Шу кунларда жаҳон ҳамжамияти нигоҳи Марказий Осиёнинг юрагида жойлашган Ўзбекистонга қаратилган. 5-9 апрель кунлари пойтахт Тошкент нуфузли халқаро тадбир – Парламентлараро Иттифоқнинг 150-ассамблеясига мезбонлик қилади.
Дунё эътиборидаги бу воқеа нафақат мамлакат ва минтақа, балки бутун дунё парламентлари ҳамжамияти учун муҳим аҳамият касб этади. Анжуманда дунёнинг 181 мамлакати, 15 кузатувчи давлат ҳамда 25 дан зиёд халқаро ва парламентлараро ташкилотдан 2000 га яқин делегат иштирок этиши кутиляпти.
Анжуман давомида жаҳоннинг нуфузли парламент делегациялари аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, камбағалликни қисқартириш, қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқини ҳимоя қилиш, гендер тенгликка эришиш, илм-фан ва технологияни ривожлантириш ҳамда ёшларни қўллаб-қувватлаш каби ҳаётий долзарб мавзулар муҳокама этилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, бугунги мураккаб, шиддат билан ўзгараётган дунёда ижтимоий адолат, тенглик ва барқарор тараққиётга эришиш ҳар бир давлат, жамият учун муҳим вазифага айланди. Шу маънода Марказий Осиё тарихида илк бор Тошкент шаҳрида ўтадиган Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Ўзбекистон учун муҳим сиёсий ва стратегик воқелик саналади.
Парламентлараро Иттифоқ 1889 йил ташкил этилган бўлиб, қонун чиқарувчи органлар орасида энг йирик ва нуфузли халқаро тузилмадир. 180 дан зиёд мамлакатни бирлаштирган ташкилот таркибида 15 минтақавий парламент, 15 кузатувчи ташкилот фаолият юритади. Мазкур тадбир юртимизда ўтказилиши “Ўзбекистон-2030” ва бошқа стратегик дастурлар доирасида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар самарасини кенг халқаро жамоатчиликка етказиш учун ҳам қулай майдон ва имконият.
Айтиш жоиз, 2025 йил Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистон учун халқаро сиёсий майдонда муҳим бурилиш нуқтасидир. Зеро, илк бор азим Тошкентда ташкил этилаётган нуфузли анжуман нафақат диёримизнинг халқаро нуфузини янада ошириш, балки минтақанинг глобал сиёсий жараёнга интеграциялашувида ҳам муҳим қадам ҳисобланади. Ассамблеяни ўтказишдан кўзланган асосий мақсадлар қаторига парламентлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, тинчлик ва демократияни мустаҳкамлашни ҳам киритиш мумкин.
Яна бир нуфузли тадбир – шубҳасиз куни кеча навқирон Самарқандда бошланган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммити. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мазкур форум олдидан дунёга машҳур ахборот нашри – «Euronews»га берган интервьюсида Марказий Осиёнинг салоҳияти, жаҳоннинг етакчи давлатлари минтақамизга интилаётганига алоҳида тўхталди:
“Марказий Осиё энди тарихнинг четида эмас, балки ўз стратегик кун тартибини шакллантираётган, жадал ривожланаётган минтақага айланмоқда. Сиёсий ирода, юқори даражадаги ўзаро ишонч ва қўшма иқтисодий ташаббуслар минтақада барқарор ривожланиш учун янги имкониятлар яратди. Марказий Осиё бешлигида Ўзбекистоннинг раислиги даврида биз қуйидаги учта устувор йўналишга алоҳида эътибор қаратамиз: минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш ва экологик барқарорликни таъминлаш”.
Юқорида Президентимиз таъкидлаган уч муҳим йўналиш замирида кучли қонунчилик – парламент, ҳукуқий салоҳият ва халқаро ҳамкорлик ётади. Шу маънода Тошкентнинг 150-ассамблеяга мезбонлик қилиши минтақамизнинг халқаро майдондаги нуфузини янада ошириб, мамлакатимизни глобал сиёсий жараёнларнинг фаол иштирокчисига айлантиради. Қолаверса, қонун ижодкорлиги, парламент назорати каби муҳим йўналишлардаги миллий тажрибамиз дунё ҳамжамияти, хориж парламентлари ва жамоатчилиги томонидан кенг эътироф этилаётгани ҳам ҳақиқат.
Бу натижаларга ўз-ўзидан эришилаётгани йўқ. Кейинги йилларда миллий парламентимиз Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида амалга оширилаётган ҳуқуқий демократик ўзгаришлар силсиласида ижтимоий-иқтисодий юксалиш жараёни ва ташқи сиёсатнинг фаол иштирокчисига айланмоқда. Олий Мажлис фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланган халқаро парламентлараро ҳамкорлик янги таҳрирдаги Конституция ҳамда “Ўзбекистон-2030” стратегияси доирасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларга ҳамоҳанг равишда сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилмоқда.
Ижтимоий тараққиёт ва адолат учун парламент ҳаракати
Ассамблея бу йил айни мавзуга мурожаат қилмоқда. Зеро, парламентларга энди фақат қонун қабул қилувчи эмас, балки ижтимоий ўзгаришларни амалга ошириш, камбағалликни қисқартириш, тенг имкониятлар яратиш, инсон қадрини улуғлашда ташаббускор сиёсий субъект сифатида қараляпти.
Ассамблея кун тартибида тинчлик ва хавфсизлик, инсон ҳуқуқи, иқлим ўзгариши, ёшлар ва аёллар фаоллиги, қуролли можаролар таъсири, БМТ билан ҳамкорлик каби долзарб йўналишлар ҳам қамраб олинган. Хусусан, Фаластиндаги вазият бўйича икки давлат мезонига асосланган ечимни қўллаб-қувватлашга қаратилган сиёсий баёнот ва тинчлик ташаббуслари муҳокама марказида бўлади. Ёшлар форуми, аёл депутатлар учрашуви, сунъий интеллект, болалар ҳуқуқи ва иқлим масаласи бўйича алоҳида тадбирлар ҳам ўтказилиши кўзда тутилган.
Умуман, иштирокчилар глобал муаммоларни ҳал этишда парламентлар ролини кучайтириш бўйича илғор тажриба алмашиш имконига эга бўлади. Ишончим комилки, бу йирик анжуман самарали мулоқот ва муҳим қарорлар қабул қилиш учун қулай майдон бўлиб хизмат қилади.
Ўзбекистон тажрибаси рақамларда...
Эътироф этиш жоиз, Ўзбекистон сўнгги йилларда ижтимоий тараққиёт ва адолатни таъминлаш борасида улкан ютуқларга эришди. Бу муваффақиятлар мамлакат етакчисининг ташаббускорлиги, инсонпарварлиги, узоқни кўзлагувчи юқори сиёсий салоҳияти, метин иродаси ва жонкуярлик билан олиб бораётган қатъий ҳаракатлари билан чамбарчас боғлиқ, албатта. Шу ўринда статистикага эътибор қаратсак.
Жорий йил 102 турдаги ижтимоий хизмат маҳалла даражасига туширилди. Натижада ногиронлиги бор болалар учун мунтазам парваришлаш хизмати йўлга қўйилиб, 700 нафар ота-онанинг ишлашига шароит яратилди. Ҳаракатлана олмайдиган 4 000 нафар ёлғиз кексага ўз уйида ижтимоий хизмат кўрсатилмоқда. Маҳаллаларда 95 000 муҳтож одамга ижтимоий ходим орқали ёрдам берилди. 51 000 кишига ногиронлик белгиланди ва имконияти чекланган 5 000 бола боғча-мактабга жойлаштирилди.
Мамлакатнинг ҳар бир фуқароси эътиборда экани ижтимоий тенглик ва ижтимоий адолат принципини амалга ошираётган давлатимиз раҳбари ислоҳотларида ҳаётий тасдиғини топмоқда. Айниқса хотин-қизлар ҳуқуқи ва манфаатини тўлиқ таъминлаш, уларнинг қадр-қимматини улуғлаш давлат сиёсатида етакчи масалага айланди.
2017 йил бошқарув соҳасида хотин-қизлар ўртача 20 фоизни ташкил этган. Ҳозир бу рақам 35 фоизга етди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 38 фоизи, Сенат аъзоларининг 27 фоизи аёллар. Ўтган йил Олимпия ва Паралимпия ўйинларида мамлакатимиз делегацияси таркибидаги хотин-қизлардан 3 нафари олтин, 8 нафари кумуш, 3 нафари бронза медал қўлга киритгани тарихда энг юқори натижа сифатида муҳрланди.
Хулоса шундай: Ўзбекистон халқаро анжуманга ҳозир. Мамлакатимиз жаҳон парламентаризми тарихидаги муҳим босқич – инсон қадрини устувор қўядиган янги сиёсий йўл бошида турибди. Ассамблеяда қабул қилинадиган ҳужжатлар – декларация ва резолюциялар XXI асрдаги парламент фаолияти учун амалий “йўл харитаси” бўлиб хизмат қилади.
А.Кўчимов,
Ўзбекистон Республикаси Сенати аъзоси
- Қўшилди: 04.04.2025
- Кўришлар: 449
- Чоп этиш