Криминология институти: маҳкумлар учун электрон браслет ишлаб чиқариш чоралари кўрилмоқда

Жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга сабаб бўлаётган омилларни барвақт аниқлаш ҳамда келажакда пайдо бўлиши мумкин бўлган янги турдаги жиноятларни прогноз қилиш, уларга қарши курашишнинг самарали усулларини ишлаб чиқиш криминология соҳаси олдида турган асосий вазифалардан биридир.

Шу йўналишда амалга оширилаётган ишлар ҳақида Криминология тадқиқот институти бошлиғи полковник, юридик фанлар доктори Бахтиёр Бердиалиев маълумот берди:  

– Мамлакатимизда жиноятчиликнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш борасида ички ишлар органлар самарали фаолият юритмоқда. Фуқароларга ўз вақтида ва сифатли хизмат кўрсатиш учун ички ишлар органларининг жойлардаги тузилмалари 85 фоизи бевосита аҳолига яқин жойларда хизмат олиб бормоқда.    

Аҳоли осойишталигини таъминлаш, жиноятчиликни жиловлаш борасида қилинаётган ислоҳотлар ўзининг ижобий натижасини бермоқда. Айни пайтда Ўзбекистон дунёдаги энг хавфсиз давлатлардан бири ҳисобланади.  

Макон ва чегара билмас айрим турдаги жиноятлар оммалашиб, ҳудудий жиҳатдан ўзаро алоқадор бўлмаса-да, уларнинг салмоғи, тузилиши, демографиясига оид умумий аломатлар мавжуд. Шуни инобатга олган ҳолда, давлатимиз раҳбарининг фармони билан Ўзбекистон Республикаси Криминология институти ташкил этилиб, унинг фундаментал вазифалари белгилаб берилди.  

Ҳозирги вақтда институтнинг ташкилий-штат тузилмаси шакллантирилди. Жиноятчилик тенденцияларини тадқиқ қилиш маркази, Жиноятчилик омилларини тадқиқ қилиш маркази, Корея криминологиясини тадқиқ қилиш офиси, Германия криминологиясини тадқиқ қилиш офиси, ташкилий бўлим, кадрлар гуруҳи, илмий фаолиятга рақамли ва ахборот технологияларини жорий этиш гуруҳи, молия ва моддий-техника таъминоти бўлими, таҳририй-ноширлик маркази, ахборот-ресурс маркази, илмий-ишлаб чиқариш лабораторияси иш бошлади.  

“Ички ишлар органларида илмий фаолиятни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом” тасдиқланди. Институт ҳузурида юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини берувчи илмий кенгаш тузилди.    

Институтнинг халқаро ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. Айни пайтда Туркия, Германия, Корея, Венгрия каби давлатлардаги шундай тузилмалар билан ҳамкорлик ўрнатилди.    

Республика ҳудудида халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар билан ҳамкорликда бир қатор криминологик тадқиқотлар ўтказилиши йўлга қўйилди.  

Хусусан, Хитой тажрибаси асосида “Ўзбекистонда пробация хизматида криминологик профайлинг технологияси”, Корея тажрибаси асосида “Наманган вилоятида ўзгалар мулкини талон-торож қилиш жиноятларини фош этиш, тергов қилиш, уларнинг салбий тенденциялари ва омилларини бартараф этиш методикаси”, “Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани “Навбаҳор” маҳалласи мисолида ижтимоий профилактикани қўллаш методикаси”, “Тошкент шаҳрида безорилик жиноятларининг салбий тенденциялари ва омилларини бартараф этиш методикаси”, Туркия тажрибаси асосида “Манзил колонияларда эркин ҳаракатланадиган ва атрофи очиқ жойларда фойдали меҳнатга жалб этилган маҳкумларни масофавий назорат қилиш тизими”, “Қасддан баданга оғир шикаст етказиш ва Навоий вилояти жиноятчилигини тадқиқ қилиш” каби илмий-амалий тадқиқот лойиҳалари ишлаб чиқилди. Ишчи гуруҳлар шакллантирилиб, тадқиқот фаолияти йўлга қўйилди.  

Институт ходимлари таркибининг 86 фоизи, хизматчилар таркибининг 52 фоизи малакали кадрлар билан тўлдирилди.  

Криминология институтида бажарилган илмий-тадқиқот лойиҳаси натижасида уй қамоғи эҳтиёт чораси ва озодликни чеклаш жазоси тайинланган шахсларни масофавий назорат қилишга мўлжалланган методика, электрон браслет қурилмаси ва дастурий таъминот ишлаб чиқилиб, интеллектуал мулк объекти ҳужжатини олиш, электрон браслетни ишлаб чиқариш ва тижоратлаштириш бўйича комплекс чоралар амалга оширилмоқда.  

Криминология тадқиқот институтининг Криминология, илмий даражалар берувчи ва институт кенгашлари низомлари ишлаб чиқилди, тасдиқдан ўтказилди.  

Халқаро экспертлар кенгаши низоми тайёрланиб, унинг таркибига хорижий криминолог мутахассис олимлар жалб этиш бўйича рўйхат шакллантирилмоқда.  

Н.Абдураимова,

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech