Янги Ўзбекистон – хорижликлар нигоҳида

Сингапур Президенти Ҳалима Яқуб: халқаро ҳамкорлик кўпгина умумбашарий муаммоларнинг ҳал қилинишида муҳим ҳаётий аҳамият касб этади 

Ташрифим муносабати билан Сингапур бизнес делегацияси Тошкентда бўлиб турганидан мамнунман. Мен улар билан Ўзбекистон — Сингапур бизнес форумида учрашишни интиқлик билан кутмоқдаман.

Шу кунларда Сингапур Республикаси Президенти Ҳалима Яқуб давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлиб турибди. Сингапур раҳбари ташриф арафасида “Дунё” ахборот агентлигининг саволларига бажонидил жавоб берар экан, замонавий дунё жараёнлари, шунингдек, Ўзбекистон ва Сингапур ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболларига доир фикрлари билан ўртоқлашди.

— Президент Хоним Олиялари, Сингапур Осиё ва Тинч океани минтақасининг иқтисодий маркази ҳисобланади. Бир неча йиллар давомида мамлакат дунёдаги энг йирик ва энг ривожланган иқтисодиётлардан бири бўлиб келмоқда. Бўлажак давлат ташрифи муносабати билан мамлакатингизнинг жадал равнақ топиши феномени, хусусан, бунга бошқа давлатлар билан халқаро ҳамкорлик қандай ҳисса қўшаётгани ҳақидаги фикрларингизни билишни истар эдик...

— Сингапур ривожланиши тарихи тасодифий эмас, балки у қатор омиллар натижасида, шу жумладан, мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида кашшоф авлоднинг машаққатли меҳнати ва жаноб Ли Куан Юнинг моҳирона раҳбарлиги остида асосчи оталаримизнинг узоқни кўзлаб юритган сиёсати натижасида равнақ топди.

Тошкент шаҳридан икки бараваргина катталикдаги ва табиий ресурсларга эга бўлмаган мўъжаз шаҳар-давлатда халқимиз учун иш ўринларини яратиш учун инсон капитали ва ҳаётбахш иқтисодиётни ривожлантиришга катта маблағ сарфлашга мажбур бўлган эдик.

Биз очиқ иқтисодиётга кўмаклашиш ва хорижий компанияларни Сингапурга сармоя киритишга таклиф қилиш асносида ўзимизнинг Жануби-Шарқий Осиёдаги стратегик ўрнимиздан фойдаландик. Биз эзгу бошқарувни, қонун устуворлиги, меритократия ва ҳалоллик тамойилларини ўзимизга дастурул амал қилиб олдик.

Узоқ муддатли режалаштириш ва сиёсий барқарорлик бизнинг айрим муваффақиятимизнинг энг асосий сабаблари сирасига киради. Мустақилликка эришганимиздан бошлабоқ биз дунёда рақобатбардош бўлишимиз учун инглиз тилини ишчи тилимизга айлантиришга қарор қилдик, чунки инглиз тили глобал бизнес ва савдо тили эди. Бу, шунингдек, ирқи ва маданий келиб чиқишидан қатъи назар, барча сингапурликлар учун умумий мулоқот тилини тақдим этди. Шу билан бирга, бизнинг икки тилли сиёсатимиз халқимизнинг маданий ўзига хослигини сақлаб қолишда давом этишини таъминламоқда.

Ялпи ички маҳсулотидан (ЯИМ) уч баробар кўп бўлган савдо ҳажмига эга кичик шаҳар-давлат сифатида Сингапурнинг очиқ ва ташқи дунёга йўналтирилган мамлакат ҳолида қолиши ҳамда имкон қадар кўпроқ давлатлар ва шериклар билан яхши муносабат ўрнатиши муҳимдир. Сингапур каби кичик давлатларга алоқадор бўлган иқлим ўзгариши ва пандемияга тайёрлик таъминланиши сингари кўпгина глобал муаммоларнинг ҳал қилиниши нуқтаи назаридан халқаро ҳамкорлик муҳим ҳаётий аҳамият касб этади. 1992 йилда Сингапур бошқа ривожланаётган мамлакатлар билан тараққиёт тажрибаларини алмашиш ва уларга бир-биридан ўрганиш имкониятини бериш учун Сингапур ҳамкорлик дастурини (СҲД) таъсис этди.

Бу дастур инсон ресурсларини ривожлантириш давлат қурилишининг калити эканига бўлган ишонч устига қурилган эди. Ўшандан бери 150 минг нафар хорижий ҳукуматлар амалдорлари СҲД доирасида амалга оширилган турли-туман салоҳиятни ошириш дастурларидан фойдаланишди. Ўтган йили Сингапур ҳамкорлик дастури ўзининг 30 йиллигини нишонлади ва мен Ўзбекистон расмийларининг ушбу дастурда янада кўпроқ иштирок этишларини олқишлайман.

— Президентимиз Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийлари ўзининг Сингапурга давлат ташрифи чоғида Ўзбекистон — Сингапур ҳамкорлигининг олтита устувор йўналишини белгилаб берди. Шу нуқтаи назардан, Сингапур Ўзбекистон билан ҳамкорлик истиқболларига қандай қарайди ва бу йўналишда Сизнинг устуворликларингиз нималардан иборат?

— 2023 йил январь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни қабул қилиш шарафига муяссар бўлдим. Бу унинг Сингапурга биринчи ташрифи эди. У қисқа муддатли ташриф бўлишига қарамасдан, самарали кечганидан мамнунман. Сингапур Ўзбекистон билан самимий ва узоқ йиллик муносабатларни қадрлайди.

Шу боис, Сингапур Президенти сифатида Ўзбекистонга илк давлат ташрифим мен учун катта шарафдир.

Ўзбекистон Президентининг Сингапурга ташрифи чоғида ривожланиш соҳасидаги тажрибамизни ўртоқлашганимиздан хурсанд бўлдик. Ташрифим давомида Тошкентдаги Давлат бошқаруви академиясига бораман, ҳозир мазкур академияда Ли Куан Ю номидаги Сингапур давлат сиёсати мактаби ва Фуқаролик хизмати коллежи билан раҳбарлик ва бошқарув бўйича дастурларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинмоқда. Умид қиламанки, масъул амалдорларга ушбу тренинг фойдали бўлади ва уларга ҳозирги ҳамда келажакдаги муаммоларни ҳал қилиш учун зарур бўлган билим ва кўникмаларни эгаллашларига кўмаклашади.

Биз Президент Шавкат Мирзиёев билан мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш йўлларини ҳам муҳокама қилдик.

Ташрифим муносабати билан Сингапур бизнес делегацияси Тошкентда бўлиб турганидан мамнунман. Мен улар билан Ўзбекистон — Сингапур бизнес форумида учрашишни интиқлик билан кутмоқдаман. Бу уларга Ўзбекистон ҳукумати сиёсатини яхши тушуниш ҳамда мамлакатингиз ва, умуман, бутун Марказий Осиё имкониятларини ўрганиш учун қулай имконият яратади.

Умумий режалаштириш, логистика, рақамли алоқа, таълим ва салоҳиятни ошириш каби турли соҳаларда Сингапурнинг бир қатор компаниялари Ўзбекистонда фаолият юритиб келмоқда.

Мен ҳам, шунингдек, ўзбек компанияларини Сингапур ва Жануби-Шарқий Осиёдаги имкониятларни кўпроқ ўрганишга чақираман. Сингапур ўзбек компанияларига АСЕАН минтақасини жалб этиш учун яхши базага айланиши мумкин, чунки биз бизнес ва транспорт маркази ҳисобланамиз.

— Ўзбекистон замини қадим ва бой тарихга эга. Асрлар давомида турли дин ва миллат вакиллари ёнма-ён яшаб, ўз маданияти ва меросини асраб-авайлаб келишмоқда. Сингапур ва Ўзбекистон географик жиҳатдан бир-биридан узоқда жойлашган бўлишига қарамасдан, шубҳасиз, мамлакатларимиз халқлари ўртасидаги маданиятлараро мулоқот изчил ривожланиб бормоқда. Марҳамат қилиб, ҳамкорлигимизни муваффақиятли ривожлантиришда маданий-гуманитар ҳамкорликнинг аҳамияти ҳақидаги фикрларингизни ўртоқлашсангиз...

— Маданий ҳамкорлигимиз, албатта, мамлакатларимиз бундан кейин ҳам ўрганиши керак бўлган соҳа ҳисобланади. Ўзбекистон бой тарих ва бой маданиятга эга. Ўзбекистонни Сингапурда ўзининг тарихий осори атиқаларини намойиш этишга ва Ипак йўли тарихини ўртоқлашишга таклиф этаман. Бу сингапурликларни ҳам, Сингапурга келадиган сайёҳларни ҳам қизиқтиради.

Мамлакатларимиз турли миллатли ва кўп конфессияли жамиятларга эга.

Бизларнинг барчамиз динлараро мулоқот ва бир-бирини ўзаро тушуниш ривожланишидан манфаатдормиз.

Президент Шавкат Мирзиёев бу соҳада ниҳоятда собитқадам эканини биламан. Мен динлараро ва кўп маданиятли мулоқотни ривожлантириш мақсадида илгари сурган ташаббусим билан ўтказиладиган Ҳамжиҳат жамият бўйича халқаро конференцияда қатнашиш учун Ўзбекистон вакилларини таклиф қилишни истар эдим. Мазкур конференция Сингапурда 2019 ва 2022 йилларда бўлиб ўтди. Ҳамжиҳат жамият бўйича халқаро конференция бундан кейин ҳам бизларни бирлаштирадиган жиҳатлар ажратиб турадиган жиҳатлардан кўпроқ эканлигини тушуниш учун эътиқоди ва келиб чиқиши турлича бўлган одамларни бирлаштириш нуқтаи назаридан фойдали платформа б ўлиб қолишига умид қиламан.

Мен мусулмон сифатида шахсан Самарқанддаги Имом ал-Бухорий мақбарасини зиёрат қилишни ва уни таъмирлаш лойиҳаси билан танишишни интиқлик билан кутаётирман. Имом ал-Бухорий машҳур аллома ва муқаддас Қуръони каримдан кейин турадиган Ислом илоҳиёти ва амалиётининг муҳим манбаи — Пайғамбаримиз ҳадисларини жамлаган буюк муҳаддисдир. Ҳадислар динлар ўртасидаги мулоқотни рағбатлантиришнинг муҳим воситаси бўлиб хизмат қилиши мумкин, чунки ҳадисларда бошқа динларга нисбатан бағрикенгликнинг муҳимлиги таъкидланган. Уларда, шунингдек, бошқа динларга мансуб халқларга оқкўнгиллик ва ҳурмат билан муносабатда бўлишга катта эътибор берилган, диний турфа хилликка аҳамият қаратилган.

“Дунё” АА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech