ЖССТ: Яқин орада COVID-19нинг янада юқумли штаммлари пайдо бўлиши мумкин

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботига кўра, сўнгги ҳафталарда дунё бўйлаб COVID-19 билан касалланиш ҳолатлари орта бошлаган.

Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ўсиш динамикаси асосан Шимолий ва Жанубий Америка, Европа ҳамда Ғарбий Тинч океани минтақаси мамлакатларида қайд этиляпти. Инфекция шу кунларда Париж шаҳрида давом этаётган ёзги Олимпия ўйинларининг 40 нафар иштирокчисида ҳам аниқланган.

ЖССТ вакили Мария Ван Керховенинг огоҳлантиришича, келгусида хасталаниш кўрсаткичлари янада ортиши ва яқин орада вируснинг ҳозиргидан ҳам юқумлироқ вариантлари пайдо бўлиши хавфи мавжуд.

Бир неча ҳафта давомида SARS-CoV-2 ташхиси қўйилган беморлар сони 10 фоизга кўпайди, — дейди эксперт. — Айниқса, Европада ушбу статистика 20 фоиздан ортган. Бу — 84 мамлакатда йўлга қўйилган мониторинг тизимимиз маълумотлари. Аслида, инфекциянинг реал тарқалиш кўлами бир неча баробар кўп бўлиши мумкин.

Шундан келиб чиқиб, ЖССТ ҳукуматларни коронавирусга қарши эмлаш кампанияларини кучайтиришга чақирди. Хусусан, хавф гуруҳига мансуб аҳоли қатлами ҳар 12 ойда бир марта тегишли вакциналарни олиши тавсия этилмоқда.

Мария Ван Керховенинг хулоса қилишича, ушбу профилактик чора СOVID-19 нинг хавфли вариант ва штаммлари пайдо бўлиши хавфини сезиларли даражада камайтиради.

 «Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти»

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech