24 октябрь – БМТ ташкил топган кун
Сайёрамизнинг энг глобал тузилмаси – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, таъбир жоиз бўлса, роппа-роса 78 ёшга тўлди. Ушбу нуфузли халқаро ташкилотга айнан 1945 йилда асос солингани бежиз эмас. Бинобарин, унинг таъсис этилиши Иккинчи жаҳон уруши даврида содир этилган ваҳшийликларга муносиб жавобдир.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти – халқаро ҳамжамиятнинг жамоавий саъй-ҳаракатлари самараси бўлиб, бунда инсоният даҳшатли урушнинг такрорланишига йўл қўймайди, деган ишончдан келиб чиқилган. Шу маънода, БМТ ер юзида тинчлик ва хавфсизлик, хотиржамлик ва осойишталик, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва барқарор тараққиётни таъминлаш йўлида аъзо давлатлар саъй-ҳаракатларини бирлаштириш учун хизмат қиладиган универсал халқаро тузилма ҳисобланади.
БМТнинг вазифалари ва фаолият йўналишлари 1945 йил 26 июнда Сан-Францискода 50 та мамлакат томонидан тасдиқланган БМТ Низомида баён этилган мақсад ва принциплар негизида белгиланади. 1954 йил 24 октябрда кучга кирган ушбу ҳужжатда Ташкилот тузилмаси ва низо ҳамда тажовузларга ечим топишнинг асосий принциплари мустаҳкамланган.
Бу муҳим сана 1948 йилдан буён бутун дунёда БМТ ташкил топган кун сифатида кенг нишонланади. Шуниси эътиборга сазоворки, БМТ Низоми инсон ҳуқуқлари ҳимоясига қаратилган ва глобал миқёсда қўллаб-қувватланган илк ҳужжатдир. Унинг қоидалари орадан уч йил ўтиб, 1948 йилда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида ўз аксини топган.
БМТ Низомида Ташкилотнинг тўртта асосий вазифаси, яъни:
биринчидан, халқаро тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга кўмаклашиш;
иккинчидан, миллатлар ўртасида дўстона алоқаларни ривожлантириш;
учинчидан, халқаро муаммоларни ҳал этиш ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишни рағбатлантириш;
тўртинчидан, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ушбу умумий мақсадларга эришишда миллатларнинг саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш вазифалари белгилаб қўйилган.
БМТ Низоми асосида илк бора Иккинчи жаҳон уруши оқибатида ачинарли аҳволга келиб қолган Европа ҳудудида яшовчи халқларга гуманитар ёрдам кўрсатилиб, кўҳна қитъани қайта қуришга катта ҳисса қўшилган. Кейинги даврда фалокат ва табиий офатлар оқибатида азият чекадиган аҳолига гуманитар ёрдамни етказиб бериш билан боғлиқ ишларни амалга оширишга алоҳида мамлакатнинг ўзи ожизлик қилган ҳолларда бундай ишлар БМТга топширилиши анъанага айланди.
БМТ таркибида 6 та бош орган мавжуд бўлиб, бештаси – Бош Ассамблея, Хавфсизлик Кенгаши, Иқтисодий ва ижтимоий Кенгаш, Васийлик Кенгаши ва Котибият Нью-Йоркдаги марказий қароргоҳда, Халқаро суд эса Гаага шаҳрида фаолият юритади.
БМТ бутунжаҳон ҳукумати эмас, яъни қонунлар қабул қилмайди. Бироқ, халқаро можароларни бартараф этиш ва ер юзи аҳолиси учун дахлдор масалаларни ҳал этиш сиёсатини ишлаб чиқишга ёрдам бера оладиган маблағга эга. БМТга катта-кичик, бой-камбағал, турли сиёсий қараш ва тузумга эга давлатлар аъзо бўлиб, уларнинг барчаси овоз бериш ва овоз беришда иштирок этиш ҳуқуқига эга.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳозирги вақтда 193 давлатни бирлаштирган. БМТ ўз аъзоларининг суверен тенглигига асосланади. БМТ давлатларнинг ички ишларига аралашмайди. Унинг Низомида қайд этилган барча мажбуриятларни зиммасига оладиган давлатлар БМТга аъзо бўла олади. Янги аъзолар БМТ Хавфсизлик Кенгаши тавсиясига мувофиқ, БМТ Бош Ассамблеяси қарори билан қабул қилинади. БМТ аъзолари халқаро низоларни тинч йўл билан ҳал этишлари лозим.
Ўзбекистон 1992 йил 2 мартда БМТга аъзо бўлган. Шу кундан эътиборан БМТ бош қароргоҳида давлатимиз байроғи ҳилпирай бошлади. 1993 йил 24 октябрда Тошкентда БМТ ваколатхонаси очилди. Ўз навбатида, Ўзбекистоннинг БМТ ҳузуридаги доимий ваколатхоналари Нью-Йорк (АҚШ), Женева (Швейцария) шаҳарларидаги БМТ бўлимлари ҳузурида, бошқа халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхонамиз Вена шаҳридаги (Австрия) БМТ бўлимида фаолият кўрсатмоқда.
Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаган асосий халқаро ташкилот билан ҳамкорликка катта аҳамият қаратади. Давлатимиз БМТ Низоми, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа асосий халқаро шартномалардаги мақсад ва принципларга содиқ бўлиб, ўз зиммасига олган мажбуриятларни оғишмай бажариб келмоқда.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда БМТнинг ўндан ортиқ дастурлари, жамғармалари ва агентликлари, жумладан, БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД), Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА), Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ), Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ), Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО), Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси, ОИВ/ОИТС бўйича бирлашган дастури, Гендер тенглиги ҳамда аёллар ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш масалалари бўйича тузилмаси, Марказий Осиёда Превентив дипломатия минтақавий маркази, Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ), БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти каби ихтисослашган муассасалари фаолият олиб бормоқда.
Мамлакатимиз БМТнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида нуфузли халқаро ташкилотнинг мақсад ва қоидаларига қатъий амал қилиб келади. Шу билан бирга, ўз овози ва мавқеига эга давлат сифатида БМТ фаолиятига дахлдор муҳим ва долзарб ташаббусларни илгари сурмоқда.
Ўзбекистоннинг БМТ билан ҳамкорлиги сўнгги йилларда мутлақо янги босқичга кўтарилди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг кейинги даврда БМT Бош Ассамблеяси ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши сессияларида фаол иштирок этгани ва ўзбек тилида нутқ сўзлагани бу фикримизни яққол тасдиқлайди.
Қолаверса, ўтган қисқа даврда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, мажбурий меҳнатни бартараф этиш каби умуминсоний қадриятларга хизмат қилувчи масалаларда улкан натижаларга эришилди. Бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар БМТ тамойилларига уйғун ва ёндош халқаро ташкилотлар билан амалий ҳамкорликда олиб борилмоқда.
Бунга биргина мисол: куни кеча пойтахтимизда «Ёшлар ҳуқуқлари: имкониятлар ва ҳимоя қилиш механизмлари» мавзусида халқаро форум бўлиб ўтди. Форумнинг дунё ҳамжамияти томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти куни деб эълон қилинган тарихий сана арафасида ўтказилганида ўзига хос рамзий маъно бор. Яъни, Тошкент халқаро форуми Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллиги ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Вена бутунжаҳон конференциясининг 30 йиллигига бағишланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 12 майдаги Фармони билан тасдиқланган “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури”да айни мавзуда халқаро форум ўтказиш кўзда тутилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Бу – давлатимиз раҳбари сўнгги йилларда БМТ минбаридан ёшлар масаласи бўйича илгари сурган 20 дан ортиқ миллий, минтақавий ва халқаро ташаббуслардан биридир.
Бугунги мураккаб даврда – қуролли низолар кўлами мисли кўрилмаган даражада кенгайиб, халқаро тинчлик ва барқарорликка таҳдид тобора кучайиб бораётган шароитда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг роли ҳамда масъулияти янада ортмоқда. Бинобарин, Президент Шавкат Мирзиёев қайд этганидек, “1945 йилда ташкил этилганидан буён БМТ халқаро миқёсда тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, барқарор ривожланишни таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришда марказий мувофиқлаштирувчи роль ўйнайдиган чинакам универсал халқаро тузилмага айланди”.
Мухтасар айтганда, Ўзбекистон ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳамкорлиги изчил давом этади. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида мамлакатимиз дунёнинг барча мамлакатлари билан манфаатли ҳамкорлик қилишга ва БМТ ҳамда унинг институтлари билан амалий мулоқотга ҳамиша тайёрлиги яна бир бор ўз тасдиғини топган.
Ўзбекистон БМТни замонавий талаблар асосида ислоҳ қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаб келмоқда. Янги ташаббуслар ва қўшма лойиҳаларни илгари суриш мақсадида Ўзбекистон томонидан БМТ билан ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган “Йўл харитаси” изчил амалга оширилмоқда. Ушбу ҳужжатдаги вазифалар тўлиқ рўёбга чиқарилиши мамлакатимизнинг БМТ билан муносабатларини янада юқори босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Ғулом МИРЗО
- Қўшилди: 24.10.2023
- Кўришлар: 5826
- Чоп этиш