Кўришлар сони ва рейтинг учун болаларни “экспонат”га айлантириш керак эмас

Мулоҳаза

Бугунги кунда ахборот макони болалар учун яратилган контентлар билан тўлиб-тошган. Телевизор кўрсатувлари, ижтимоий тармоқлар, YouTube каналлари ва бошқа платформаларда болалар иштирокидаги кўнгилочар дастурлар кўпаймоқда. Аммо мазкур контентнинг сифати, унда амал қилинаётган журналистик асослар ва энг муҳими – болалар психологиясига ҳурмат масалалари ҳақидаги муҳокамалар ҳанузгача етарлича жиддий олиб борилмаяпти. Бу эса болалар журналистикаси соҳасида чуқур муаммолар борлиги ва танқидий таҳлилни талаб қилмоқда.

Болалар журналистикаси – алоҳида талаблар ва қадриятларга эга йўналиш. У болага мос саволлар, ҳимояланган коммуникация, мавзуларни эҳтиёткорлик билан ёритишни тақозо этади. Аммо амалда кўпчилик медиа лойиҳаларда бу талаблар бузилмоқда. Айрим журналистлар болани катталар билан тенглаштириб, айниқса оилавий сирларни ошкор этувчи саволлар беришмоқда. Бу ҳолат эса бола психикасининг шикастланиши, оилавий низолар келиб чиқиши ва бола келажаги учун ҳам камситишга ўхшаш муаммолар келтириб чиқармоқда. 

Ҳозирги кунда болаларга аталган кўп медиа лойиҳаларда кўришлар сони ва рейтинг учун журналист этикасига мос келмайдиган саволлар ҳам учраб туради. Бунда гўё қизиққон қўшни каби боланинг уйида нима вазият эканини билишга уринадиган журналистлар ҳам йўқ эмас. Ушбу “жиловсиз” саволлар шахсий ҳаётнинг маълум қисмини очиб бериши билан томошабин учун қизиқ. Аммо бу психологик ва касбий эҳтиётсизликдан бошқа нарса эмас. Тўғри, баъзи ҳолларда бу каби саволлар орқали боланинг беғуборлиги ва саволларга болаларча жавоб бериши билан қандайдир табиий муҳит сақлаб қолиш мумкин.  Бола берилган саволни бор-бўйича қабул қилади ва унга ҳеч қандай ёлғонларсиз жавоб беради. Шундай экан, аввало журналист ўз ёш ва ақлий жиҳатидан келиб чиқиб эмас, боланинг руҳиятига мос ҳолда савол танлаши мақсадга мувофиқ. Кўришлар сони ва рейтинг учун болаларни “экспонат”га айлантириш керак эмас.

Ўзбекистондаги “Ғунча”, “Гулхан” каби журналлар болалар журналистикасининг ёрқин намуналари сифатида кўзга ташланади. Улар боланинг психологик ривожланишини ҳисобга олиб, мазмун ва шакл жиҳатидан пухта ишланган. Афсуски, бугунги кунда бундай сифатли ва интеллектуал маҳсулотлар сони кўп эмас. Аксарият медиа сифат ўрнига тезлик ва оммабопликни афзал кўрмоқда. Аслида, болалар журналистикаси алоҳида катта мавзу. Унда эълон қилинадиган ҳар бир материал жиддий ёндашув талаб этади. Болаларга бағишланган лойиҳаларда соҳадан билим ва кўникмага эга бўлган журналистларнинг фаолият юритиши орқали фақатгина машҳурликка эмас, маънога ҳам ишлаган бўлар эдик. Махсус этик қоидаларни ишлаб чиқиш ва назорат қилиш орқали давлат ва нодавлат ташкилотлар томонидан чиқарилаётган ҳар бир медиамаҳсулотни назоратга олиш лозим.

Бугунги болалар журналистикаси соҳасида юзага келган ҳолатлар медиа ва жамият олдидаги жиддий синов. Болалар – жамиятнинг энг нозик ва муҳим қисми, уларга нисбатан масъулият юқори. Агар журналистика бу вазифани унутиб, кўришлар сони ва даромад учун болаларни шахсий ҳаётини ошкор қилса, келажакда бу ёш авлод руҳий муаммолар, ишончсизлик ва маданий заифликларга дуч келиши мумкин. Медиа оламида сифат ва масъулият ғояси устун бўлмаса, болалар журналистикаси фақат номида сақланиб қолади, амалда эса ўша номга лойиқ бўлмаган майдонга айланади. Шу сабабли, бугунги кун талабларига мос ҳолда журналистлар, ота-оналар, таълим муассасалари ва давлат органлари биргаликда ишлаши зарур.

Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech