийпарварларнинг фалсафий, педагогик қарашлари ҳақида асарлар яратдилар.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 30 майдаги “Жадидлар мероси давлат музейини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори муҳим ва фойдали қарор бўлиб, нафақат Марказий Осиё, балки бутун дунёдаги ягона музей бўлади деб ҳисоблайман. Европа, Осиё давлатларида ҳам тараққийпарварлик ҳаракатлари бўлган, аммо бу ҳаракат намояндаларини эътироф этувчи музейлар ташкил қилинмаган. Жадидлардан бизга катта илмий ва маънавий мерос қолган. Ўйлайманки, бу музей жадидларнинг Туркистон халқи олдидаги буюк хизматларини ифода этувчи, ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбияловчи музей бўлади.
– Бугун маърифатпарвар боболаримиз ҳаётига оид кўплаб кўргазмалар, анжуманлар, форумлар ўтказилмоқда. Сизнингча, жадидчилик ҳаракати тадқиқотларида яна қайси жиҳатларга кўпроқ эътибор қаратиш керак?
– Бугун жадидчилик ҳаракати тарихини ўрганиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган бир паллада олимларимиз кўпроқ жадидларнинг қатағон қилиниши масаласига аҳамият бермоқда. Аммо қатағонгача бўлган даврда жадидларнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий жараёнларда тутган ўрни кенг тадқиқ қилинмаяпти.
Халқимиз уларни фақат 1937 – 1938 йиллардаги қатағонларнинг қурбонига айланган жабрдийдалар сифатида танияпти. Жадид боболаримиз ҳар бирининг ибратли ҳаёт йўли, ижтимоий-сиёсий фаолияти, илмий ва маънавий мероси бор. Буларни ўрганиш керак. ДХХ архивида сақланаётган жадидларнинг тергов ҳужжатлари асосида икки-уч бетлик оммабоп мақолалар ёзиш билан иш битмайди. Уларнинг Турон-Туркистон халқи олдидаги хизматларини халққа етказиш керак. Бунинг учун Ўзбекистон Миллий архиви ҳужжатларини ўрганиш керак бўлади. Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва Турон кутубхонасидаги сақланаётган асарларини, улар чиқарган газета ва журналларни жуда пухта, ҳижжалаб ўқиш ва тадқиқ қилиш керак бўлади. Биз ҳали жадидларимизни тўлиқ ўрганиб бўлмадик. Уларнинг илм-фан олдидаги хизматларини, миллий давлатчилик тарихида тутган ўринларини тарихий нуқтаи назардан муносиб баҳосини бермадик.
– Маълумки, сизнинг фаолиятингизда маърифатпарвар аёлларнинг тақдири, уларнинг мақсад-муддаолари ҳам кенг ўрин эгаллайди. Жадидлар ҳаракатида аёл-қизларнинг ўрни ва аҳамияти қандай бўлган?
– Туркистон жадидларининг асосий мақсади аёлларнинг ҳам дунёвий билимларни эгаллашларига йўл очиб бериш эди. Туркистон жадидларининг отаси Маҳмудхўжа Беҳбудий “Тил масаласи” мақоласида “Тараққий этган миллатларни оналари ўқитар экан, биз аввал онамизни ўқутуб, анга тил ўргатмоқимиз керак. Чунки бизни илм ва тилсизлигимиз алардандир”, деган бўлса, жадидчилик ҳаракатининг йирик намояндаси Абдурауф Фитрат ўзининг “Оила ёки оилани бошқариш тартиблари” китобида “Модомики, илм олиш ҳар бир одам учун диний ва дунёвий мажбуриятларга кирар экан, аёллар ҳам илм ўрганишлари шартдир”, деб ёзади.
Жадидлар хотин-қизларнинг илм олишлари кераклиги ҳақидаги қарашларини тарғибот қилиш билан чекланиб қолмадилар. Балки ўзлари янги усул мактабларида қизларни ўқитиш бўйича дастлабки қадамларни ташладилар. Шундай мактаблардан бири Абдуқодир Шакурий мактаби бўлиб, қизлар учун ҳам синфлар ташкил этилган. Бундай мактаблар Туркистоннинг бошқа шаҳарларида ҳам очила бошлаган. Тошкентдаги Эшонхўжа Хонхўжаев янги усул мактабида 3 та қиз, Собир Раҳимовнинг мактабида 15 та қиз ўқиган. Қўқон шаҳрининг Ғалчасой маҳалласида Муҳаммаджон Холиқий 1913 йилда қизлар мактаби ташкил қилган. Абдулла Авлоний мактабида ҳам қизлар ўғил болалар билан ёнма-ён ўтириб, таҳсил олган.
Туркистон жадидлари аёлларнинг билим олишлари ва жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида ўзларига муносиб иш билан шуғулланишлари учун имкониятлар яратишни ўз оилаларидан бошлайдилар. Жумладан, самарқандлик мактабдор Абдуқодир Шакурий қизлар учун ташкил этган янги усул мактабида хотини Розияхоним муаллимлик қилган бўлса, Абдурауф Фитрат хонадонидаги адабий ва маърифий муҳит синглиси Маҳбуба Раҳим қизининг шоира бўлиб етишишини таъминлаган. Қўқонлик жадид Муҳаммаджон Холиқийнинг синглиси Солияхон Абдухолиқ қизи эса акасининг мактабида муаллималик қилган.
Туркистонлик зиёли аёлларнинг кўзга кўринган ёрқин вакилаларидан бири, жадид шоираси Нозимахоним (1870-1924) бўлиб, ўз даврининг маданиятли, илғор қарашли аёли саналган. Нозимахоним – эркпарварлик ғояларининг тарғиботчиси эди. Бу ҳол унинг дастлабки мақола ва шеърларидаёқ аниқ кўринади. Унинг 1904 йилда “Туркистон вилоятининг газети”да босилган мақолаларидан бири “Инсонга қанча эрк даркор?” деб номланган эди. Сўнг кетма-кет маҳаллий матбуот саҳифаларида “Хотинлар ҳуқуқига оид”, “Илм ва маориф борасида бир-икки сўз” каби мақолалари чоп этилган. Мақолалар мазмуни, руҳи билан Туркистонда озодлик ғояларининг ёйилиши, хотин-қизлар ўртасида демократик интилишнинг кучайишига хизмат қилган.
Жадидлар фаолиятининг кейинги даврида истеъдодли қизларни хорижга ўқитиш бўйича ҳам катта ишлар амалга оширилди. Марям Султонмуродова, Хайринисо Мажидова каби иқтидорли ўзбек қизлари Германиянинг олий ўқув юртларида таҳсил олиб қайтганлар.
– Жадидлар ва миллий истиқлол ҳаракати вакиллари, яъни шўролар даврида “босмачилар” деб қораланган, аслида ўз юрти озодлиги учун курашган ҳаракат вакилларининг ўртасидаги муносабатлар қандай эди?
– Жадидлар Россия империясининг босқинчилик ва мустамлакачилик зулмига қарши курашган қўрбошилар билан жуда яқин, аммо яширин алоқада бўлганлар. Жадидлар миллий озодлик ҳаракатининг ғоявий курашчилари бўлса, қўрбошилар қурол билан эрк учун, истиқлол учун курашдилар.
1920 йил Бокуда бўлиб ўтган Шарқ халқлари биринчи қурултойида Туркистондан Мунавварқори Абдурашидхонов, Ҳожи Сафо Жўрабоев, Турор Рисқулов, Қудратилло Юнусий, Тошпўлатбек Норбўтабеков, Обиджон Маҳмудов, Бухородан Ражаб Муҳаммедов қатнашганлар. Қурултой даврида турк генерали Анвар пошо билан учрашиб, советларга қарши истиқлолчилик ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш, қўрбошилар билан бирлашиш кераклиги ҳақида суҳбатлашганлар.
1921 йил 30 июлда Бухоро шаҳрида жадидларнинг “Туркистон Миллий Бирлиги” ташкилоти тузилади. Ташкилотнинг дастурида истиқлолга эришиш, демократик жумҳурият (республика) тузиш, миллий қўшин (армия) тузиш, иқтисодни бошқариш, темир йўллар, суғориш иншоотлари фаолиятини Туркистон истиқлоли манфаатларига мувофиқ тарзда ташкил этиш, маорифни замонавий даражага кўтариш ва Европа маданияти билан танишишни Россиянинг воситачилигисиз йўлга қўйиш, мактабларни ташкил этиш, табиий бойликлардан фойдаланиш, миллий масалаларни ҳал этишда ерли аҳолининг миллий манфаатларини эътиборда тутиш ва кўзлаш, диний эркинлик бериш, динни дунёвий ишларга аралаштирмаслик каби мақсад ва вазифалар белгилаб олинади. “Туркистон Миллий Бирлиги” ташкилоти аъзолари билан Шаҳрисабз вилоятидаги Жаббор қўрбоши, Самарқанд яқинидаги Баҳромбек қўрбошилар яқин алоқада бўлганлар. Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
– Маърифатпарвар боболаримиз ҳаракати, фаолияти, уларга оид тадқиқотларни ёшларга кўпроқ етказиш учун нималарга эътибор қаратиш керак, деб ўйлайсиз?
– Бугун жадидчилик ҳаракати бўйича кўплаб тадқиқотлар амалга оширилмоқда, ижодкор зиёлилар, олимлар томонидан асарлар яратилмоқда. Тарих институти бу мавзуда тадқиқот олиб бориш, йиғинлар ўтказиш бўйича етакчилик қиляпти, десам адашмаган бўламан. Жумладан, Тарих институти илмий ходимлари томонидан “jadidlar.uz” платформасининг яратилиши жадидчилик ҳаракатининг вужудга келиши, уларнинг илмий мероси, ижтимоий-сиёсий фаолияти, жадид матбуоти, Туркистон мухторияти тарихи ҳақида етарлича билим олиш имконини беради.
Жадидлар меросини ёшларга кўпроқ етказиш учун жадидларнинг асарлари ва жадидчиликка бағишланган асарларни минглаб нусхада чоп этиш, жадидлар ҳақида мультфильмлар, бадиий ва ҳужжатли фильмлар ҳамда сериаллар яратиш, шаҳар ва қишлоқдаги кўчаларга, мактабларга, олий таълим муассасаларига уларнинг номини бериш, улар туғилиб ўсган шаҳар ва қишлоқларга ёдгорлик лавҳлари ўрнатиш, мактаб дарсликларида жадидчилик тарихига кўпроқ соатлар ажратиш, олий таълим муассасалари талабалари учун ўқитиладиган Ўзбекистон тарихи фанида жадидларни алоҳида мавзу сифатида ўқитиш, тарих йўналиши талабаларига жадидчилик тарихини махсус фан сифатида ўқитишни жорий қилиш керак, деб ҳисоблайман. Миллий ўзлик, миллий руҳ ва бирдамликни жадидларнинг ибратли ҳаёт йўли ва асарлари орқали етказиш, уларга муносиб бўлишга ўргатиш кенг жамоатчиликнинг муҳим вазифасига айланиши керак.
– Самимий суҳбат учун ташаккур!
ЎзА мухбири
Усмонова Назокат суҳбатлашди.
- Қўшилди: 18.07.2024
- Кўришлар: 2380
- Чоп этиш