Конституциявий ислоҳотлар натижасида маҳкумларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, уларнинг шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилинишини таъминлаш борасида зарур чоралар кўрилмоқда.
“Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан маҳкумларнинг ўзига нисбатан инсоний муомалада бўлиниши, шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи миллий ва халқаро ташкилотларга мурожаат қилишга бўлган ҳуқуқлари мустаҳкамланмоқда.
Оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган маҳкумларнинг сайловларда ҳамда референдумда иштирок этишга бўлган ҳуқуқи кафолатланмоқда.
Сенатнинг эллик иккинчи ялпи мажлисида муҳокама қилинган мазкур қонунга кўра, жазони ижро этиш муассасаларининг ходимлари маҳкумларга нисбатан инсоний муомалада бўлиши шарт. Маҳкумларга нисбатан интизомий жазо чоралари ва бошқа мажбурлов чораларини қўллашда кодексда белгиланган асослардан ҳамда тартибдан четга чиқишга йўл қўйилмайди.
Маҳкумларда ўзларининг розилигисиз тиббий ва илмий тажрибалар ўтказилиши мумкин эмас.
Сенаторлар маъқуллаган қонун маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари янада ишончли ҳимоя қилинишига, жиноят-ижроия қонунчилигини халқаро ҳуқуқнинг принциплари ва нормалари билан уйғунлаштиришни таъминлашга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 20.05.2024
- Кўришлар: 1432
- Чоп этиш