“Кўнгилли юрист” ташаббуси одамларга беғараз ҳуқуқий ёрдам беришга қаратилган

Ҳар куни юзлаб одамлар турли синовларга дуч келади. Ҳуқуқий билим етишмаслиги туфайли кимдир меросдан маҳрум бўлади, бошқаси ишдан ноҳақ бўшатилади. Яна бири уй-жойидан айрилади. Шу пайтда уларнинг ёнида бир инсон пайдо бўлади – бу юрист. Аммо, у  оддий эмас, кўнгилли юрист. У “Pro bono” асосида ишлайди.

“Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти масъул ходими Фурқат Тожиев шу ҳақда маълумот берди: 

– “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан яратилган “Кўнгилли юрист” ташаббуси – ҳақиқий ҳуқуқий жамият хизмати намунаси. Бу шунчаки бепул маслаҳат эмас, балки одамларнинг тақдирига бефарқ бўлмаган юристнинг касбий бурчини сидқидилдан адо этишидир.

Advice.uz сайтида очилган алоҳида бўлим орқали ўз билим ва малакасини фуқаролар манфаати учун бағишламоқчи бўлган юристлар тўғрисида маълумот олиш мумкин.

Бу ерда фақат маслаҳат бериш билан чекланилмайди. Бу юристлар “Мадад” ННТ томонидан ташкил этиладиган ҳуқуқий тренинглар, профилактик суҳбатларда иштирок этади. Мақолалар тайёрлаш ва жамоатчилик билан бевосита мулоқот қилиш каби кенг қамровли ишларни амалга оширади.

“Pro bono” фаолияти – барча юристлар учун фойдали. Биринчидан, у  юрист сифатида танилиб,аҳоли ўртасида обрўси ошади. Иккинчидан, касбий жиҳатдан ривожланиш учун янги соҳаларни ўрганиш имкони туғилади. Учинчидан эса, одамларга ёрдам бериш орқали унда ички қониқиш, маънавий баркамоллик ҳисси пайдо бўлади.

Дунёда “pro bono” фаолияти одатий ҳол. АҚШда кўплаб юридик компаниялар ходимларидан йилига маълум соатда бепул маслаҳат беришни талаб қилади. Буюк Британияда эса, “pro bono” фаолияти юристнинг лицензияси ва нуфузига ижобий таъсир кўрсатади. Бу – фақат ҳимоя қилиш эмас, балки жамиятда адолатни тиклашга ҳисса қўшиш.

Зотан, ҳар бир юристнинг қалбида адолат учун курашиш, адолатсизликка учраган инсоннинг ёнида туриш каби эзгу туйғу яшайди. “Кўнгилли юристлар” тизими буни фазилат сифатида юзага чиқаради. 

Н.Абдураимова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech