ЯНГИЛАНГАН КОНСТИТУЦИЯ ВА ЁШЛАР

30 июнь – Ёшлар куни

 

“Фарзандларимиз Янги Ўзбекистон бунёдкорлари сифатида майдонга чиқаётган бугунги кунда Конституциямизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўла таъминлаш мақсадида ёшлар соҳасидаги давлат сиёсати, ўғил-қизларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи, уларнинг ҳуқуқ ва бурчлари конституциявий даражада ўз аксини топиши керак”.

Бу фикрлар – халқимизнинг амри ва хоҳиш-истакларига, тез суръатга эга демократик ўзгаришлар эҳтиёжларига асосланган ҳолда, Ўзбекистон Президенти конституциявий ислоҳотларнинг бошидаёқ белгилаб берган айни соҳадаги ўзгаришларнинг 9 та устувор йўналишидан бирига тааллуқли.

Ўз навбатида, “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” китобида: Амалдаги Конституциямизда ёшлар ҳуқуқлари ва ёшлар сиёсати ҳақида бирорта ҳам сўз йўқлиги албатта адолатдан эмас. Келажак авлод ҳақида ғамхўрлик дунёнинг бир қатор давлатларининг конституциялари ва халқаро шартномаларда асосий ҳуқуқий норма сифатида мустаҳкамланган. Бир сўз билан айтганда, мамлакатимиз Конституциясига келажак авлод ҳақида алоҳида боб киритиш зарур”, деган фикрлар таъкидланган ҳамда бу борадаги ҳаётий талаблар кун тартибига қўйилди.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига қараганда, 2023 йил 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 14-30 ёшгача бўлган ёшлар сони 9 миллион 654 минг 351 кишини ташкил этиб, жами аҳолининг 26,8 фоизига тенг келмоқда.  

Яъни, мамлакатимиз бошқа соҳалар қатори нуфус жиҳатидан ҳам катта давлатга айланмоқда. Юртимиз аҳолиси 2040 йилга бориб 50 миллионга етиши, жамиятнинг ярмидан кўпини ёшлар ташкил қилиши кутилмоқда.

Ёшларимизга муносиб ҳаёт шароити яратиш учун эса барқарор иқтисодиёт, хавфсиз давлат, самарали бошқарув, ижтимоий кафолатлар бўлиши лозим. Шу маънода, айни масаланинг ечими ҳам мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор – Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституциясини қабул қилишни тақозо этди.

Умумхалқ референдумида янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямизда бу ғоя, тамойил ва талаблар қай даражада ўз аксини топди?

Ушбу саволга жавоб беришда, аввало, Асосий қонунимизнинг алоҳида боби – ХIV боб “Оила, болалар ва ёшлар” деб номланганига ҳамда ундан ёшларга оид қатор нормалар ўрин олганига эътибор қаратиш даркор. Бундай янгича ёндашув, шубҳасиз, Янги Ўзбекистонда ёшлар сиёсати устувор эканлигидан яққол далолатдир.

Янги таҳрирдаги Конституцияда давлат томонидан ёшлар ҳуқуқлари ҳимояланиши ва уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштироки рағбатлантирилиши кафолатлаб қўйилди. Конституциямизнинг 79-моддаси биринчи бандида қайд этилганидек: “Давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик  ҳуқуқлари  ҳимоя  қилинишини  таъминлайди,  уларнинг  жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантиради”.

Бош қомусимизда, шунингдек, давлат ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлик, халқнинг бой маданий меросидан фахрланиш, ватанпарварлик туйғулари шаклланишига ғамхўрлик қилиши белгиланди. Бу ҳақда Конституциянинг 78-моддаси тўртинчи бандида шундай дейилган: “Давлат ва жамият болаларда ҳамда ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқликни,  мамлакатидан ҳамда халқнинг бой маданий меросидан фахрланишни, ватанпарварлик ва Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат туйғуларини шакллантириш тўғрисида ғамхўрлик қилади”.

Яна бир муҳим янгилик: ёшларнинг таълим олиши, ижтимоий ва тиббий ҳимояси, уй-жойли бўлиши, бандлиги учун шарт-шароитлар яратиш – давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида Асосий қонунга киритилди. Конституциянинг 79-моддаси иккинчи бандига кўра: “Давлат ёшларнинг интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади”.

Шу ўринда янги таҳрирдаги Конституциядан илк маротаба узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожини таъминлаш давлатнинг вазифаси этиб белгиланганини таъкидлаш мақсадга мувофиқдир. Таълимга оид нормалар 50,51 ва 52-моддаларда ўз аксини топди.    

Бундан ташқари, янги таҳрирдаги Конституциянинг 53-моддаси биринчи бандида: “Ҳар кимга илмий, техникавий ва бадиий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан  фойдаланиш  ҳуқуқи  кафолатланади.  Интеллектуал  мулк қонун билан муҳофаза қилинади”, деб таъкидланган. Зеро, интеллектуал салоҳиятини юқори, дунёқараши кенг, мустақил фикрлайдиган авлодни вояга етказиш ва тарбиялаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидандир.

Хулоса қилиб айтганда, янги таҳрирдаги Конституциямизда давлат ёшларга ғамхўрлик масалаасида ўз зиммасига ғоят муҳим мажбуриятларни олгани алоҳида диққатни тортади. Энг асосийси, мазкур конституциявий нормалар нафақат Ўзбекистон ёшлари манфаати, балки бутун жамиятимиз ва мамлакатимизнинг келгуси тақдири учун ниҳоятда аҳамиятлидир.

Шундай экан, навқирон авлодимиз вакиллари томонидан янги таҳрирдаги Конституциямиз «Ёшлар Конституцияси» дея эътироф этилаётгани бежиз эмас.  

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech