ЖССТ: 2030 йилга бориб дунёда қариялар сони 1,4 миллиард, 2050 йилда эса 2,1 миллиардга етади

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти таснифига кўра, 18 ёшдан 45 ёшгача бўлганлар — ёшлар тоифасига мансуб. Бироқ 24-25 ёш оралиғида инсон ички ресурслари энг юқори даражага кўтарилиб, сўнг организм уларни аста-секин сарф қила бошлайди.

Ваҳоланки, биз одатда қариликнинг илк ташқи белгиларини 35 ёшга келиб, юз шакли ва тери сифати ўзгара бошлаганда сезамиз. Бу аломатлар кимлардадир эрта, айримларда кечроқ пайдо бўлиши мумкин. Биологлар эса ёшга боғлиқ деградация янада аниқроқ бўладиган ва ривожланадиган учта асосий босқични ажратиб кўрсатишади.

Биринчи босқич шартли равишда 45 ёшда бошланади. Бу репродуктив функция сезиларли даражада пасаядиган ёки йўқотила бошлайдиган ёш ҳисобланади.

Кейинги муҳим босқич – 60 ёш. Унда тўқималар регенерацияси ва ҳужайралар бўлиниши сезиларли даражада секинлашади. Натижада бу даврга келиб, инсонда ўртача учта сурункали касаллик пайдо бўлиши мумкин.

Учинчи босқич 75 ёшда содир бўлади. Бу вақтда тўқималарнинг ҳужайрадан ташқари тузилмалари яроқсиз ҳолга келади ва организм ҳужайралари ҳимоя тўсиқларини йўқотади. Бу эса янги сурункали касалликларга «эшик очади».

АҚШнинг Стенфорд университети тадқиқотчилари 34, 60 ва 78 ёшда қон сифати сезиларли даражада ўзгаришини маълум қилди. Олимлар қон плазмасидаги оқсиллар (протеома) йиғиндисини ўрганиб, уларнинг концентрацияси бу ёшда кескин сакраш даражасида ўзгаради, деган хулосага келди.

Бу, организмдаги энг муҳим ўзгаришлар ва энг сезиларли қариш жараёнлари 34, 60 ва 78 ёшда содир бўлишини англатади.

Бугунги кунда қариш жараёнини секинлаштириш масаласи айниқса долзарб. ЖССТ маълумотларига кўра, аҳолининг умумий сонида 60 ва ундан катта ёшдагиларнинг сони ҳамда улуши ўсишда давом этмоқда. 2019 йилда бу ёшдагилар сони 1 млрд нафарни ташкил этган бўлса, 2030 йилга бориб, ушбу кўрсаткич 1,4 миллиард, 2050 йилда эса 2,1 миллиард кишига етди. Бу ўсиш мисли кўрилмаган суръатларда давом этмоқда ва келгуси ўн йилликларда, айниқса ривожланаётган мамлакатларда тезлашади.

Шу муносабат билан, бутун дунё олимлари ўртача умр давомийлигини ошириш учун курашиш эмас, балки ҳаётнинг фаол даврини (соғлиғини) узайтириш ва сифатли узоқ умр кўришга тобора кўпроқ эътибор қаратиш лозимлигини айтишмоқда. Шу маънода, ҳар бир инсон ўз биологик ёшини кузатиб бориши ва келажакда саломатлиги билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олиши, соғлом турмуш тарзига амал қилиши зарур.

«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти»

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech