Зарур ҳолларда бу давлат ҳисобидан кўрсатилади
8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун
Янгиланган Конституцияга кўра, ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади. Қонунда назарда тутилган ҳолларда юридик ёрдам давлат ҳисобидан кўрсатилади.
Ҳар бир шахс жиноят процессининг ҳар қандай босқичида, шахс ушланганида эса унинг ҳаракатланиш эркинлиги ҳуқуқи амалда чекланган пайтдан эътиборан ўз танловига кўра адвокат ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Бош Қомусимизда кафолатланган ҳуқуқларни амалда таъминлаш мақсадида 2023 йил 16 июнда “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
Қонун билан давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишнинг асосий тамойиллари, ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, фуқароларнинг юридик ёрдам олишга бўлган ҳуқуқлари кафолатлари белгиланди.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олувчи шахсларнинг доираси ҳамда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиладиган ишлар рўйхатига фуқаролик ва маъмурий ишларни киритиш орқали фуқароларнинг бепул юридик ёрдам олиш имкониятлари кенгайтирилди.
Шунингдек, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этган ҳолда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни инсон омилисиз электрон тизим орқали танлаш тартиби ҳамда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестрини юритишнинг очиқ ва шаффоф механизмлари жорий этилди.
Қонун инсон ҳуқуқлари ҳимоясини янада кучайтириш, фуқароларга суд жараёнларида ишончли ҳимояланиш имкониятини яратди.
Қонунга кўра, давлат ҳисобидан юридик ёрдам – ушбу қонунда белгиланган тартиб-таомиллар ва шартларга мувофиқ тўлиқ ёки қисман давлат ҳисобидан кўрсатиладиган, жисмоний шахсларнинг ҳуқуқларини, эркинликларини ва қонуний манфаатлари ни ҳимоя қилишга қаратилган малакали юридик ёрдамдир.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестри – давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида ушбу қонунга мувофиқ шартнома тузган адвокатлар ҳақидаги маълумотлар базаси ҳисобланади.
«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими – кам таъминланган, деб эътироф этилган оилалар ва шахслар тўғрисидаги маълумотлар базасидир.
«Юридик ёрдам» ахборот тизими – тасодифий электрон тарзда танлаб олиш йўли билан жисмоний шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишга адвокатларни жалб этиш, шунингдек, қонунчиликда назарда тутилган ва давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ бўлмаган вазифаларни бажариш учун мўлжалланган махсус электрон ахборот тизимидир.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш жараёнида қонунийлик, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, шаффофлик, холислик, касбий маҳорат ва билимга эгалик, камситишга йўл қўймаслик, Адвокатнинг касб этикаси қоидаларига ва адвокат қасамёдига қатъий риоя этиш, адвокатлик сирига риоя этиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик каби принципларга амал қилинади.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам фақат Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реестрига киритилган адвокатлар томонидан кўрсатилади.
Кимлар давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга?
Бу саволга жавобан шуни айтиш керакки, кам таъминланган шахслар, агар улар фуқаролик ишлари бўйича даъвогарлар ёки жавобгарлар бўлса, маъмурий ишлар бўйича аризачилар, маъмурий қамоқ тарзидаги маъмурий жазо назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган шахслар, жиноят ишлари бўйича гумон қилинувчилар, айбланувчилар, судланувчилар, шунингдек, маҳкумлар бўлса давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиши мумкин.
Руҳий ҳолати бузилган жисмоний шахслар, уларга «Психиатрия ёрдами тўғрисида»ги қонунга мувофиқ психиатрия ёрдами кўрсатилаётганда, ўз ҳуқуқлари бузилган, «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги қонунда назарда тутилган хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги муносабати билан судга мурожаат қилган жисмоний шахслар, Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ, жиноят иши бўйича адвокат иштирок этиши шарт бўлган тақдирда, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи давлат ҳисобидан юридик ёрдам олишга ҳақли.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахслар қонунда белгиланган тартибда ва ҳолларда давлат ҳисобидан малакали юридик ёрдам олиш, давлат ҳисобидан юридик ёрдам олишни рад этиш ҳуқуқига эга.
Шунингдек, ўзларига давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилиши чоғида олинган ахборотнинг махфийлигига риоя этилишини талаб қилишга, махсус ваколатли давлат орган ходимларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилишга ҳақли.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахслар давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш учун мурожаат қилганда, ҳаққоний ва тўлиқ ахборот тақдим этиши керак.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилишига таъсир этувчи ҳолатлар тўғрисида махсус ваколатли давлат органини ўз вақтида хабардор қилиш лозим.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш учун ёлғон ёки чалғитувчи маълумотлар тақдим этган шахс, бу фактлар тасдиқланган тақдирда, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ харажатларнинг ўрни қоплаши шарт.
Жорий йил 21 ноябрда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни жалб этиш ва уларга ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори билан давлат ҳисобидан кўрсатилган юридик ёрдам учун ҳақ тўлаш миқдори ва тартиби белгиланди.
Малакали юридик ёрдам олишга бўлган кафолатлар, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишнинг шаффоф тартиби фуқароларнинг одил судловга эришиш даражаси ортишига хизмат қилади.
Норгул Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 27.11.2024
- Кўришлар: 685
- Чоп этиш