Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2020 йил 11 март куни янги коронавирус - COVID-19 вирусининг эпидемия ҳолатидан, яъни бир ҳудуд чегарасидан чиқиб, сайёрамизнинг 150 дан ортиқ мамлакатига тарқалиб улгурган пандемияга айланганини эълон қилди.
Жорий йилнинг 17 март ҳолатига кўра, бутун дунёда 183 мингдан зиёд бемор қайд этилган бўлиб, уларнинг 79 мингдан ортиғи тузалиб кетган, 7 минг 175 киши вафот этган. Ўлимларнинг асосий қисми Хитой (3 минг 226 нафар), Италия (2 минг 158 нафар) ва Эрон (853 нафар) ҳиссасига тўғри келмоқда.
БМТ Бош котиби А.Гутерриш жаҳон жамоатчилигини коронавирусга қарши курашишга даъват этар экан, "пандемия бизнинг инсоният оиласи барча аъзолари ўртасида мустаҳкам ва узилмас ришталар мавжуд эканини кўрсатди" деб таъкидлади. Шу маънода, COVID-19 вируси янада кенг тарқалишининг олдини олиш инсониятнинг умумий ва якдил вазифаси экани алоҳида қайд этилди.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Мишель Бачелет 13 март кунги баёнотида "COVID-19 коронавируси тарқалишига қарши чораларни жорий этаётган ҳукуматлар бундай чораларнинг инсон ҳаётига хавф солиши мумкин бўлган салбий оқибатларини камайтириш юзасидан бир қатор қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириши" зарурлигига эътиборни қаратди. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари, шунингдек, COVID-19 вирусига чалиниш ҳоллари қайд этилган мамлакатлар ҳукуматларини тоқатсизлик ва камситиш (дискриминация) ҳолатларига қарши курашиш учун барча зарур чораларни кўришга чақирди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус 2020 йил 16 март куни COVID-19 вируси бўйича ўтказилган матбуот анжуманида шундай деди: "Олдимизда турган кунлар, ҳафталар ва ойлар бизнинг қатъиятимиз, илм-фанга нисбатан ишончимиз ва ўзаро бирдамлигимизни синовдан ўтказиш даври бўлиши тайин... Бу даврда инсоният бирдамлигининг ушбу ҳайратомуз руҳи дунё бўйлаб вирусдан кўра кенгроқ ёйилиши керак. Гарчи бир-биримиздан маълум муддатгача жисман узоқроқ бўлишимиз эҳтимоли мавжуд бўлса-да, биз шу вақтгача мисли кўрилмаган миқёсда бирлашиш имконияти олдида турибмиз".
Бугунги кунда Ўзбекистон Ҳукумати коронавирус инфекцияси мамлакатимиз ҳудудида кенг тарқалмаслиги учун барча зарур чораларни кўрмоқда. Юртимизда 2020 йил 15 март куни Бош вазир А.Арипов раҳбарлигидаги Республика коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича махсус комиссияси томонидан белгиланган аниқ чора-тадбирлар изчиллик билан амалга оширилмоқда.
Хусусан, телевидение, радио, Интернет, ижтимоий тармоқлар, мобил алоқа операторлари ва бошқа шу каби илғор оммавий ахборот воситаларини жалб этган ҳолда, аҳоли ўртасида самарали санитария-тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Бунда коронавирус инфекцияси тарқалишига олиб келадиган сабаблар ва шароитлар, шунингдек, унинг олдини олиш чоралари ҳақида фуқароларга атрофлича тушунтириш берилмоқда.
Инсоннинг яшаш, соғлигини сақлаш ва ахборот олиш ҳуқуқларини таъминлаш бўйича қонунчилик талаблари доирасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Вирусга қарши курашишнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларга таъсирини юмшатиш бўйича аниқ вазифалар бажарилмоқда.
Жумладан, 16 мартдан эътиборан ягона фавқулодда алоқа тизими (1003 рақамда) ишга туширилди. Шунингдек, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигига қуйидаги рақам бўйича мурожаат қилиш мумкин: 71−276−49−66.
Айни чоғда, ижтимоий тармоқларда коронавирус инфекциясига чалинган кишиларнинг шахсий маълумотларига доир ахборотлар ҳам тарқалгани кузатилмоқда. Ваҳоланки, «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги қонуннинг 24-моддасига мувофиқ, бемор «тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилганлиги, соғлиғининг ҳолати, қўйилган ташхис тўғрисидаги маълумотлар ҳамда уни текшириш ва даволаш чоғида олинган бошқа маълумотлар сир сақланиши» ҳуқуқига эга.
Шу муносабат билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг қуйидаги чақириқларига кенг жамоатчилик эътиборини қаратади:
- COVID-19 вируси тарқалишига доир вазият ва ундан ҳимояланиш чоралари бўйича маълумотлардан фойдаланишда ишончли ахборот манбаларига таяниш;
- ўзаро ғамхўрлик кўрсатиш ва бирдамликни намойиш этиш, яқинлар ва қариндош-уруғлар билан доимий мулоқотда бўлиш;
- пандемияга қарши курашнинг бошида турган тиббиёт ходимларининг шу кунлардаги фидойи хизматларини ёдда тутиш;
- инфекцияга чалинганларга нисбатан, масалан, «коронавирус қурбонлари» каби ҳар хил «атамалар»ни қўллашдан тийилиш;
- инсонийликни намоён этиш: бинобарин, коронавирус қандайдир миллат ёки ирққа мансуб касаллик эмас; ушбу инфекцияга чалинганлар сизга ҳеч қандай ёмонликни раво кўрмайди – улар мададимиз ва ҳамдардлигимизга лойиқдирлар.
COVID-19 вируси – жамиятимизнинг жипслигини синайдиган ўзига хос имтиҳондир. Бинобарин, ҳар биримиз коронавируснинг тарқалишига қарши биргаликда аҳиллик билан курашиш асносида ушбу синовдан муваффақиятли ўтишни ўрганамиз ва зарур кўникмалар ҳосил қиламиз.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 17.03.2020
- Кўришлар: 4381
- Чоп этиш